АсосийSUG'DIYONA

ОЙБЕК ва НИГОРАдан “ИТАЛЬЯНЧА ПАСТА”

'ОЙБЕК ва НИГОРАдан “ИТАЛЬЯНЧА ПАСТА”'ning rasmi

"Даракчи" газетасининг "Ўзбегим ошхонасига" лойиҳаси қаҳрамонлари Нигора “Итальянча паста” егиси келгани учун Ойбек рафиқасини “Палет” ресторанига олиб келди. Жуфтлик у ерда ошпаз Баҳром ҲАҚНАЗАРОВдан шу таомни пиширишни ўрганишга киришишди. Қизиқ, Нигора тез тайёрланадиган овқатга қизиқиб қолибди...

Зарур масаллиқлар (4 кишилик):

  • 0,5 кг. ун,
  • 200 гр. товуқ гўшти,
  • 6та хонадон тухуми,
  • 100 гр. порей пиёзи,
  • 80 гр. зайтун ёғи,
  • 200 гр. қўзиқорин
  • 200 гр. қаймоқ
  • Таъбга кўра туз, мурч, ўзига хос таъм берувчи зиравор: кийик ўти, пишлоқ.

Қайласи учун зарур масаллиқлар:

Тайёрланиши:

1-жараён:

Нигора: — Унга 6 та тухумни чақиб, устига 50 гр. зайтун ёғи ҳамда 40 гр. туз солиб хамир қорилади.

Хамир лағмоннинг хамирига нисбатан бироз қаттиқ қорилиши керак. Сўнг тиниши учун музлатгичга ярим соатга қўямиз.

2-жараён:

Ойбек: — Хамирни истасангиз махсус мосламада кесиб олишингиз мумкин.

Бўлмаса, кесма лағмондагидек ёйиб тўғраса ҳам бўлади.

Сўнг яна тиниши учун 10 дақиқага музлатгичга олиб қўйинг.

Кейин тузли сувда хамирни қайнатиб оламиз.

Қайланинг тайёрланиши:

Нигора: — Ойбек, “Севгинатор-2”даги Манзура опа билан Муқаддас Холиқованинг овқат пишириш саҳнаси ёдимга тушиб кетди. Манзура Йўлдошева “Ойижон, картошкани ўзингиз артиб бера қолинг, сизда жуда чиройли чиқяпти-да”, дейди-ку айёрлик билан (мириқиб кулади).

Ойбек: — Ҳа, менда доим чиройли чиқади ўзи.

1-жараён:

Товуқни ўртача катталикда сомонча, порей пиёзи ярим ой шаклида тўғралади.

Қўзиқорин ўртасидан иккига, сўнг учга бўлинади.

2-жараён:

Ойбек: — Нигора, ўзим қовуриб бера қолай-а? Демак, бошладик! 25 гр. зайтун ёғида порей пиёзи ўлгунича қовурилади.

Устига товуқ гўштини солиб, пишгунича аралаштириб турамиз. Кейин қўзиқорин қўшиб, тайёр ҳолга келгунига қадар пиширилади. Таъбга кўра туз, мурч ва кийик ўти зираворини солишни ҳам унутманг.

Сўнгги жараён қаймоқ қўшиб, бироз қуйилгунча аралаштирамиз. Қайла тайёр! Бироқ товадаги қайлани газдан олмай, пишган хамирни устига солиб, масаллиқни яхшилаб аралаштиринг.

Тайёр таомни ликопчаларга сузиб, устини қирғичдан чиқарилган пишлоқ билан безашингиз мумкин.

ЭСЛАТМА!
  • Хонадон тухумидан фойдалансангиз, хамирнинг ранги чиройли чиқади ва албатта, таомнинг мазаси ўзгача бўлади.
  • Порей пиёзини ўрнига оқ пиёз ишлатса ҳам бўлади.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади. Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар