Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ер юзидаги саксон фоиз киши герпес вирусининг ташувчиси ҳисобланади. Бироқ ушбу вирус ҳаммада ҳам ўз ишини кўрсатавермайди. Агар “лабдаги шамоллаш” аломати ҳисобланмиш герпес йилига 1-2 марта безовта қилса, бунинг хавотирланарли жиҳати йўқ. Аммо бу ҳолат сурункали давом этса-чи? Агар учуқ сизнинг ҳам муаммонгиз бўлса, бу хусусда айрим тиббий тавсияларни билиб қўйганингиз маъқул.
Герпес нима?
Аксарият ҳолларда герпеснинг саккиз тури қайд этилади. Шулар орасидан фақат биринчи туридагина лабга тошма чиқиши кузатилади. Вируснинг иккинчи тури тана аъзоларининг шиллиқ қавати, шу жумладан, жинсий аъзоларда ҳам юзага келиши мумкин.
Касаллик омиллари ҳақида
Герпес вирусининг лабдаги шакли унга қўл билан тегиб, сўнг бошқалар билан сўрашилганида (агар ўша одамнинг ёўл терисида бирор турдаги очиё жароҳат бўлса) , шахсий гигиена воситаларидан фойдаланиш, камдан-кам ҳолларда эса ҳаво томчи йўли билан юқиши мумкин. Шунингдек, совуққотиш сабаб, шамоллаш юзага келганида, тўйиб ухламаслик, сурункали чарчоқ, стресс ҳолатлари туфайли организмнинг иммун тизими сустлашиб борса ҳам герпес тошмаси пайдо бўлади.
Бу қандай юз беради?
Организмга кириб олган касаллик вируси асаб ҳужайралари томон ҳаракатланиб, кейин эса бир муддат тинчланади. Организм иммунитет ҳимояси сусайса, дарҳол фаоллашиб, кўпая бошлайди. Шу тариқа вирус “уйғониши” лаб ёки тананинг бошқа аъзоларида тошма тошиши билан намоён бўлади.
Сизда вирус бор...ми?
Лабнинг енгил ачишиши, қичишиши ва шишиб қолгандай туюлиши учуқ дарагидир. Одатда, бундай белгилар бир неча соатдан суткага қадар давом этиши мумкин. Агар айни паллада даволаш чоралари кўрилса, лабдаги яллиғланишнинг олдини олиш мумкин. Акс ҳолда эса лаб териси аста шишиб, яллиғланган соҳа атрофида пуфакчалар пайдо бўлади. Пуфакчалар бир неча кунда ёрилади. Сўнг ўрни ачишиб, безовта қилади. Учуқ тузалаётганида пуфакча атрофида қаттиқ тери қатлами пайдо бўлиб, бир-икки кунда кўчиб тушади. Ана шунда лаб терисини юмшатувчи ва озиқлантирувчи антибактериал кремлардан фойдаланиш мумкин.
Шифокорга бориш керак
Одатда, лабдаги учуқни шунчаки шамоллаш, деб уй шароитида даволашга киришамиз. Ваҳоланки, учуқ тошиши тез-тез қайталанса, демак, бу шунчаки шамоллаш эмас, балки организмдаги вируслар таъсиридир. Албатта, шифокор қабулига бориб, керакли тавсияларни олиш лозим. Шифокор лабдаги тошманинг ўзиданоқ вирус кўламини тахмин қилиб, зарур муолажаларни айтади. Лозим топилса, қондаги вируслар миқдорига оид ҳамда тошмадан олинган суртма намунасига кўра, тиббий текширув ўтказилиши ҳам мумкин. Шу тариқа организмдаги вирусларга қарши муолажа ҳамда лабдаги учуқни даволаш учун махсус суртмалар буюрилади.
Асло, мумкин эмас!
- Лабдаги учуқ пуфакчаларини игна билан ёриш ва унга спирт суртиб қўйиш мумкин эмас. Чунки пуфакча ичидаги суюқлик лаб атрофи ёки юз, кўз ва тананинг бошқа аъзоларига ҳам тарқаб, инфекция “улашиши” мумкин. Лабда ачишиш пайдо бўлганда тошма устини тишлаш ёки уни қўлда кўчириш қатъиян маън этилади.
Ростми ёки ёлғон?
“Қаттиқ қўрқсанг, лабингга учуқ тошади!” * Бу тушунчанинг илмий асоси мавжуд эмас. Аммо руҳий ҳолатдаги кескин ўзгаришлар, қаттиқ сиқилиш ёки стресс ҳолатлари организмнинг иммун тизимига таъсир қилиб, учуқ тошиши кузатилади;
“Бирор таомни ёқтирмай есанг ҳам учуқ тошади”
* Таомларнинг учуққа алоқаси йўқ. Қачонки, нотўғри овқатланиш тартиби мунтазам давом этса ва организмдаги бошқа ҳолатлар асоратида лабда тошма юзага келади.
“Ҳар куни лаб бўёғидан фойдалансанг, тошма чиқиши мумкин”
* Лаб бўёғи ўзингизники бўлса, ундан фақат ўзингиз фойдаланишингиз лозим. Шахсий гигиена воситалари умумий фойдаланилганида бошқалардан касаллик вируси юқади.
Олий тоифали дермато-венеролог шифокор Шуҳрат Акбаров
тавсиялари асосида
Самира тайёрлади.
Манба: «Sug'diyona» газетаси






