«Мен 5 килограммга озолмай хунобман, у бўлса 15 килограммни у ёқдан бу ёққа суриб юрибди, қойил!», «Бу актриса ташқи кўриниш билан эмас, истеъдоди билан юзага чиққан ҳақиқий ижодкор!», «Менга дўмбоқ Рене кўпроқ ёқади»... Бу истеъдодли актриса ва озиш бўйича норасмий жаҳон чемпиони Рене Зеллвегер ҳақида мухлислари билдирган фикрлар. Рене ташқи кўриниши ва истеъдоди бирдек қизғин муҳокама қилинадиган саноқли актрисалар қаторидадир.
Чилпарчин бўлган орзу ва сўнмаган умид
1969 йил 25 апрелда Техасда швейцариялик муҳожир ва унинг ҳамшира рафиқаси оиласида туғилган Рене Кэтлин Зеллвегер мактабда яхши ўқиди. Лекин фақат спорт ва драма тўгарагида ўзини эркин, бахтиёр сезарди. 13 ёшида олган жиддий жароҳати унинг олимпиада чемпиони бўлиш орзусини чилпарчин қилди. Жароҳат аламини ютиш учун Рене драма тўгарагига аввалгидан ҳам кўпроқ қатнайдиган бўлди.
1987 йил Техас университетига ўқишга кирди. У ерда кино, ОАВ ва телевидение йўналиши бўйича таҳсил олди. Талабалик йилларидаёқ кино оламига яқиндан ошно бўлгиси келган қиз кетма-кет кастингларга қатнашар, бир кун ўзининг юлдузли онлари, албатта, келишига ишонарди. Аммо унга нуқул иккинчи даражали ролларни беришарди. Аммо маълум вақт ўтгач, Хьюстон кинокарьера учун муносиб жой эмаслигини тушуниб етди. Дўсти Метью МакКонохининг маслаҳати билан Лос-Анжелесга йўл олди. Ва жуда тўғри иш қилганини тушуниб етди.
1994 йилда Рене «Шэйк, Рэттл ва Рок», бир йилдан кейин эса «Эмпайр Рекордс» картиналарида ўйнади. Айниқса, «Бутун кенг олам» фильмидаги роли эътиборли бўлди ва Ҳолливуд режиссёрлари унга диққат қарата бошладилар. 1997 йилдаги «Ёлғон детектори» киносида ижро этган роли билан Рене Зеллвегер истеъдодли актрисалар рўйхатига тиркалди. Аммо қиз ҳамон ўзи орзу қилган шуҳрат чўққисига чиқа олмаган, моддий қийинчилик билан кун кечирар эди.
Актрисага ҳақиқий шуҳрат «Бриджит Жонс кундалиги» билан келди. Ушбу фильмга режиссёрлар ёрқин юлдузни излашарди. Аммо актрисалар шартнома шартларини ўқиб, қочиб кетишарди. Чунки бош қаҳрамонни ўйнаш учун актриса оз фурсатда 15 (!) килограммга семириши керак эди-да. Ренега бош қаҳрамон шу даражада ёқиб қолдики, ҳамма шартларга рози бўлиб, шартномага имзо чекди. Єиз кунига йигирматалаб ширин кулчалар еди, ўн беш соатлаб ухлади, кам ҳаракат қилди ва керакли килограммларни тез фурсатда жамлай олди. Роль шунга арзирди.
Тағин денг, Рене туғилган Техас штатида британча инглиз тили деярли қўлланмас эди. «Бриджит Жонс кундалиги» учун эса айнан британча лаҳжа зарур бўлди. Рене бу лаҳжани ўзлаштириш ниятида бир фирмага котиба бўлиб ҳам ёлланди. Натижа эса жуда аъло бўлди. Рене нафақат лаҳжани, балки инглизларнинг гапириш йўсинию ҳаёт тарзини ҳам тезда ўзлаштириб олди ва фильмда ҳақиқий британиялик аёл образини қойилмақом қилиб яратди. Ана буни юксак даражадаги профессионализм деса бўлади.
Фильм муваффақияти ва унинг ортидан келган шуҳрату бойлик барча меҳнатларнинг зое кетмаганини исботлади. Рене Зеллвегер муҳаббатини тинмай излаётган дўмбоқ британиялик қиз ролини муваффақиятли ижро этди. Картина «Оскар», «Олтин глобус» ва BAFTA мукофотларига номзод этиб кўрсатилди. 2003 йилда эса актриса «Совуқ тоғ» фильмидаги иккинчи даражали роли учун «Оскар»ни қўлга киритди. Бу ҳақиқий эътироф эди!
