1

«ҚИЗИМНИНГ ЖАҒИДА ЎСМА БОР...»

СУҒДИЁНА 30.09.2017, 12:45
Теглар: Соғ бўлинг
«ҚИЗИМНИНГ ЖАҒИДА ЎСМА БОР...»

«Бир неча йил илгари қизимнинг жағида ўсимта пайдо бўлди. Ўсма катталашиб, лаб-лунжи осилиб қолгач, шифокорлар жарроҳлик амалиётини ўтказишди. Аммо шундан кейин ҳам фарзандим тўлиқ соғаймади. Ҳар сафар «Шу охирги операция» деймиз-у, бироқ ҳеч қанча вақт ўтмай ,ўсма ўрнида яна янгиси чиқади. Болам бечора тўрт марта операция бўлди. Ҳозир ўсмир ёшида, айни ўйнаб-кулиб юрадиган пайти хасталиги сабаб хеч кимга қўшилолмайди. Уни ўйлаганим сари келажагидан ташвишга тушаман»

Комила, Тошкент вилояти

Маълумотларга қараганда, болалар юз-жағ соҳасидаги хавфсиз ўсмалар онкологик хасталиклар орасида нисбатан кам учрайди. Аммо бу умуман йўқ дегани эмас. Биргина «ўсма» сўзининг ўзи қўрқувга солиши тайин. Табиийки, муолажа қаторида, «Сабаби нима?», «Олдини олиш мумкинми?» каби саволлар пайдо бўлади. Хўш, чиндан ҳам муаммонинг асл негизи қаерда? Умуман, болалар саломатлигига доир онкологик касаллик муолажалари республикамизда қай тариқа амалга оширилмоқда? Мавзу юзасидан батафсил маълумот олиш учун мутахассисларга юзланамиз.

Мутахассис – болалар онко-хирурги Фарҳод ҲАЙИТОВ.

ҚАЕРДА ВА ҚАНДАЙ?

Болалардаги онкологик хасталиклар орасида асосан юз соҳасининг юмшоқ тўқималари, суяк ва сўлак безларида ривожланувчи ўсмалар қайд этилади. Хасталикни келтириб чиқарувчи омиллар бир қанча бўлиб, ўсма турига кўра турли ҳолатларга ажратилади. Масалан, юмшоқ тўқимада ривожланадиган ўсмалар онанинг ҳомиладорлик вақти юқори нафас йўллари яллиғланиши ёхуд оғир асоратларга олиб келувчи касалликлар билан оғригани ҳисобига келиб чиқиши мумкин. Фарзанд кутаётган аёлларга шамолламаслик, организмга ножўя таъсир этувчи ташқи таъсирлардан ҳимояланиш айнан мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида айтилишини энди тушунгандирсиз.

Юз соҳасида учрайдиган ўсмаларнинг яна бир тури – суяк тўқимасида ривожланувчиси эса жароҳатлар асоратидан пайдо бўлади. Бунда юз-жағ соҳасига етказилган жароҳат ушбу аъзоларда жиддий ўзгаришларни келтириб чиқаради.

Юқорида сўлак безларида ривожланувчи ўсмаларни ҳам тилга олдик. Хасталикнинг бу турини юзага келтирувчи алоҳида омилни айтиш қийинроқ. Асосан оғиз бўшлиғи сўлак безларидаги сурункали яллиғланишлар ҳамда сўлак безларининг тош касалликларида ўсма келиб чиқиши кузатилади.

ХАСТАЛИК БЕЛГИСИ НИМА?

Аксарият касалликларнинг «ташриф қоғози» безовталик бошланган соҳадаги оғриқ ҳисобланади. Хўш, оғиз бўшлиғидаги ўсмалар ривожланишида-чи, қандай белгиларга диққат қилишимиз даркор? Бунинг учун дастлаб, ўсма турини фарқлаб олиш зарур. Агар у туғма бўлса, бола дунёга келгач, бир неча кун ёки ой давомида аниқланади. Зеро ҳомиладаги туғма ривожланиш нуқсонларининг кўп фоизи ҳомиладорлик пайти маълум бўлади.

Орттирилган кўринишида эса ота-оналардан зийраклик талаб қилинади. Чунки бу ҳолатда турли хил ўсма олди яллиғланишларини оддий безовталикдек қабул қилишингиз мумкин. Қолаверса, фарзандингиз ҳам организмидаги ўзгаришларни англолмай, тушунтиришга қийналади. Милк, тил ости, оғиз бўшлиғининг юмшоқ тўқималарида сурункали тус олган яллиғланиш, оғриқли ёки оғрисиз кечувчи шишлар, яра тошмалари бора-бора ўша соҳада ўсма ривожланишига мойилликни келтириб чиқаради.

ТЕКШИРУВ, ТАҲЛИЛ ВА ТАШХИС!

Боланинг юз қисмидаги ўзгаришлар ўсма касалликларига ишора бераётгани таҳмин қилинса, дастлаб беморнинг умумий аҳволи кўздан кечирилади. Фараз қилинаётган ўсма турига аниқлик киритиш мақсадида ультратовушли, рентгенологик ва компьютер резононас томография текширувлари ўтказилади. Шундан кейин ўсмадан кичик намуна олиниб, морфологик таҳлил бажарилади. Мазкур текширувлар ўсма ривожланишини келтириб чиқарган омилни аниқлаш ва ўсма характерига ташхис қўйишда ёрдам беради. Зеро, хасталикни пайдо қилган омил тўлиқ фош қилинсагина, муолажа самара бериши мумкин.

ДАВОСИ ФАҚАТ ОПЕРАЦИЯ?

