1

ОИВ. ҲАЁТ ДАВОМ ЭТМОҚДА! ҲИМОЯЛАНИШ ВА ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРАЛАРИНИ ЎРГАНИНГ

САЛОМАТЛИК 28.09.2017, 14:01
ОИВ. ҲАЁТ ДАВОМ ЭТМОҚДА!  ҲИМОЯЛАНИШ ВА ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРАЛАРИНИ ЎРГАНИНГ

Ўсмир ёшидаги ўғлимда ОИВ аниқланди. Қачон ва қаерда юққанини аниқ билмайман. Балки стоматолог қабулига борганимиздами, ёки хатна қилдирганимиздами?.. Фарзандим ҳозир мактабга боради, бу хасталик ҳақида етарлича маълумотга эгамиз. Сиздан сўрамоқчи бўлганим, унинг жамиятга мослашиб кетиши учун нимлар қилишимиз мумкин? Спорт турлари билан шуғулланиш масаласи қандай? Болам келгусида чет давлатларида ўқий оладими? Шу борада маълумот берсангиз.

Исми сир тутилади

Муштарийимизнинг мурожаати юзасидан Тошкент вилояти ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокор ўринбосари Нодира НОСИРОВАга юзландик: — Орттирилган иммунитет танқислиги вируси аниқланди дегани, ҳаёт тугаганидан далолат бермайди. Бундай беморлар ҳам ҳудди бошқалар сингари ҳаёт кечиришга, меҳнат қилиш ва турли ҳизматлардан фойдаланишга ҳақлилар. Уларнинг ҳуқуқлари қонун томонидан кафолатланган. Қолаверса, замонавий препаратлар вирус ривожланишини тўхтатиб қўяди.

ОИВ ва ОИТС фарқи нимада?

ОИВ — инсонда иммунитет танқислигини келтириб чиқарувчи вирус номи. ОИТС эса шу вирус оқибатида юзага келувчи хасталик белгиларининг намоён бўлиш босқичидир. Бу вирус ҳеч қайси аъзони зарарламагани учун клиник белгилар дарҳол юзага чиқмайди. Касалликнинг тўрт босқичи мавжуд ва одатда 1-2 босқичлар клиник белгиларсиз кечади. Баъзи ҳолларда бўйин лимфа тугунларининг катталашуви кузатилиши мумкин. Охирги маълумотларга кўра, вирус 3 йилдан 8 йилгача “уйқуда” бўлади. 2-босқичда эса бесабаб ҳароратнинг кўтарилиши, бўйин лимфа тугунларининг катталашиши безовта қилади. 3-босқичда клиник белгилар ўзини ошкор эта бошлайди. Бунда турли вирусли, бактериал, замбуруғли ёки онкологик хасталиклар белгилари сезилади. 4-босқичда беморда хотира ва ақл-заковатнинг ўзгариши, сабабсиз ич кетиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, вазн йўқотиш каби белгилар намоён бўлади. Сўнгги йилларда юртимизда 4-босқичга ўтиш ҳоллари камдан-кам кузатилмоқда. Бу эса давлатимизнинг ОИВни аниқлаш ва дори-дармон воситалари билан таъминлаш сиёсати тўғри йўлга қўйилганлигининг яққол исботидир.

Юқиш йўллари-чи?

Кўпчилик вирус фақат жинсий йўл орқали юқади деб ўйлайди. Бу ҳам тўғри, албатта. Жинсий йўл билан, яъни биологик суюқликлар организмга тушиши оқибатида ҳам хасталикка чалиниш мумкин. Аслида, вирус бемор организмидаги барча биологик суюқликлар таркибида бўлади. Шу жумладан сўлак ва кўз ёшда ҳам. Аммо сўлак ва кўз ёш бошқа инсонни зарарлаши учун жуда кўп миқдорда тушиши лозим. Бундан ташқари парентерал — тери бутунлигининг бузилиши оқибатида вируснинг организмга тушиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Яъни аёлларимиз маникюр, педикюр, татуаж қилдирганида, бир марталик шприцдан кўп марта фойдаланиш сабабли вирусга чалиш ҳоллари юзага келади. Учинчи йўли эса вируснинг кўкрак сутидан болага юқиши саналади.

Спирт вирусни ўлдирадими?

Одатда, маникюр ва педикюр мутахассислари мижоз кўз ўнгида фойдаланиладиган асбоб-ускуналарга спирт ёрдамида ишлов беришади. Бу тўғри, албатта. Аммо спирт учувчан модда, мутахассис аввал ҳам шу спиртда фойдаланган ва идишнинг қопқоғини ёпишни унутган бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун аёлларимизга фақатгина ўзингизга тегишли бўлган маникюр-педикюр асбобларини харид қилишни тавсия этамиз.

Хасталанган аёл соғлом фарзанд дунёга келтироладими?

Сўнгги статистик маълумотларга кўра Ўзбекистон Республикасида ОИВ билан хасталанган ҳомиладорларнинг 98,8 фоизи соғлом наслни дунёга келтирмоқда. Буни қарангки, вирус жинсий суюқликнинг ҳужайрасида эмас, суюқ қисми таркибидан ўрин олган. Яъни тухум ва уруғ ҳужайралар тоза бўлади. Уруғланган ҳужайра эса йўлдош (стирилланган ҳимоя қобиғи)нинг ичида ривожланади ва вирусга чалинмайди. Натижада, бола ОИВ билан хасталанмай туғилади. Бундан ташқари, юртимизда йўлга қўйилган АРВ профилактикаси, ҳомиладор аёлда хасталикни эрта аниқлаш ва зарур чораларни кўриш соғлом фарзандни дунёга келтиришда яхши самара бермоқда.

Дорини ўз вақтида ичиш муҳим

Замонавий тиббиёт ушбу хасталикни даволашда анча илдамлаб кетди. Бугунги кунда вируснинг зарарли таъсирини тўхтатиш имкониятини берувчи антиретровирус дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилмоқда ва юртимизда бепул тарқатилади. Ягона шарти уларни ўз вақтида қабул қилиб туришдир. Чунки кимёвий моддаларнинг қондаги миқдори камайса, вирусларга қарши курашолмай қолади. Натижада, хасталик яна ривожланаверади. Авваллари беморлар бир кунда 5 донадан 3 маҳал препарат қабул қилишган бўлса, бугунги кунда 24 соатда 1 дона таблетка қабул қилишнинг ўзи кифоя.

Спорт билан шуғулланиш мумкин эмас!

Одатда ОИВ вируси билан хасталанган кишиларга оғир жисмоний ҳаракатлар тавсия этилмайди. Чунки организм қанча чарчаса, иммунитет шунча тушиб кетади. Шу жумладан, спорт турлари билан шуғулланиш организмга зўриқиш бериб, иммунитетни сустлаштиради. ОИВ билан ҳасталанган беморлар эрталабки бадантарбия, ушу ёки йога билан шуғулланишлари мумкин.

“Турмуш ўртоғим чет элдан қайтди...”

Бугунги кунда чет давлатига чиқаётган юртдошларимизга махсус ижтимоий реклама роликлари орқали ОИВ ва ОИТС ҳақида тўлиқ маълумот берилмоқда. Қолаверса, улар мамлакатимизга кириш ва чиқишдан аввал турли таҳлиллардан ўтишади. Бироқ ноқонуний йўллар билан ўзга юртларга чиқиб-кираётганлар ҳам учрамоқда. Афсуски, уларнинг саломатлигини назоратга олишнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳар бир инсон оиласи ва соламатлиги учун масъулиятни ҳис этиши, ўз ихтиёрига кўра текширувлардан ўтиши лозим. Аммо оиламни боқаман деб, бегона юртларда тер тўкиб қайтган инсонга рафиқаси “Ўзингизни текширтиринг” дейишга ийманади-да. Агар аёл турмуш ўртоғига текширувдан ўтиш кераклигини айтишга тортинса, оилавий поликлика шифокорларини огоҳлантириб қўйиши мумкин. Шифокорлар ҳаммасини тўғри тушунтирадилар, шу тариқа ўзингиз ва фарзандларининг саломатлигини ҳимоялаган бўласиз.

Ота-оналар огоҳ бўлинг!

Баъзида турмуш қуришдан аввал ўтиладиган тиббий текширувларда ёшлардан бирида ОИВ борлиги аниқланади. Аммо муҳаббат дея икки ёш келишиб, ота-онасига айтмай, турмуш қуришга ахд қилишади. Гарчи ОИТСга қарши кураш маркази ходими томонидан ҳар икки ёш огоҳлантирилиб, далолатнома тузилса-да, ота-оналар бехабар қолиб кетишлари мумкин. Фарзанди хасталикка чалинганини кеч англашгач, бошларини қайга уришни билмай қолишади. Бунинг олдини олиш учун эса ота-оналарга фарзандингизнинг тиббий кўрик ва таҳлил натижаларини ўз кўзингиз билан кўринг, уларни назоратга олинг, энг муҳими огоҳ бўлинг деймиз.

Тиббий хизмат кўрсатишни рад этишса

ОИТСга чалинган бемор ўзи ҳақида очиқ айтганида, баъзан стомотология ёки бошқа тиббий хизматларни кўрсатишдан бош тортиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Албатта, бу Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлиб, хизмат кўрсатишдан бош тортган мутахассисдан ёзма равишда ҳужжат талаб қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш мумкин.

Хорижда ўқиш қандай?

Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 23 сенябрда қабул қилинган «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга асосан ОИВ билан зарарланган беморларнинг Ўзбекистон Республикасига ҳудудига кириши ва чиқишида ҳеч қандай чекловларга йўл қўйилмайди. Агар бемор чет элда ўқиш ёки ишлашни истаса, бу масала бораётган давлати қонунчилигига асосан тартибга солинади.

Иммунитетни кўтариш учун нима қилиш керак?

Одатда, бошқа касалликларни тезроқ енгиш учун иммунитетни мустаҳкамлаш тавсия этилади. Бироқ ОИВ билан зарарланган беморларга иммунитетни кўтарувчи ҳамда иммунитет ишлаб чиқарилишини кўпайтирувчи дори воситалари (иммуностимулятор, иммуномодуляторлар) тавсия этилмайди. Чунки иммунитет кўпайиши билан бирга зарарли вирус ҳам жадалроқ ривожланади. Лекин хеч нарса қила олмас эканман, деб қўл қовуштириш керак эмас. Организмга кўмаклашиши учун соғлом турмуш тарзига риоя этиш лозим. Яъни тўғри овқатланиш, вақтида дам олиш, меъёрда меҳнат қилиш, толиқишлардан ҳимояланиш керак. Шунингдек беморларга қуёш нурлари остида юрмаслик, офтобдан ҳимояланган ҳолда ишлаш тавсия этилади. Спитрли ичимлик ва тамаки махсулотлари эса қатъий таъқиқ остида. Дори қабул қилиш чоғида эса хом пиёз, хом саримсоқ, таркибида уксуси бор маҳсулотларни истеъмол қилиш мумкин эмас. Улар дорининг таъсир вақти қисқаришига олиб келиши мумкин.

Саодат ОЧИЛОВА.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1