1

Шифо маслаҳат: ДИҚҚАТ, ИЧАКДА ИНФЕКЦИЯ!

САЛОМАТЛИК 03.10.2017, 09:09
Шифо маслаҳат: ДИҚҚАТ, ИЧАКДА ИНФЕКЦИЯ!

— Ичакка инфекция тушиши ҳақида маълумот берсангиз. Стафилакокк инфекциясининг пайдо бўлишига сабаб нима? Бу ҳолатда антибиотикларсиз муолажа қилса бўладими? Менда антибиотикларга таъсирчанлик бор, дисбактериоз бошланади.

Сайёра СОЛИЕВА, Тошкент шаҳри

Абдумурод КАТТАҚУЛОВ, олий тоифали шифокор-инфекционист:

— Инфекциялар инсон организмининг ичак аъзоси ёки қонида бўлиши мумкин. Унинг келиб чиқиши ҳам шунга кўра фарқланади. Масалан, стафилакокк инфекцияси катталар ва болаларга турли йўллар орқали юқади.

Болаларда асосан тилларанг стафилакокк кўп учраши билан қайд этилади. Инфекциянинг мазкур тури туғруқ вақти ҳомила қоғоноқ сувини ютиб юбориши ёки эмизикли аёлнинг кўкрак соҳасидаги турли жароҳатларга тушган вируслар сабаб юзага келиши мумкин. Шу билан бирга, туғруқ жараёнида тиббиёт ходимларининг санитария-гигиена қоидаларига риоя этмаслиги ҳам инфекцияга йўл очади.

Катталарда эса юқиш йўллари турлича. Шуниси қизиқки, айрим одамлар инфекция ташувчи бўлиб, бу ҳақида ўзи ҳам билмайди. Ўзи хасталанмайди-ю, аммо бошқаларга касаллик инфекциясини юқтираверади. Инфекция бурун ёки томоқ шиллиқ қаватида жойлашган бўлса, аксириш ёхуд йўтал жараёнида ҳавога тарқалади. Инфекция тўлиқ стерилланмаган тиббий асбоб-анжомлардан ҳам юқиши мумкин.

Инфекция «имзоси» ни биласизми?

Стафилакокк инфекцияси ташқи таъсирлар, сифати бузилган озиқ-овқат маҳсулотларида кўпайиши мумкин. Шу билан бирга, гигиена қоидаларига риоя этмаслик ҳам хасталикка олиб келувчи омилдир. Бироқ энг муҳим «айбдор» бу иммунитет! Айнан иммун тизимининг суст бўлиши инфекциялар учун қулай имконият яратади. Аслида оғиз бўшлиғидан то йўғон ичаккача организмнинг ҳимоя тўсиқлари мавжуд. Агар иммунитет мустаҳкам бўлса, ҳар қандай инфекция мана шу тўсиқдан ўтмайди. Масалан, оғиз бўшлиғидаги амелаза ферменти кам миқдордаги инфекцияларни бартараф этиб, организмга киритмайди. Англаганингиздек, иммунитетни чиниқтиринг.

“Қўли” баланд келсачи?

Айрим инфекциялар жуда кучли бўлиб, иммун тизимини осон маҳв этади. Мисол учун, ботулизм инфекцияси организмга тушиши билан фаоллашиб, хасталик аломатларини пайдо қилади.

Иммунитетнинг сусайиши асосан кичик ёшдаги болалар ва 45-50 дан ошган кишиларда кузатилади. Оғиз орқали ўтганда ошқозон ичак трактини шикастлайди.

Нимаси хавфли?

Стафилакоккнинг эпидермалис тури, кўз, бурун шиллиқ қаватлари, тери ва соч илдизида йирингли касалликларни пайдо қилиши мумкин. Инфекциянинг патоген тури эса менингит, остеомиелит (суяк тўқимаси яллиғланиши) ҳатто абцессга ҳам сабаб бўлиши аниқланган. Умуман стафилакокклар таъсирида организм ички аъзоларида ҳар қандай йирингли яллиғланишлар кузатилиши мумкин. Ушбу инфекция ўпка яллиғланиши ёки юрак клапанларига ҳам таъсир этиши ҳеч гап эмас.

Даволаш мумкинми?

Агар стафилакокк таъсирида йирингли касаллик келиб чиққан бўлса, ундан намуна олиниб, экма таҳлили ўтказилади. Текширув хулосасига кўра зарур препаратлар, хусусан, пеницилин ва цефалоспорин гуруҳига мансуб антибиотиклар тавсия этилади. Шу билан бирга, шифокор назоратида стафилакоккга қарши бактериофаглар буюрилади. Муолажа давомида бемор тўғри овқатланиши, танага қувват улашувчи маҳсулотларни истеъмол қилиши, кўпроқ дам олиши ва кун тартибига риоя этиши зарур. Тушунганингиздек, инфекцияларга қарши муолажада яхшиси, касаллик таътилига чиққан маъқул. Уй шароитида қорағат мевасидан тайёрланган шарбат ёки чойлар асқатади.

Дисбактериоз – чи , у нима бўлади?

Бу ҳолат ташҳис эмас, айрим турдаги перапаратлар таъсиридан келиб чиқадиган синдром, холос. Борди-ю узоқ муддат антибиотик қабул қилинган бўлса, дисбактериоз келиб чиқиши мумкин. Аммо уч кунлик муолажа бундан мустасно. Стафилакокк турига кўра тайинланган антибиотиклар ўз вақтида қабул қилинмаса, касаллик янада авж олиши ҳеч гап эмас. Шу боис дисбактериоздан чўчимай, шифокор билан бамаслаҳат иш кўринг.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1