АсосийSUG'DIYONA

БОЛАЛАРНИ БУРЖИГА ҚАРАБ МАКТАБГА МОСЛАШТИРАМИЗ

'БОЛАЛАРНИ БУРЖИГА ҚАРАБ МАКТАБГА МОСЛАШТИРАМИЗ'ning rasmi

Энг узоқ давом этган таътил ҳам ўз ниҳоясига етди. Энди кичкинтойингизнинг мактабдаги ҳаёти қандай кечади? Ўқиш унга хурсандчилик олиб келадими? Сентябрда ота-оналар нималарга эътибор қаратишлари лозимлиги ҳақида болаларга аталган қуйидаги мунажжимлар башоратидан билиб оласиз.

Қўй

Биринчи чоракда фарзандингизга ҳар доим бир хил вақтда китоб ўқишни, онгни чархлайдиган кўрсатувларни томоша қилишни, уйқуга ётишни ўргатинг. Спорт билан шуғуллансин.

Бузоқ

Бу бурждаги бола ўз олдига аниқ мақсад қўя олади. Аммо биргина «лекин»и бор. Бузоқлар қайсар бўлишади. Шошилмаслик уларнинг шиорлари. Сабрли бўлинг, нима учун бола мактабга бориши шартлигини, нима учун ўқитувчининг гапига қулоқ солиши кераклигини босиқлик билан обдон тушунтиринг.

Эгизаклар

Меркурий – энг ҳаракатчан сайёралардан бири бўлганлиги сабаб, бу буржда таваллуд топган болалар ота-оналарига ҳақиқий бошоғриқ бўладилар. Дарсда тез чалғийдилар, бор овозда гаплашадилар, партадоши айтган ҳар қандай ҳазил гапга овозини баралла қўйиб хохолайдилар. Аммо зеҳни ўткир бўлади.

Қисқичбақа

Таъсирчан ва тез хафа бўлади. У ўзини хафа қилган одамни кечирмайди. Қолаверса, жамоада ўзини кўрсатиш қобилияти ҳам йўқ ҳисоб. Шу боис ота-оналар қисқичбақа буржида таваллуд топган фарзандларини мактабга олиб боришдан аввал руҳшуносга кўрсатишлари керак.

Арслон

Арслон, бу – митти қирол. У буйруқ беришни, ўзгаларни, шу жумладан, катталарни ҳам бўйсундиришни ёқтиради. Шу боис мактабда муаммолардан холи бўлади, деб ўйлаш нотўғри. Бугун бир одам етакчи бўлса, эртага унинг ўрнини бошқаси эгаллаши мумкинлигини тўғри тушунтиринг. Арслон мақтовни ёқтиради, демак, шеър ёд оладими, чиройли ёзадими, хуллас мақтовга арзигулик иш қилса, албатта мақтанг.

Сунбула

Уни танқид қилманг, босим ўтказманг, камчиликлари устидан кулманг. Сумбула ҳамма нарсада ота-онасидан ўрнак олади. Фарзандингизнинг таълим олишида муаммолар бўлишини истамасангиз, ўзингиз кўпроқ китоб ўқинг, кўргазма ва музейларга боринг.

Тарози

Тарози буржида туғилган болани кескин жазолаш мумкин эмас, бу ҳаракат уни жазавага солиб қўйиши мумкин. Тарозиларнинг кайфияти кескин ўзгариб туради. Шу боис мактабга қадам қўйган боланинг асаб тизимини тартибга келтиришга ҳаракат қилинг: у билан қувноқ ўйинларни ўйнанг, шовқин-суронли жойларга борманг. Уни бир вақтда уйқуга ётиб-туришга ўргатинг. Оқшом эртак сўзлаб беришни унутманг.

Чаён

Табиатан курашувчан. Кимдир устидан ҳукмронлик қилишига йўл қўймайди. Агар уни бўйсундиришга уринишса, акс натижа кўрсатиб, у одамови бўлиб қолади. Чаённинг тарбиялаш жуда оғир, у ўзи билан худди тенгдошдек, муомала билан гаплашишларини талаб қилади. Чаёнга нима яхшию нима ёмонлигини тез-тез тушунтириб туриш керак.

Ёй

Ёлғизликда тушкун кайфиятга тушиб қолади. Агар у кўпайтириш жадвалини ёд олмаган бўлса, уйингизга ўзига ўхшаган “қолоқ” синфдошларини таклиф қилиб, биргаликда дарс қилдиринг. Ёйлар кўпинча бир вақтнинг ўзида иккита ишни қилишни яхши кўришади. Ёдингизда тутинг, бола улғайган сайин дарс қилиш унга ёқмай бораверади. Шу боис дилбандингизни тартибли бўлишга ўргатиб боринг.

Тоғ эчкиси

Фарзандингиз жиддий ва мулоҳазакор. Унинг бошида туришга ҳожат йўқ, у қачон нима қилишни сиздан кўра яхши билади. Афсуски, бу буржда туғилган болаларнинг биргина камчилиги — улар дам олишни билмайди. Ота-онанинг вазифаси эса унга уйда мўтаъдил муҳитни яратиб бериш.

Қовға

Бу буржда таваллуд топган болалар илмга чанқоқ бўладилар. Улар ҳамма нарсани тез илиб олишади. Қовғаларнинг муаммоси жисмоний машқлар билан шуғулланишни истамасликларида. Улар соатлаб компьютер қаршисида ўтиришга тайёр, кўчага мажбурлаб ҳам чиқара олмайсиз.

Балиқ

Ўзгаришлар бола қалбида қўрқув ҳиссини уйғотиши мумкин. Шу боис фарзандингизга мактаб, янги фанлар ва устозлар ҳақида кўпроқ қизиқарли маълумотларни айтинг. Қўлига пул бериб, тежаб-тергаб ишлатишни ўргатинг. Балиқлар бошлаб қўйган ишларини охирига етказа олмайдилар. Шундай экан, китобини охиригача ўқиб тугатишни, бирор дастурни охиригача томоша қилишни назорат қилиб боринг.

Дилшода тайёрлади

Бошқа янгиликлар