Ўзбекистон фуқароларининг 91,6 фоизи ўз оилаларини мустаҳкам деб ҳисоблайди

ЖАМИЯТ 03.12.2013, 11:10
Ўзбекистон фуқароларининг 91,6 фоизи ўз оилаларини мустаҳкам деб ҳисоблайди
Ўзбекистон Конституциясининг қабул қилинганининг 21 йиллиги арафасида «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази «Оила ва маънавият» мавзусида сўров ўтказди.
 
Сўровномада қатнашганларнинг 89,6 фоизи давлатнинг оила масалаларига қаратаётган эътиборини юқори баҳолашини маълум қилган. 90 фоизи эса оилалардаги маънавият ва маърифатни юксалтириш бўйича масалаларни ҳал қилишда давлатнинг фаол ўрнини қайд этиб ўтган.

Сўровнома қайси ижтимоий институтлар Ўзбекистон аҳолиси орасида маънавиятнинг шаклланишига энг кўп таъсир кўрсатаётганини ҳам аниқлаб берган, дея хабар беради ЎзА. Натижаларга кўра, оила (86,7 фоиз), маҳалла (48 фоиз), таълим муассасалари (52,3 фоиз), ижтимоий муҳит (35,9), шунингдек, ОАВ (25 фоиз) маънавиятнинг шаклланишида муҳим роль ўйнамоқда.

Тадқиқот давомида респондентларнинг 73,5 фоизи ўз оилалари фаровонлиги «яхши» ва «жуда яхши» деб баҳолашган. Сўровнома шуни кўрсатганки, Ўзбекистон фуқароларининг 91,6 фоизи ўз оилаларини мустаҳкам ва бахтли деб ҳисоблайди, айниқса, қишлоқ жойларда бу фикрдагилар сони кўп.

Сўровномада иштирок этганларнинг 90 фоизининг фикрича, маънан соғлом, Ватанга содиқ болалар ҳамжиҳатлик ва иноқлик ҳукмрон бўлган бутун ва аҳил оилаларда вояга етади.

Респондентларнинг мутлақ кўпчилиги оилалардаги ажрашишлар ва фуқаролик никоҳларига қарши эканлигини маълум қилган. Ўз оилавий бизнесини очиш ҳақидаги саволга ҳар учинчи респондент ижобий жавоб берган. Сўров натижасида Ўзбекистонда оилавий бизнесни ташкил этиш ва юритиш учун барча иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий шароитлар яратилгани маълум бўлди.

Фуқароларнинг фикрича, Ўзбекистон Президенти томонидан оила тараққиётига кўрсатилган эътибор самараси ўлароқ, мустақиллик йилларида самарали оила сиёсати амалга оширилмоқда, оилаларининг моддий аҳволи яхшиланиб, ҳаёт даражаси ўсмоқда, маънавий-ахлоқий қадриятлар мустаҳкамланмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1