Ранг-баранг тусли бу митти тухумчалар товуқникидан беш карра кичик бўлса-да, фойдали хусусиятига кўра, барча паррандаларникидан юқори баҳоланади. Оғирлиги бор-йўғи 10-12 граммни ташкил этувчи бедана тухуми халқ табобатида турли касалликларга даво саналиши ҳам сир эмас. Хўш, ҳақиқатан шундайми?
Бедана тухуми таркибида асаб тизимига ижобий таъсир этувчи В1 ва В2 витаминлари, иммунитетни мустаҳкамловчи, хасталикларга қарши чидамлиликни оширувчи А витамини, қон айланишини яхшиловчи, моддалар алмашинувини фаоллаштирувчи ҳамда организмдаги холестерин миқдорини камайтирувчи талай фойдали витаминлар, микроунсур ва аминокислоталар мавжуд. Муҳими, бедана тухуми товуқникидай аллергия чақирмайди. Шунда ҳам маҳсулотлар, айниқса, тухумдан аллергия қўзғашига мойиллик бўлса, эҳтиётингизни қилганингиз дуруст.
Янгисига етмайди...
Бедана тухумини харид қилаётганда унинг оғирлигига диққат қилинг. Агар тухумчани қўлга олганингизда вазни билинса, демак, у янги! Жуда енгил, ичи бўм-бўшдай туюлса, билингки, бу тухумнинг сотувчи қўлига келганига 2–3 кун бўлган.
Қандай фойдаланиш керак?
Албатта, илиқ сувда чайиб, сўнг қайнатиб олинг. Бироз хомлигича истеъмол қилишни истасангиз, икки-уч дақиқа қайнатиш кифоя. Яхши пишиши учун эса беш-саккиз дақиқа баланд оловда қайнатиш керак. Ўн беш дақиқадан ортиқ қайнатилган бедана тухуми барча фойдали хусусиятини йўқотади. Шу боис вақт масаласига беэътибор бўлманг.
Сақлаш муддати муҳим
Хона ҳароратида 30 кунгача сақлаш мумкин бўлса, музлатгичда 60 кунгача асраса бўлади. Негаки, тухум таркибида турли зарарли бактериялар урчишининг олдини олувчи лизоцим ва аминокислоталар мавжуд. Янги бедана тухуми 7 кунгача парҳезбоп саналиб, даво сифатида ишлатилади.
Кунлик миқдорга риоя қилинг!
Фойдали хусусиятлари талайгина бўлса-да, бедана тухумига ружу қўйиш ҳам ярамайди. Катталар кунора 4-6 тагача бедана тухумини ейишлари мумкин. Кексалар учун эса 3-4 таси кифоя. 1-3 ёшли болаларга 1-2 дона, 4-10 ёшгача бўлганлар учун 3 дона, ўсмир ёшдагилар учун эса 4 тагача истеъмол қилиш кунлик меъёр саналади. Бедана тухумини хомлигича, қайнатилган ёки қовурилган ҳолда ейиш мумкин.
Хотирангиз панд берса...
Юрак қон-томир касалликлари, қон босимининг тушиши ёки кескин кўтарилиши, кучли бош оғриғи, ўткир бронхит, сурункали ва ўткир респиратор хасталиклар, ошқозон яраси, панкреатит, асаб тизими бузилишлари, қандли диабет, онкологик муаммолар, иммунитетнинг заифлашуви ҳамда париншонхотирликда бедана тухуми фойдали.
Куйган жароҳатларга даво бўлади
Икки-учта бедана тухумини қайнатиб, оқини сариғидан ажратинг. Тухум сариқчасини санчқида эзғилаб, қиздирилган қуруқ товада 20-30 дақиқа қовуринг. Ҳосил бўлган тухумли бўтқани куйган жароҳатга суртиб турсангиз, ўрни қолмайди.
