Гўдакни парвариш қилаётганда йўл қўйилган арзимас хато ҳам ота-онага қимматга тушиши мумкин. Шунинг учун бундай хатоларни олдиндан билиб олган ва йўл қўймаган маъқул. Болада салбий ўзгариш сездингизми, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. «Ўтиб кетади, ёш бола шундай катта бўлади», деманг!
1-хато: Нотўғри ташхис
Бола қанчалик ёш бўлса, уни нима безовта қилаётганини билиш шунчалик қийин. Сиз чақалоқ шунчаки шамоллаган, деб ўйлайсиз. Аммо бу бошқа бир жиддий дарднинг бошланишидан далолат бўлиши мумкин. Масалан, қизамиқ, қизилча, вирусли гепатит, полиомиелит ва бошқа инфекциялар бурун оқиши ҳамда томоқ оғриғидан бошланади.
2-хато: Нотўғри талқин
Касаллик белгилари ўз билганингизча бераётган дорилар таъсирида нотўғри намоён бўлиши мумкин. Айниқса, бола қорни оғриётганидан шикоят қилса, шифокор пайпаслаб кўриб қориннинг айнан қайси соҳаси оғриётганини аниқлайди ва шунга қараб ташхис қўяди. Чунки оғриқнинг сабаблари турлича (ичак инфекцияси, чурра, кўричак, ёш болаларда учраб турадиган ичакнинг буралиб қолиши) бўлиши мумкин. Бу ҳолатларнинг бари гўдак ҳаётига тўғридан-тўғри хавф солади. Сиз эса гўдакка оғриқ қолдирувчи ёки иситма туширувчи дори бериб, кейин улар таъсирида вақтинчалик кузатилган аҳвол яхшиланишидан алданиб қолишингиз мумкин.
3-хато: Нотўғри сабаб
Рекламалар сизни касалликнинг сабаби эмас, оқибати билан курашишга «жон куйдириб» даъват этади. «Болангизнинг иссиғи чиқаяптими?!» тарзида бошланувчи бундай роликларга ишонманг. Реклама қилинаётган препаратни боласига берган заҳоти гўдак кула бошлайдиган бу роликларда «хўш, болага ўзи нима бўлганди?» деган саволга жавоб йўқ. Ҳаётда эса ҳаммаси бу қадар осон эмас. Ҳароратни тушириш, яъни аломатни бартараф этиш билан муаммо ҳал бўлмайди. Асосийси, сабабни аниқлаш ва у билан курашиш. Буни эса фақат малакали мутахассис амалга ошириши мумкин.
4-хато: Нотўғри дори
Дориларни уларнинг ижобий ва ножўя таъсирлари ҳақида икир-чикиригача билмай туриб, болага бериш мумкин эмас. Бунда хато қилиш имконияти бир неча мартагача ортади. Масалан, фарзандингиз йўталаяпти. Сиз унга йўтални тўхтатувчи, яъни камроқ йўталишга олиб келувчи дори берасиз. Аммо гўдакнинг трахеяси ҳамда бронхларида кўп миқдордаги шилимшиқ ажралма бор ва у фақат йўтал воситасидагина кўчади. Сиз нотўғри дори бериб, бу ажралмаларнинг кўчмай, йиғилиб қолишига сабабчи бўласиз. Натижада касаллик авж олади. Шу сабабли дорини фақат шифокор белгилаши зарурлигини унутманг.
5-хато: Нотўғри доза
Меъёрни ошириб юбориш жуда осон. Масалан, иситмаси чиқиб, аъзои бадани қақшаётган болага ҳароратни тушириш учун Эффералган бердингиз ва оғриқни қолдириш учун цефекон шамчаларидан ҳам фойдаландингиз. Препаратларнинг йўриқномасида ёзилган дозага қатъий амал қилган бўлсангиз-да, меъёрни камида икки баробар ошириб юборганингизни биласизми? Гап шундаки, номи турлича бўлгани билан бу дорилар иситма туширувчи битта модда — парацетамол асосида ишлаб чиқарилган.
6-хато: Нотўғри таъсир
Болага дори белгилашда шифокор нафақат унинг ижобий, балки ножўя таъсирлари, бошқа дорилар билан ўзаро «келишиш» масалаларини ҳам эътиборга олади. Бола грипп ёки сувчечак билан оғрияптими? Уйингизда аспириндан бошқа иситма туширувчи восита бўлмаса ҳам, ундан асло фойдалана кўрманг. Чунки ацетилсалицил кислота таъсирида боланинг қонидаги қанд миқдори кескин тушиб кетиши, қон кетиши ва ҳатто Рей синдроми каби оғир асоратлар юзага келиши мумкин. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти бу препаратни болаларда қўллашни тавсия этмайди. Худди шундай, аналгинни ҳам. Шифокорлар уни жуда иложсиз қолган ҳолатда фақат димедрол билан аралашма ҳолида ёнбошга эмлаш учун рухсат этишади. Аммо аналгин таблеткаларини болага асло бериб бўлмайди. Иситма тушириш учун парацетамол ва ибуфен асосида ишлаб чиқарилган препаратлар тавсия этилади. Бироқ уларни ҳам беришда чекловлар мавжуд. 3 ойликкача бўлган чақалоқларга бу воситалар ҳам тавсия этилмайди.
