АсосийSUG'DIYONA

АЁЛЛАР КАСАЛЛИКЛАРИГА ҚАРШИ ЧОРАЛАР

'АЁЛЛАР КАСАЛЛИКЛАРИГА ҚАРШИ ЧОРАЛАР'ning rasmi

Аёлларга хос касалликларга қарши уй шароитида қандай чоралар қўллаш мумкин? Қай бир хасталик «бош кўтаргани» ҳақида қандай белги беради? Маълумотларимиз шу ҳақда.

Ой кунларида оғриқ

Касаллик ҳақида: ҳайз даврида аёл қовуқ соҳасида оғриқ сезиши мумкин.

Аломатлари: ортиқча асабийлашиш, ҳиссиётга берилиш, кўп терлаш, оғриқ ва умумий ҳолсизлик.

Рецепт: 2 ош қошиқ қуритилган қашқарбеда (донник) ўтини қайнаб турган ярим литр сувга солиб, 1‑2 соат мобайнида тиндирилади. Дамламани докада сузиб олиб, ҳайз пайтида қовуқда оғриқ ҳис қилганда кунига 2‑3 маҳал ичилади. Қашқарбеда дамламаси оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи таъсирга эга.

Ҳайз цикли бузилиши…

Касаллик ҳақида: бу витамин етишмаслиги, жигар ва ички секреция безлари фаолиятининг бузилишига боғлиқ бўлиши мумкин.

Аломатлари: ҳайз кунларининг 6‑8 кунга узайиши ва ҳайз оралиғида қон келиши.

Рецепт: 20 гр горец ўсимлигини бир стакан қайнаган сувда дамлаб, 15 дақиқа сув ҳаммомида қайнатилади ва хона ҳароратида 1‑1,5 соат тиндирилади. Сўнг докада сузиб олиб, дамламага яна 1 стакан қайнаган сув қўшилади. Кунига 3 маҳал 1 ош қошиқдан овқатланишдан аввал ичилади. Дамламани ҳайз пайтида кўп қон кетганда, бавосил ва сурункали қабзиятда ичиш тавсия этилади.

Ойбоши бўлмаслик…

Касаллик ҳақида: соғлом аёлда ҳайз оралиғи 21‑35 кунни ташкил қилади. Ҳайз цикли бузилишига турли инфекциялар ёки бачадон шикастланиши сабаб бўлиши мумкин.

Аломатлари: ҳайз кечикиши, асабийлашиш, уйқусизлик, ортиқча вазн.

Рецепт: 1 ош қошиқ девясил илдизини ярим литр қайнаган сувда дамланади. 1‑2 соат тиндиргач, докада сузиб олиб, кунига 2‑3 маҳал ярим стакандан ичилади.

Жинсий аъзолар шамоллаши

Касаллик ҳақида: танага турли инфекциялар тушиши оқибатида юзага келади.

Аломатлари: оғриқ, тана ҳарорати кўтарилиши.

Рецепт: 100 гр. ёнғоқ барглари, 50 гр. бўйимодарон (тысячелистник), 300 гр. жўка (липа) дарахти барглари, 200 гр. кунгабоқар барглари аралаштирилади. Йиғилмадан 3 ош қошиғини ярим литр қайнаган сувда дамланади. Кейин тиндириб, докада сузиб олган ҳолда кун давомида ичилади.

Ажралмалар

Совуқ кунларда қовуқда ачишиш ҳис қилганда, қиндан оқ ажралмалар келса:

1,5 ош қошиқ лимонўт (мелисса), ярим ош қошиқ бузина (қизил мевали бута ёки дарахт ва унинг меваси) ва 1 ош қошиқ қончўп (чистотел)ни бир стакан қайнаган сувда дамлаб, 15 дақиқа тиндириб, кун давомида ичилади.

Тухумдонлар шамоллаганда…

Касаллик ҳақида: гигиена қоидаларига амал қилмаслик, ҳайз даврида совқотиш ва шамоллаш натижасида юзага келиши мумкин.

Аломатлари: чап ёки ўнг қовуқда оғриқ.

Рецепт: 1 ош қошиқ қашқарбеда (донник)ни 1 ош қошиқ туятов он (мать-и-мачеха) билан аралаштириб, 1 стакан қайнаган сувда дамлаш керак. 1 соат тиндиргач, докада сузиб олиб, кунига 5 маҳалдан ичилади. Даволаниш муддати: 2-3 ҳафта.

P/S: азиз муштарийлар! Рецептларни қўллашдан олдин албатта мутахассис-шифокор билан маслаҳатлашинг. Унутманг, ҳар бир организм ўзига хос!

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Бошқа янгиликлар