Рене Зеллвегер ижодида «Поттер хоним» картинаси алоҳида ўрин тутади. Фильм болалар ёзувчиси ҳамда рассоми Беатрис Поттер ҳаёти ва ижоди асосида яратилган биографик асардир. Реал инсонни экранда жонлатириши эса доим ўйлаб топилган персонажни ўйнашдан қийинроқ. Аммо Рене бу вазифани жуда яхши уддалади. Томошабинлар оқкўнгил, содда ва қийинчиликлардан қўрқмай мақсади томон интиладиган, жинсий камситишлардан устун тура олган аёл образини юксак баҳолашди. Картина 2007 йил «Энг яхши аёл образи» номинациясида «Олтин глобус» мукофотига тавсия этилди.
О, муҳаббат, муҳаббат...
Рененинг севгилилари рўйхати анчайин салмоқли. Жим Керри, Жорж Клуни, Жей Уайт, Кенни Чесни, Брэдли Купер... ҳаммаси номдор актёр ва қўшиқчилар. Аммо актрисанинг ҳамон на оиласи, на фарзанди бор. Нега?
Жим Керри қизил бахмал қутичада олмос кўзли узук тақдим этиб турмушга чиқишини сўраганида қиз, негадир, рад этди. Ноз қилдими, иккиландими?.. Жим унинг кўнглига йўл топиш учун нақд бир йил ортидан юрди, совға-саломлар, романтик сюрпризларга кўмиб юборди. Лекин Рене ҳамон «ҳа» демасди. Охири қизнинг юраги эриб, тўй кўйлагига буюртма бериш ҳақида ўйлаётганида, куёв айниб қолди. Бу стресс эди. Ўша руҳий тушкунлик даври айнан Бриджит образига таклиф тушган пайтга тўғри келди. Мана нима учун актриса бу қадар тез фурсатда 15 килога семирган. У аламидан тинмай овқат еган-да.
«Бриджит Жонс кундалиги» мислсиз муваффақиятга эришгач, Жим Керри яна Ренега нисбатан муҳаббат оловида ёна бошлади. Аммо қиз муҳаббат дардидан фориғ бўлганди, қайтиб бу машмашани бошлагиси келмади.
Кейин қисқаю узоқ муддатли бир неча ишқ можаролари бўлди, ҳатто бир марта Рене турмушга ҳам чиқди (қўшиқчи Кенни Чеснига), лекин никоҳ бор-йўғи олти ойда барбод бўлди.
Рене аёл сифатида ўзини бахтсиз ҳисобламайди. Нега дейсизми? У бахтли бўлиш учун ёнида кимдир бўлиш шарт эмас, бахт бу кўнгилнинг ҳолатидир дея ҳисоблайдиганлардан. Нима ҳам дердик: ўзи билади!
Бу ким? Наҳотки Рене?!!
Ҳолливуд тарихида қомати ва ташқи кўриниши билан қалтис ўйин ўйнаш борасида Рене Зеллвегерга тенг келадиганини топиш мушкул. Актриса «Чикаго» картинасидаги бош ролга розилик берди. Аммо энди у 15 килога озиши керак эди. Иродали ва тутган жойидан кесадиган Рене бу вазифани ҳам уддалади. Єандай қилиб? Кундалик жисмоний машқлар ва парҳез ёрдамида у бир ойда
2014 йили актриса ташқи кўринишида яна ўзгариш қилиб, оммани лол қолдирди. Уни бир тадбирда кўрган мухлислари умуман таниёлмасди. Пластик жарроҳлик орқали ажинлардан халос бўлиш иштиёқидаги актриса умуман бошқа, таниб бўлмас қиёфага кирганди. Бу хунук ҳам, чиройли ҳам эмас, аммо жуда ноодатий, одамнинг кўзи ўрганмаган, Рененинг ўзига ярашмаган қиёфа эди. Энди мухлислари уни янгидан танишлари ва қайта севиб қолишлари лозим.
47 ёшли актриса ҳамон ўзгаришлардан безгани йўқ. Мухлисларини яна қандай эврилишлар билан лол қолдиришини, насиб бўлса, кўрармиз.
ШАҲИНА тайёрлади.
Манба: «Sug'diyona» газетаси