7-хато: Нотўғри шакл
Дориларнинг турли шаклларда тавсия этилиши ҳам педиатр билан маслаҳатлашишни тақозо этади. Айрим иситма туширувчи воситалар ректал шамчалар шаклида бўлади. Бошқалари эса сироп, кукун, ширин таблеткалар шаклларида бўлиши мумкин. Бу шаклларнинг ҳар бири турли ёшдаги болаларга қўллашни осонлаштириш мақсадида ўйлаб топилган. Айнан сизнинг фарзандингиз учун қайси шаклдаги дори воситаси тўғри келишини шифокордан сўраб билинг. Чунки дорининг нақадар тўғри ва тез таъсир этиши айнан шунга боғлиқ. Масалан, сироп ёки томчилар тезроқ таъсир қилади, аммо бу таъсир шамчаларга қараганда камроқ давом этади. Шунинг учун кундузи бир шакл, оқшом учун эса бошқасини танлашга тўғри келиши мумкин. Буни шифокор тўғри белгилайди.
8-хато: Нотўғри аралашма
Оналар болани алдаш учун аччиқ таблеткаларни ширин конфет ёки новвот чой билан ичиришади. Кўпинча таблеткани майда бўлакларга бўлишга тўғри келади. Чунки ҳамма дориларнинг ҳам болалар учун мўлжалланган дозалисини топиш қийин. Аммо бундай қилиш ярамайди. Биринчидан, таблеткани тенг 3 ёки 5 бўлакка бўлишни ҳар доим ҳам эплай олмайсиз. Иккинчидан, таблеткаларнинг бутунлигини бузиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, боланинг тишларига ёмон таъсир қилиши эҳтимоли бор. Учинчидан, дорини мураббо, ширин чой ёки конфет ичига жойлаб берганингизда унинг фойдали таъсирини сезиларли даражада йўққа чиқаришингиз мумкин.
9-хато: Нотўғри вазият
Кўпинча оналар фарзандларига жиддий сабаб бўлмаса ҳам, дори бераверишади. Агар боланинг ҳарорати 38-38,5 даража, аҳволи эса қониқарли, авваллари талваса (судорога) ҳолати кузатилмаган бўлса, ҳароратни туширадиган воситалар керак эмас! Тана инфекциялар билан фаолроқ курашиш учун ўз ҳароратини кўтаради. Ҳеч қандай асоссиз ҳароратни тушириш орқали касалликнинг янада чўзилиб кетиши ва асоратлар пайдо бўлиш эҳтимоли ортишига ҳисса қўшган бўласиз.
Ҳеч қачон болага антибиотикларни ўзбошимчалик билан берманг! Улар вирусларга таъсир кўрсата олмайди. Шунинг учун грипп, ЎРВИ, қизамиқ, қизилча ёки тепкини антибиотиклар билан ўз билганингизча даволай олмайсиз. Фақат боланинг аҳволини янада оғирлаштирасиз.
10-хато: Нотўғри парвариш
Бемор болани тўғри парвариш қилиш кўпинча ҳар қандай дори воситасидан ҳам муҳимроқлигини яна бир бор эслатамиз. Оналарда бу борада кўплаб саволлар туғилиши мумкин. Уларга жавобни эса қўшни аёллардан эмас, оилавий шифокордан сўраган маъқул. Бола учун тўғри кун тартиби қандай? Қанақа парҳез лозим? Бошқа болалар билан ўйнаса бўладими? Оёқларга илиқ ванна мумкинми? Чўмилиш-чи? Буларнинг барини оилавий шифокорингиз билан бамаслаҳат ҳал этинг. Сизнинг асосий вазифангиз фарзандингиз учун энг қулай шароит яратиб, унинг касаллик билан курашишини енгиллаштиришдир.
11-хато: Нотўғри натижа
Бир қарашда болангиз тузалиб қолгандек, аммо аслида асоратларни ўтказиб юборган бўлишингиз мумкин. Дард беркиниб олган ва қулай фурсатни кутаяпти. Шифокор боланинг нафас тизимини эшитиб кўриши керак. Чунки шамоллаш ва грипп пневмонияни келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Бу боланинг ташқи кўринишида намоён бўлмайди, яъни ҳеч қандай хириллаш, йўтал ёки ҳарорат кўтарилиши кузатилмайди. Фақат нафас олиш қаттиқлашган ёки сусайган бўлиши мумкин. Боланинг нафас олишини сананг. Агар у бир дақиқада 40 мартадан ортиқ нафас олса, ўпка шамоллашидан хавотирланиш ва шифокор қабулига шошилишга асос бор. Унутманг, 5 ёшгача бўлган болалар бу касалликка мойил гуруҳ саналади.
12-хато: Нотўғри таҳлиллар
Агар болада ҳарорат 3-4 кун давомида ушланиб турса ёки бир-икки кун яхшиланиб, кейин яна кўтарилса, албатта, шифокорга қайта мурожаат қилинг. Шамоллашга бактериал инфекция қўшилса, шундай ҳол рўй беради. Демак, фаол тадбирларни талаб қилувчи асоратлар бошланган!
Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА
Манба: “SUG‘DIYONA” газетаси