АсосийSUG'DIYONA

ҚАБЗИЯТНИНГ 7 ДАВОСИ

'ҚАБЗИЯТНИНГ 7 ДАВОСИ'ning rasmi

К Кундалик таомномада қолдиқ тўқимага бой озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли миқдорда бўлишлигига эътибор беринг. Хусусан, қишда ҳар куни мева ва сабзавотлар, ёрмалар, мева қоқиси истеъмол қилинг. Шунингдек кепакли нон, сули ёрмаси, ўсимлик мойларидан истеъмол қилиб туринг.

“Мевалар камалаги”: қуритилган қора олхўри, анжир, баргакдан тенг миқдорда олиб, гўштқиймалагичдан чиқаринг. Сўнг шунча миқдорда асал қўшинг-да, музлатгичда сақланг. Кечқурун ётишдан олдин 1 ош қошиғини ярим пиёла илиқ қайнаган сувга аралаштириб истеъмол қилинг.

Буйрак касалликлари, қон босимининг юқорилиги кузатилмаса, кунлик суюқлик миқдорини сақлаш зарур (кунлик меъёр 1,5 – 2 литр суюқлик – чой, сув, шарбат, газсиз маъданли сув, компот, шўрвалар).

Кўпроқ жисмоний ҳаракат қилинг – пиёда сайр, велосипед ҳайдаш, югуриш шулар жумласидан. Қорин мушакларини мустаҳкамловчи махсус машқларни бажаринг (мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда).

Наҳорда ва ётиш олдидан қайнатиб совутилган сувни музлатгичда музлатиб, қайта эритилган 1 пиёлани ичиш, эрталаб эса қорин деворини соат миллари бўйлаб уқалаш тавсия этилади.

Доривор гиёҳлардан сано, каллезия, арпабодиён, мармарак, мойчечак, ўрмонқорин йиғмаларидан дамлама тайёрлаб ичинг.

Ични юмшатиб қабзиятни бартараф этувчи воситалардан бири зиғир уруғидан тайёрланган дамлама ҳисобланади. 1 ўртача қошиқда зиғир уруғидан олиб, устига бир пиёла қайноқ сув қуйилади ва яхшилаб ўраб қўйилади. Дамлама илиб қолгач, докадан сузиб эрталаб ва кечки пайт ярим пиёладан ичилади.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси

Бошқа янгиликлар