1

ТАНГАНИНГ ИККИ ТОМОНИ ЁХУД ҚАЙНОНА-КЕЛИН МУНОСАБАТЛАРИ ҲАҚИДА

СУҒДИЁНА 09.10.2017, 12:19
Теглар: Оила
ТАНГАНИНГ ИККИ ТОМОНИ ЁХУД ҚАЙНОНА-КЕЛИН МУНОСАБАТЛАРИ ҲАҚИДА

Келин: «Бу уйда яшаш осон бўлмаслигини билгандим…»

Санобар: — Келин бўлиб тушган кунимданоқ қайнонамнинг ўз хоҳишини очиқ айтмай, мижғовланиб иш буюришидан, ўғлини қизғаниши, қилган ишларимни ҳам бошқаларга ўзи бажаргандек кўрсатишидан сўнг тушундимки, бу уйда яшаш осон бўлмайди. Бу хонадонга келганимга 8 ой бўлди. Ҳозир ҳомиладорман, қоним кам, белим оғрияпти. Қайнонам бир кун ҳам бемалол дам олишимга қўймади, 2 маротаба поликлиникадан шифохонага йўлланма берса, қоғозингизни йўқотиб қўйибман, кейинроқ шифохонага ётарсиз, деб баҳона қилди. Бир-бир ярим ойда уйимга бораман, қайтганимдан кейин 1-2 кун қовоқ-тумшуқ қилиб, идишларни тарақлатиб, эшикларни қарсиллатиб ёпиб юради. Жуда кўп ёлғон гапиради, масалан, уйимдан пирог олиб келсам ёки ўзим нимадир тайёрласам, қайнотамга «қўшни олиб чиқди, сотиб олдим» каби ёлғон гаплар айтади. Индолмайман, шу билан хурсанд бўлса, майли, дейман. Телефонга, эшикка, қўшниларга умуман яқинлаштирмайди. Эрим маошини онасининг қўлига тўлиқ топширади, кейин бирор сўм сўролмай уялади, ишхонасига пиёда кетади, тушлик ҳам қилмайди. Бир коса овқат солиб бермоқчи бўлсам, «онангдан кўра меҳрибонроқман» деб хотининг мендан сени айирмоқчи, деб ўғлининг кўнглини бузади. Менга ёмон ҳам, яхши ҳам гапирмайди, ҳаммасини орқамдан айтади.

Қайнона: «Синовларимдан ўтишига озгина қолди»

Шаҳноза опа: — Келинларга теккан касал — ҳомиладор бўлдими, камида 3 марта шифохонада ётиши керак эмиш. Ким билади, поликлиникадаги докторга ўзи атайлаб ёздириб олиб келган бўлса керак ўша йўлланмасини. Болаларимнинг ризқини қийиб, энди шифохонага овқат, дори-дармон ташиб юришим қолувди. Ота-онасиям тўласин, уларга чаллари, чақириқлар қилдирмаган бўлсам. Ана, қўшни Дилфузанинг келини, шунча яхшилигини билмай, барибир уйига кетиб қолди. Мен бу келиннинг тизгинини бўш қўйсам, бошимга чиқиб олади, қўшнилар, уйидагилари билан мени ғийбат қилади. Шунинг учун ҳам уйига камроқ юбораман. Чунки келинларнинг атрофида ақл ўргатувчилар кўп бўлади. Келиним ҳам шуларнинг гапига кириб қолмасин, дейман-да! Битта ишига қойил қоламан, умуман гап қайтармайди, атайлаб синаш учун бир нарсалар айтсам ҳам, «аслида бунақа» деб ўзиникини маъқулламайди, индамайди. Яна озгина қолди, синовларимдан ўтиб, набирамни туғиб олсин, бир ёз, бир қиш ўтса, ана кейин уйига бир ойда икки марта юбораман.

Кўзгу нима дейди?

Санобар — сабрли ва итоаткор келин, Шаҳноза опа — хассисроқ ва ишига пишиқ аёл. Шаҳноза опанинг тактикасини жудаям ёмон деб бўлмайди, аммо келиннинг соғлиғи масаласида ҳам диктаторлигу тежамкорликни ошириб юбориш қуюшқонга сиғмайди. Аслида келинларнинг бетоб бўлиши азалдан қайноналарга ёқмайди, бундан ташқари, ўз ўғлига нисбатан ҳам ниҳоятда камхарж бўлган одамдан буни кутиш қийин эмас. Бироқ келиннинг соғлиги авлоднинг баркамоллигини белгилайди. Оғриган, тоби бўлмаган пайтида қайнонасидан меҳр кўрган ҳар қандай келин ҳам шунга яраша жавоб қайтаради. Шаҳноза опа одамлар ҳаётидан фақат ёмон томонларни ибрат қилиб олмасдан, ўз келинини қизи деб билиб, барча муаммоларини биргаликда ҳал қиладиган қайноналар ҳам борлигини ёдига олса ва келинининг хизматларини юзага чиқарса, орадаги совуқлик йўқолиб, меҳр олови алангаланади.

Хуллас, бу баҳсли мавзунинг охири йўқдек. Нима бўлганда ҳам қайнона-келин бир-бирини тушуниб яшаса, муаммоларга ўрин қолмайди.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Ўзбекистонда қанча оила фақат шаърий никоҳ асосида яшагани аниқланди

14.11.2019, 18:36

 Ўзбекистонда ФҲДЁ органлари ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгач, фақатгина шаърий никоҳ билан яшаб келган 20 минг 350тадан ортиқ оила аниқланиб, уларнинг никоҳи қонунийлаштирилди.Бу ҳақда 13 ноябрь куни оила...
«ИЧКИЛИК БЎЛМАСА ЭДИ...»

23.12.2017, 17:11

Сайёра, 30 ёш, Жиззах вилояти: — Турмушга чиққанимга ўн йил бўлибди. Икки фарзандим бор. Қайнона-қайнотам билан бирга яшаймиз. Шу йиллар ичида тинч, осойишта, хотиржам яшаганимни...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1