АсосийSUG'DIYONA

ҚЎРҚУВ ҲИССИНИ ЕНГИШ УЧУН 6 ТА ПСИХОЛОГИК ТАВСИЯ

'ҚЎРҚУВ ҲИССИНИ ЕНГИШ УЧУН 6 ТА ПСИХОЛОГИК ТАВСИЯ'ning rasmi

Бирор нарсадан ваҳимага тушмаган одам бўлмаса керак дунёда. Кимдир буни ҳис-ҳаяжон билан ифодаласа, кимлардир бунинг сабабини руҳий ҳолатдаги ўзгаришларда деб билади. Ваҳоланки, иродани чиниқтириш ҳақида кўп гапирилади. Шундай бўлса-да, ҳаётий муаммоларга сабаб бўлаётган ва ўзлигимизни англашга тўсқинлик қилаётган қўрқув ҳисси таъқиб этишини инкор қилолмаймиз. Агар бу ҳис осойишта ҳаёт кечиришимизга монъелик қилаётган бўлса, уни енгиш мумкинми?

Айтинг: нимадан қўрқасиз?

Аксарият кишилар ваҳимага тушадиган ҳолатларни инкор этганча, қўрқув ҳиссини бегонадай тутишга ҳаракат қилишади. Аслида эса бу ўз-ўзини алдашдир. Агар руҳий осойишталикка эришишни истасангиз сизни нималар ваҳимага солиши ва бунинг сабаби нима эканлигини овоз чиқарган ҳолда сўзлаб беринг.

Қоғозга туширинг

Дейлик, сиз чақмоқ чақишидан қўрқасиз. Тасаввурингиздан келиб чиқиб, мана шу манзарани қоғозда акс эттиринг. Суратнинг ҳар бир таркибий қисмни чизар экансиз қўрқувни назорат қилаётгандай бўласиз. Ишни якунлагач суратдаги “душманин”гизга яхшилаб қаранг. Мана сизни даҳшатга соладиган ҳодиса. Истасангиз уни ғижимлаб, ёқиб юборинг ёки музлатгич эшигига ёпиштириб қўйиб, ҳар куни у билан юзма-юз келинг-да, уни хаёлан маҳв этинг.

Қўқувни ҳис этинг!

Сиз қўрқувни тан олдингиз. Ҳатто у билан юзлашдингиз ҳам. Демак, сизни қўрқитаётган ҳолатни ҳис этишингиз қолди. Авваллари қўрқувдан қўлларингиз титраб, кўзларингиз пирпираётганини сезгансиз. Бироқ бу қўрқувга қарши курашаётганингиз, яъни нотўғри ёндашаётганингиз белгисидир. Юқорида биз бўрон ва чақмоқ чақишини мисол қилдик. Келинг, ана шу манзарани тасаввур этиб, шу вақтдаги қўрқувни ҳис этиб кўрамиз. Бу ҳисниқандай бошқарилишини тушунганингиз сари, бу фақат сизнинг муаммонгиз эмаслигини ҳам фахмлайсиз. Аввалига чақмоқнинг гумбурлаган овози, сўнг шамол ғувиллаши ва дарахт баргларини деразага қаттиқ урилишини тасаввур қиламиз. Бу товушларни ҳаёлан эшитиб ҳам этингиз жунжикади. Шунда чуқур нафас олиб, танангизни бўшаштиринг. ҳар сафар мана шу қўрқув билан юзлашсангиз, у билан ҳаёлан суҳбатлашиб, нафас машқи ёрдамида тинчланишга ҳаракат қилинг.

Ҳар ишнинг ҳикмати бор!

Бизнинг қўрқувларимиз ноаниқ келажакдаги воқеа-ҳодисаларга қаратилгани билан ҳам ваҳималироқ кўринади. Мисол учун, ишдан бўшатиб юборишса нима қиламан, турмуш ўртоғим бошқасини топиб олган бўлса ҳолим нима кечади каби саволларнинг ноаниқлиги ҳам қўрқувга сабаб бўлиши мумкин. Ўйлаб кўрилса аслида ҳар қандай ишнинг бир ҳикмати бор. Ишдан бўшатишса, демак, қаердадир сиз учун бўш иш ўрни бор...

Олишувга тайёрмисиз?

Сиз мусиқачи ёки нотиқсиз. Бироқ жамоатчилик олдида иқтидорингизни намойиш этишдан қўрқасиз. Сиздаги қўрқув ҳисси омадсизликка учраш билан ифодаланади. Хўш, уни енгиш учун нима қилиш керак? Кетма-кет, тиним билмай ўз устингизда ишлаш ва машқ қилиш! Шунда кунма-кун дадиллигингиз ортиб, ўз истеъдодингизни завқ билан намойиш этасиз.

Олға боринг!

Баландликдан қўрқадиган инсонлар одатда кўзларини юмиб олиб, қўрқувларини яширишга уринишади. Ваҳоланки, ўшаодамга билдирмай, уни юқори қаватга олиб чиқсангиз, у буни ҳатто сезмайди ҳам. Аммо айтишингиз билан дарҳол ваҳимага тушиб қолади. Бундай вазиятларда, муҳими, олдинга қадам ташлашдан чўчимаслик. Битта кичик қадам ташлаб, қўрқувинигизга тик боқсангиз, кейинги қадамлар ўз-ўзидан уланиб кетади. Қўрқув олдинга қўйган мақсадларингизни амалга оширишга тўсқинлик қилса, у билан курашинг ва ғолиб чиқинг!

Психология фанлари номзоди, доцент Феруза Акрамова тавсиялари асосида тайёрланди.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси

Бошқа янгиликлар