Остеохондрозга қарши суртма
Суртмани тайёрлаш учун 5 дона тухумни хомлигича идишга чақиб, 2 ош қошиқ сирка билан аралаштиринг. Сўнг устини ёпиб, совуқроқ ерда 2 кун сақланг. Аралашмага 1-2 ош қошиқ сариёғ қўшиб, бўтқа тайёрлайсиз. Ушбу аралашмани кунига 2-3 мартагача суртиш мумкин. Бўғимлардаги оғриқ, остеохондроз, пай чўзилишлари ва мушаклардаги оғриқларда асқотади.
Бўй ўсишида-чи?
Бир дона бедана туҳумини яхшилаб аталагач, устидан стакан тўлгунича янги соғилган сут қўшинг ва енгил аралаштириб, ичинг. Мазкур усулни кунора, эрта наҳорда, оч қоринга қўллаш лозим. Муолажа давомийлиги 1 ой. Халқона табобатда айни муолажа болалардаги бўй ўсишидан ортда қолиш ҳолатларини даволашда тавсия этилади.
Иммунитетга “тез ёрдам”
Қиш кунлари тез-тез шамоллашга мойил бўлганлар эрталаб ва кечки пайт овқатдан аввал 3 тадан бедана тухумини хомлигича истеъмол қилишлари лозим. Бунинг учун тухумни пиёлада аталаб, бир кўтаришда сипқориб ичса ҳам бўлади. Фойдаси бўлиши учун тухум ичилгач, ярим соат ҳеч нарса ейилмайди. Муолажа давомийлиги 30-40 кун.
Қувватни ошириш учун
Наҳорга 3-4 та бедана тухумини хомлигича истеъмол қилиш эркакларнинг жинсий қувватини ошириши барчага маълум. Айниқса, фарзанд кўришни режалаштираётган эркаклар мазкур усулни ҳафтасига икки бор қўллаши тавсия этилади.
Пўстлоғи ҳам фойдали
Бедана тухумини ичгач, пўстлоғини совуқ сувда яхшилаб чайинг. Сўнг сув солинган идишда беш дақиқа қайнатинг. Сувини тўкиб ташлагач, қайтадан совуқ сув билан тўлдириб, оловга қўясиз. Яна беш дақиқа қайнагач, сувни тўкиб, устидан олма сиркаси қўшасиз ва бир кун салқинроқ жойда сақлайсиз. Эртасига эса тухум пўстлоғини қуёш тушмайдиган жойда қуритиб, блендерда эзғилаб олинг. Ҳосил бўлган тухум пўстлоғи кукуни 1 чой қошиқнинг 1\3 қисми миқдорида ҳар куни эрталаб истеъмол қилинади. Мазкур усул организмда кальций етишмаслиги, суяклар мўртлиги ва қўл-оёқларнинг тез-тез синиши каби ҳолатларда ижобий самара беради.
Косметологияда қўллаймиз!
Сочларингиз тез-тез тўкилаётган бўлса, 1 дона бедана тухумини 1 ош қошиқ алоэ барги шарбати ҳамда шунча миқдордаги пиёз суви билан аралаштирасиз. Ҳосил бўлган масаллиқни соч илдизига суртиб, бошни целлофан билан ўрайсиз. Бир соатдан сўнг илиқ сувда чайиб олсангиз бўлгани. Бир ой давомида мазкур ниқобни суртиш соч илдизини мустаҳкамлаб, унинг тўкилишини камайтиради.
Юз терисининг “пўст ташлаши” безор қилса, мана бу усулни синаб кўринг: 2 та хом бедана тухуми сариғини 1 ош қошиқ зайтун ёки ўсимлик ёғи билан аралаштирасиз. Тозаланган юз терисига енгил ҳаракатлар билан суртиб, 15 дақиқага қолдирасиз. Сўнг илиқ сувда чайиб оласиз. Муолажани ҳафтасига икки марта бажариш кифоя.
МАРЖОНА тайёрлади.
Манба: “SUG‘DIYONA” газетаси.