Гилам тозалаш усули
— Уйга кираверишдаги гиламлар узоқ вақт ишлатилганидан сўнг кўринишини йўқотиб, туклари бир-бирига ёпишиб қолади. Бундай гиламни асл ҳолига келтириш учун ўзингизга маъқул келган шампунни илиқ сувга аралаштиринг. Тозалаш чўткасини аралашмада намлаб, гилам устидан енгил ишқаланг. Сўнг фойдаланмайдиган санчқи ёрдамида тукларини пастдан юқорига қарата таранг. Муҳими, гилам қуримагунча устидан юрилмаслиги керак.
Кўйлакнинг куйган доғини кетказиш...
— Эҳтиётсизлик сабаб эрингизнинг кўйлагини дазмолда куйдириб қўйсангиз, мана бу усул ёрдамида сарғайишидан асраб қолишингиз мумкин.
Янги сиқилган 1 бош пиёз шарбатини куйган доғ устидан қуйиб, 30 дақиқага қолдиринг. Сўнг совуқда яхшилаб чайинг. Сарғая бошлаган кўйлак матосининг ранги пиёз шарбати ёрдамида оқаради.
Гулдон суви тиниқ бўлиши учун…
— Мен турфа хил гулларни гулдонга солиб, дастурхон безатишни ёқтираман. Бироқ гулдондаги сувнинг тез ифлосланиши таъбимни хира қиларди. Дугонамнинг маслаҳати билан бир усулни синаб кўрганимдан буён гуллар солинган сувнинг тозалиги узоқроққа етадиган бўлди.
Гулдондаги совуқ сувга бир неча бўлакка бўлинган картошкани солинг. Ёки кирларни оқартирувчи қўшимчадан ярим чой қошиқ солиб, аралаштиринг. Ана шундан кейин гулларни солсангиз ҳам бўлади. Бундай усулда гулдон суви 4-5 кун кирланмай сақланади.
Карам тузлашни биласизми?
— Карам ва сабзини тузлаш ёрдамида тайёрланадиган салатни ҳаммамиз яхши биламиз. Бироқ уни ёпишмай, янги тўғралгандек кўринишда сақлаш сирларидан хабардормисиз?
Салат учун сабзини сомонча шаклида тўғрасангиз, карамга ранги тарқамайди. Маҳсулотларни тузлаб бўлгач, идишга жойлаётганингизда тагига бир неча ерқалампир (хрен) баргларини солсангиз, мазаси яхшиланиб, эзилиб кетмайди.
САМИРА тайёрлади .
Манба: «Sug'diyona» газетаси






