АсосийSport

​ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ ҲАМДА ЎФФ ҚЎШМА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛДИ

'​ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ ҲАМДА ЎФФ ҚЎШМА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛДИ'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Футбол Федерациясининг “Болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш тўғрисида” қўшма қарори қабул қилинди.

Қарорнинг мақсади Республикамизда болалар ва ўсмирлар футболини янада ривожлантириш, футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, академиялари ва Олимпия захиралари коллежларининг футбол бўлимларида тарбиявий ва ўқув машғулотларининг сифатини яхшилаш, ёш футболчиларнинг маҳоратини янада ошириш, профессионал ҳамда терма жамоаларга захира ва иқтидорли футболчиларни тайёрлаш ва улар орасида саралашда холислик ва шаффофликни таъминлашдан иборат.

Қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги тасарруфийлигидан қатъий назар барча футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, Футбол клублари қошидаги академиялар ва Олимпия захиралари коллежлари ҳамда барча спорт мактаблари фаолиятини ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳ тузилади.

Ушбу ишчи гуруҳга бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги футбол мактаблари фаолиятини ўрганиш натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Ўзбекистон Футбол Федерацияси билан биргаликда болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш бўйича 2018–2023 йилларга мўлжалланган Дастур ишлаб чиқиш вазифаси топширилади.

Шунингдек мазкур ҳужжатда футболга ихтисослаштирилган таълим муассасаларига иқтидорли ёш футболчиларни танлаб олиш сифатини, холислигини ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида қабул жараёнида ўтказиладиган имтиҳон, синов комиссияси таркибига Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан тавсия этилган мутахассисларнинг киритилиши таъминланади.

Мазкур қарорнинг тўлиқ матни ЎФФнинг расмий сайтида келтирилган.

    Бошқа янгиликлар