1

"БУ ҲУДУД МЕНГА ТЕГИШЛИ..."

МУТОЛАА 05.10.2017, 12:26
"БУ ҲУДУД МЕНГА ТЕГИШЛИ..."


— Бошимдан ўтган воєеа ишончсиздек туюлса-да, лекин іақиқат, — деб гап бошлади таҳририятга қўнғироқ қилиб, ўзини Аслиддин деб таништирган мухлис. — Бу воқеага роппа-роса бир йил бўлди. Ўтган йили иккинчи январь куни кеч тушганда ўртоғимникидан қайтаётгандим. Янги мотоциклимни кимсасиз кўчадан учириб бораётганимда, чўнтагимда “вибрация” берган телефоним хаёлимни бўлди. Ким қўнғироқ қилганини билиш учун телефонимни оламан деб бир зум бошқарувни йўқотдим ва кўз очиб-юмишга улгурмасимдан рўпарамдаги дарахтга бориб урилдим... Зарба шунчалик қаттиқ бўлдики, уч метр нарига учиб кетиб, бошим билан ерга тушдим. Кўзимдан олов чиқиб, худди бутун дунё гир айланаётгандек ўрнимдан тура олмасдим. Шу маҳал ердан чиққандек қаршимда бир йигит пайдо бўлди.

— Хавотир олманг, ҳаммаси яхши бўлади, ҳозир касалхонага олиб бораман.. — деди у шошиб қўлтиғимдан олиб, ўрнимдан турғизаркан. — Ярим тунда “Тез ёрдам” чақиришдан фойда йўқ.

— Кимсиз? — дедим кўзимни оча олмай.

— Исмим Сардор, бу ҳудуд менга тегишли, мен қўриқлайман... — деди у мени елкасига ортиб.

Секин-аста яқин атрофдаги касалхонага етиб бордик. У мени ўриндиққа ётқизиб, ўзи шифокор чақиргани югурди. Кейин нима бўлганини билмайман. Кўзимни очганимда травматология бўлимида, икки оёғим гипсланган ҳолда ётардим. Бошим ҳам ўраб ташланганди. Ўзимга келганимни кўрган шифокор “Шу аҳволда қандай қилиб касалхонага ёлғиз ўзингиз етиб келдингиз?” деб сўради ҳайратланиб. Мен эса ёлғиз келмаганимни, Сардор деган йигит олиб келганини айтдим.

— Ёнингизда ҳеч ким йўқ эди. Мен чекишга чиққанимда ўзингиз икки букчайганча зўрға юриб, ўриндиққа келиб ўтирганингизни кўрдим, — деди шифокор.

“Наҳотки, Сардор деган йигит кўзимга кўринган бўлса?” деб ўйладим иккиланиб. Икки ой касалхонада ётдим. Тузалиб чиққанимдан кейин хайр-эҳсон қилиб, дадамнинг қабрини зиёрат қилгани бордим. Ўша ерда халоскоримга кўзим тушди! Қабр тошидаги суратдан жилмайганча менга... Сардор қараб турарди. Қўрқувдан кўзим тиниб кетди... Аввал бу қабрга эътибор бермаган эканман. Аланглаб қабрлар атрофини тозалаб юрган қоровулни кўдим. Ундан бу ерга кўмилган йигит кимлигини ва қандай вафот этганини сўрадим.

— Сардор деган йигит бундан уч йил бурун мотоциклда ҳалокатга учраб вафот этган, — деди у.

Шунда яна тошдаги ёзувга қарадим. Сардор мен ҳалокатга учраган куни, яъни 2 январда дунёдан кўз юмган экан. Демак унинг арвоҳи менга ёрдам берган. Шунда унинг сўнгги гаплари қулоғим остида жаранглагандек бўлди: “Бу ҳудуд менга тегишли, мен қўриқлайман!”

Қоровулга бошимдан ўтган воқеани гапириб бердим. У бошқалар каби ҳайратланмади.

— Худо раҳмат қилсин, жуда яхши йигит эди. Ўлимидан кейин ҳам ҳаётингизни асраб қолибди-я... — деди кўзига ёш олиб.

— Наҳотки улар ўзлари вафот этган ҳудудни қўриқлашса? — сўрадим ҳамон ўзимга кела олмай.

Қоровул маъюс жилмайди:

— Унақада ҳеч ким автоҳалокатга учрамасди... — деди у ўйланиб.

Сардорнинг қабри бошида ўтириб бу йигит билан тириклик пайтида таниш бўлмаганимдан афсусландим.

Одамларга ғалати туйилса-да, тақдирнинг инояти билан менинг ҳаётимни у асраб қолганди. Агар у бўлмаганда ярим тунда ёрдам етиб келгунча вафот этишим ҳам мумкин эди.

Ўша куни қабристондан унинг оиласини албатта қидириб топишга ва қўлимдан келганча ёрдам беришга аҳд қилиб қайтдим...

Дилфуза СОБИРОВА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1