1

ҲОМИЛАДОРЛИКДА АЧИТҚИ ЗАМБУРУҒИ: ХАВФЛАР, САБАБЛАР, ЧОРАЛАР

САЛОМАТЛИК 03.10.2017, 17:57
ҲОМИЛАДОРЛИКДА АЧИТҚИ ЗАМБУРУҒИ: ХАВФЛАР, САБАБЛАР, ЧОРАЛАР

Ёшим 25 да. Биринчи ҳомилам нобуд бўлди, сабаби, мендан «ачитқи замбуруғи» деган инфекция топишди. Энди иккинчи ҳомиладорликни режалаштираяпман. Бу замбуруғ бўлажак фарзандимга салбий таъсир кўрсатмаслиги учун нима қилишим керак? Шу замбуруғ ва у билан курашиш йўллари ҳақида маълумот берсангиз.

Мукаррам, Фарғона вилояти

Деярли ҳар бир аёл организмида бўладиган, аммо қиндаги ўзига хос микрофлора таъсирида пассив ҳолатда яшайдиган ачитқи замбуруғи, бошқача қилиб айтганда, «Candida» кўпчилик аёлларга ҳомиладорлик пайтида талай ноқулайликларни туғдиради. Юқоридаги мурожаат сабаб бу масалага ойдинлик киритамиз.

Мутахасси — шифокор-гинеколог Моҳира Содиқова

Бу қандай замбуруғ?

Энди кандида замбуруғи ҳар бир организмда яшашини яхши биласиз. Болаларимизнинг оғзи оқариб, стоматит бўлиб қолади. Ёки аёлларнинг жинсий аъзоси қичишиб, оқ рангли, нохуш ҳидли ажралмалар пайдо бўлади. Ана шу кандида замбуруғининг фаоллашиши оқибатидир.

Оғизда ва қинда бу замбуруғларнинг кўпайиб-камайишини шиллиқ қават микрофлораси назорат қилади, яъни уларнинг авж олишига йўл қўймайди. Аммо бирон бир ташқи таъсир сабабли, олайлик антибиотиклар ёки стресс туфайли, организмда иммунитет пасайса, шиллиқ қаватдаги микрофлора бузилса, кандидоз юзага келади. ҳомиладорлар эса кандидозга кўпроқ чалинадилар, чунки организмда ишлаб чиқарилаётган махсус гормонлар туфайли иммунитет сусайиб, лейкоцитлар фаоллашади, бу ҳам замбуруғнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Белгилари борми?

ҳомиладор аёлда кандидоз ҳомиласиз аёлдаги каби белгилар билан кечади: қиндан ўткир ҳидли оқ ажралмалар келади, қичишиш, ачишиш пайдо бўлади, ташқи жинсий лаблар қизаради, кичик ҳожатга борганда ва жинсий алоқа пайти оғриқ кузатилади. Фақат ҳомиладор аёл тез-тез ҳожатга боргани учун бу оғриқни кўпроқ ва ўткирроқ ҳис қилади.

Даво чораларини кўриш...

Ҳомиладорликда бу касалликни даволаш бирмунча муаммоли. Чунки ачитқи замбуруғи тизимли-мажмуавий даволашни талаб этади. Яъни ҳам таблеткалар ичиш, ҳам суртма, шамчаларни маҳаллий қўллаш керак. Маҳаллий қўлланадиган воситаларга чекловлар кам, аммо замбуруғга қарши ичга қабул қилинадиган дориларнинг аксари ножўя таъсирлари туфайли ҳомиладор аёлга тавсия этилмайди. Шу сабабли ҳомиладор аёл кандидозга йўлиқса, ўзбошимчалик билан эмас, шифокорнинг қатъий назорати остида даволаш керак.

Энг тўғри йўли, ҳомиладорликни режалаштираётганда бу касалликни аниқлаш учун таҳлиллар топшириш, аниқланган тақдирда, уни даволаб, кейин ҳомиладор бўлиш керак. Одатда, даво чоралари тўғри амалга оширилса, ачитқи замбуруғини даволашга ўртача 7 кун кетади. Шунинг учун ҳомиладор бўлишдан аввал дардга йўлиқмай туриб, унинг олдини олиш осонроқ. Бунинг учун махсус воситаларни касалликнинг даражасига қараб шифокор ёзиб беради. Асло ўзбошимчалик билан даволанманг, чунки бу замбуруғ жуда айёр. Маълум муддат даво чоралари таъсир қилгандек туюлиб туради-да, кейин бадтар қўзғалиши мумкин.

Ачитқи замбуруғининг ҳомилага таъсири

Айни пайтда ачитқи замбуруғининг ҳомилага кескин ва ёмон таъсир қилиши ҳақида маълумотлар йўқ. Чунки ҳомила бачадон ва йўлдош воситасида яхши ҳимояланган бўлиб, замбуруғ бу ҳимоя қобиғини ёриб ўта олмайди. Нари борса, бола туғилаётганда қин йўлида уни юқтириб олиши ва туғилгач оғзи оғриб, оқариб қолиши мумкин.

Муштарийимизнинг мурожаатида ҳомиланинг нобуд бўлишига ачитқи замбуруғи сабаб қилиб кўрсатиляпти. Аммо баъзида жинсий йўл билан юқадиган хавфли инфекциялар – гонорея, трихомониаз, хламидия ва бактериал вагинит каби касалликларнинг белгиси ҳам кандидозга ўхшайди. ҳомила асосан шу инфекциялар туфайли нобуд бўлиши мумкин. Айни сабабдан қайтадан таҳлиллар топширишни ва юқорида биз санаган хавфли инфекцияларга ҳам суртмани текширтиришни тавсия қиламиз.

Шаҳина тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1