"NAO" компаниясининг оммабоп роботлари яқин келажакда туғруқхоналарда катта ҳамшираларнинг ўрнини эгаллаши мумкин. Улар ўқув курсларини ўтаб бўлгач, туғруқхонадаги кичик ишларни мустақил бажаради. Айни вақтда роботлардан айрим жарроҳлик амалиётларида мунтазам фойдаланилмоқда. Бироқ мутахассислар роботларнинг тиббиётда бундан-да кўпроқ самара келтиришига ишонишмоқда.
Роботларни ўқитиш лойиҳаси бошлиғи Жули Шохнинг маълум қилишича, катта ҳамширалар аксар ҳолларда оғир юмушларни бажаришларига тўғри келади. Агар инсон бир вақтнинг ўзида турли юмушларни бажарса, у тезда толиқади ва натижада хатоларга йўл қўя бошлайди.
Роботлар устида олиб борилган таҳлиллардан сўнг улар АҚШдаги тиббиёт марказларидан бирида синовдан ўтказилди. Эътиборлиси, "NAO" роботлари томонидан қабул қилинган 90 фоиз қарорлар врачлар ва ҳамшираларни хурсанд қилган.