Онкологик хасталик деганда, фақат жарроҳлик амалиётини тушуниш нотўғри. Ўсма намунаси экмасидан олинган гистологик текширувга асосан, жарроҳлик аралашуви, қўшма даволаш усули – яъни жарроҳлик+нур терапияси, жарроҳлик+физиомуолажа ёки комплексли даво чоралари қўлланилганида ҳар уччаласи бирга амалга оширилиши мумикин. Дори воситалари ёрдамидаги муолажа ҳам шифокор томонидан танланади. Одатда, хавфсиз ўсма касалликларида жарроҳлик амалиёти ўтказилади.

Бугунга келиб, Республика онкология илмий марказида ўсма касалликларини даволашнинг турли усуллари тадбиқ этилмоқда. Болалардаги жарроҳлик амалиётлари ўсманинг қайси аъзода келиб чиққанига кўра ўтказилади. Айтайлик, хавфсиз ўсма оғиз юмшоқ тўқимасида аниқланди. Операция тўқимадаги ўсмани олиб ташлашга қаратилади. Суякда ривожланувчи ўсмада эса суяк резекцияси бажарилиб, бир вақтнинг ўзида пластик жарроҳлик ҳам амалга оширилади.

ЯНА ЎСИБ ЧИҚМАЙДИМИ?

Таҳририятга мурожаат қилган муштарий фарзандининг тўрт маротаба операция бўлганини айтган. Мутахассислар эса Республика онкология марказида бир турдаги ўсманинг тўрт марта жарроҳлик аралашувига йўналтирилиши қайд этилмаганини таъкидлашмоқда. Бундан чиқди, муолажа пойтахтда ўтказилмаган. Шифокорлар масалага ойдинлик киритиш учун қайта тиббий кўрикдан ўтишни ва Республика онкология марказига мурожаат этишни тавсия қилишади. Тўғри, тиббиётда қайталанувчи хавфсиз ўсма турлари борлигини инкор этолмаймиз. Жумладан, лимфангиома қайталанувчи ўсма тури ҳисобланади. Аммо вақтида ва етарлича даволанилса, такрорланишнинг олдини олишга эришиш мумкин.

«БУГУНДАН НАЗОРАТДАСИЗ!»

Ҳар қандай турдаги хавфсиз ўсмалар шифокор назоратини талаб этади. Муолажа якунланганидан кейин ҳам бемор 3-5 йил давомида мутахассис кўригидан ўтиб туриши лозим. Буюрилган барча тавсияларга амал қилиши, соғлом турмуш тарзи, бойитилган таомнома ва энг муҳим оғир асоратларга олиб келувчи ҳар қандай ҳолат, ҳатто оддий шамоллашга ҳам йўл қўйиб бўлмайди.

Юз соҳасида операция ўтказилган болаларга жисмоний машқлар ва оғир меҳнат турлари ман этилади. Фарзандингизнинг организми зўриқмаслиги лозим. Чиниқиши-чи дерсиз, бунинг учун енгил, мушак ва суякларга босим бермайдиган машқларга мурожаат этиш мумкин. Қолаверса, кун тартибини тўғри ташкиллаштириш, тоза ҳавода сайр ҳам соғлиққа фойдали.

ИМТИЁЗ БОРМИ?

Республика онкология илмий марказида беморларга хизмат кўрсатишнинг барча тури бепул. «Операция қанчага тушади?» каби саволлар ушбу марказ учун ўринсиз, дейди мутахассислар. Агар беморнинг доимий яшаш манзили вилоят ҳудудларида бўлса, даволаниш учун келаётганида хасталик тўғрисида тўлиқ маълумот, қандай муолажалар ўтказилгани, фойдаланилган препаратлар, таҳлил хулосаларининг барча шакли ва шифокор йўлланмаси бўлиши лозим.

ЁДДА ТУТИНГ!

Ўсма касаллигининг хавфли ёки хавфсиз тури бўлишидан қатъи назар, билиб-билмай турли усулларни қўлламанг. Айниқса, физиотерапевтик муолажалар, мутахассис кўригисиз мутлақо ман этилади. Чунки физиомуолажалар ўсма ривожланишини фаоллаштириши мумкин.

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.


Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

БЎШАШГАН, ҚОНАЁТГАН ВА ЯЛЛИЈЛАНГАН МИЛКНИ ДАВОЛАЙМИЗ!

21.12.2017, 18:31

Кўпчилик тиш юваётган пайтда милкларининг қонашига унча аҳамият бермайди. Ваҳоланки, айнан шу ҳолатдан кейин оғзидан ҳид келишидан тортиб тиш бўшаб қолиши ва тушишигача бўлган асоратлар...
АПЕЛЬСИН. ШАРБАТИ ҲАМ, ЭТИ ҲАМ, ПЎСТЛОҒИ ҲАМ ШИФОБАХШ ХУСУСИЯТГА ЭГА

21.12.2017, 18:18

Плюслари: Шарбати ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди, тери жароҳатланганда қон кетишини тўхтатишда ёрдам беради, яраларни зарарли микроблардан тозалайди.Агар ҳар куни оч қоринга бир жуфт апельсин есангиз...
МАНДАРИН — ЯНГИ ЙИЛ МЕВАСИ!

21.12.2017, 18:18

Плюслари: Тана ҳарорати кўтарилганда мандарин шарбати чанқоқни босишда ёрдам беради; Микроб ва вирусларга қарши таъсир кучига эга. Демак, ўткир респиратор касалликлар ва гриппнинг олдини олишда...
БАЙРАМ ДАСТУРХОНИ ВА САЛОМАТЛИК

21.12.2017, 18:15

Ҳар бир касалликка хос мумкин бўлмаган ҳолатлар бор. Байрам дастурхонини безатишда ёки ноз-неъматлардан баҳраманд бўлишда уларни инобатга олишга тўғри келади. У ёки бу касалликда қайси...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1