Пилинг жараёнининг ўтказилиши юз териси учун стресс экани маълум. Негаки пилинг юзнинг устки қатламини олиб ташлаб, тери таранглигини оширишга қаратилган муолажа. Ваҳима қилишга шошилманг. Балки ҳаммаси сиз ўйлагандек қўрқинчли эмасдир? Бу ҳақда тўлиқроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз, марҳамат! Бу муолажа ҳақида кенг тарқалган фикрларнинг қай даражада тўғрилигини текшириб кўрамиз.
- 1. «Пилинг юздаги ҳуснбузарларнинг барча турига қарши қўлланилиши мумкин». Ҳа! Аммо сурункали шамоллаш оқибатида тошган ҳуснбузарларга қарши ушбу муолажа ўтказилмайди.
- 2. «Барча турдаги ажинларни текислайди». Пилингнинг ҳар бир турида маълум даражадаги таъсир кучи бор. Аммо у ажинлар билан курашишда юз фоиз кафолатланган усул эмас. Мезотерапия ҳамда контур пластикаси билан бир қаторда қўлланилган пилинггина бу борада яхши самара бериши мумкин. 3. «Пилингда қаердадир қалин, қаердадир юпқа қатламда шлифовка қилиниб, юз териси ўз текислигини йўқотиши мумкин». Барчаси мутахассис танлаган услубга боғлиқ. Ҳуснбузарлардан қолган доғлар билан курашишда улар чиққан жой чуқурроқ пилингланса, юз терисини умумий ёшартириш жараёнида таъсир бир хил текисликда бўлади.
- 4. «Ўттиз ёшга тўлмаганларга пилинг муолажаси тавсия этилмайди». Бундай эмас. Кимёвий пилинг ўспиринлик давридаги юз териси муаммолари (ҳуснбузар тошиши, қора нуқтачалар ва юз терисининг ҳаддан ташқари ёғланиши) билан курашишда ҳам кенг қўлланилади. Даволашнинг қай услубидан фойдаланишни эса мутахассис белгилайди.
- 5. «Пилинг ёрдамида кўз атрофидаги ажинлардан халос бўлишнинг иложи йўқ». Бу танланган усулга боғлиқ. Лазерли фракцион пилинг яхши натижа кўрсатиши мумкин. У микронурлар таъсирида юз терисини таранглаштириб, устки қаватни нисбатан текислай олади.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.






