1

25 ЁШДАН КЕЙИН БЎЙ ЎСАДИМИ?!

САЛОМАТЛИК 09.10.2017, 15:16
25 ЁШДАН КЕЙИН БЎЙ ЎСАДИМИ?!

Фарзандингиз тенгқурларига қараганда бўй ўсишда ортда қолаётгани безовта қилаётган бўлса, муаммо кичкинтой улғайган муҳитда бўлиши мумкин. Боланинг бўйига онанинг ҳомиладорлик давридаги овқатланиши, бошдан кечирган стресс ва касалликлари таъсир қилади. Гўдаклик ёшида юқумли ва аллергик касалликлардан асрасангиз, вақтида уқалаш муолажаларини бажариб, чиниқтириш ишларига киришган бўлсангиз, бу муаммо сизда кузатилмайди. Албатта, ота-онанинг бўйи ҳам боланинг ривожланишида муҳим. Ахир бўй ўсиши худди бошқа омиллар сингари насл тортади-да. Бугунги саҳифамиз орқали бўй ўсишига доир долзарб саволларга ойдинлик киритамиз. Мутахассис - шифокор-эндокринолог Шаҳноза МУСАЕВА.

«Шу ҳолича қолиб кетадими?»

Єизим 25 ёшда. 2-даражали буқоғи бор. Бўйи паст. Єандай муолажалар ёрдамида бўйини ўстириш мумкин?

Нафиса, Тошкент шаҳри

Биринчи галда шифокор-эндокринологга учраб, фарзандингизни тўлақонли текширувдан ўтказинг. Шифокор УТТ ҳамда қонда гормонлар нисбатини аниқловчи текширувни буюради. Бўй пастлиги муаммосига келадиган бўлсак, рентгенография усули ёрдамида билак суяклари текширилади. Бу усул ёрдамида қизингизнинг суяклари ўсиш ҳудудида ёки йўқлигини билиш мумкин. Уй шароитида кўпроқ сут-қатиқ маҳсулотларини истеъмол қилиш, кечки соат 21:00 да ухлаш тавсия этилади.

«Жисмоний машқлардан наф борми?»

Синглим 18 ёшда. Бўйи паст. Єайси спорт тури ёрдамида бўйини ўстириш имкони бор?

Азиза, Фарғона вилояти

Бўй ўсиш гормони қиз болаларда биринчи ҳайз келгунига қадар тезлик билан ривожланади. Бундан кейин қизларнинг ўсиши даргумон. Синглингизда ҳайз нисбатан кеч, мисол учун 16 ёшда бошланган бўлса, текширувда суякларнинг ўсиш ҳудуди ҳали ёпилмаганлиги аниқланса, даво муолажалари кор қилиши мумкин. Бўйни ўстиришда сузишнинг «брасс» тури ёрдам беради. Сузиш жараёнида одамнинг умуртқаси узайиб-ростланиши ҳисобига бўйи чўзилиши мумкин. Арғимчоқ сакраш машқлари ҳам фойдали.

«Эр-хотин ўрта бўйлимиз, ўғлим ҳам шундай бўладими?»

Турмуш ўртоғим иккимизнинг бўйимиз унчалик баланд эмас. Ўғлим 52 см туғилган, ҳозир 2 ёшда. Шифокор, боланинг ўсиш суръатлари меъёрда, аммо барибир ўрта бўй бўлади, деди. Боламнинг бўйи бизникидан баландроқ бўлиши учун нималарга аҳамият бериш керак?

Доно, Тошкент шаҳри

– Боланинг бўйига, албатта, ирсият таъсир қилади. Бу дегани ота-онаси ўрта бўй бўлиб, мисол учун, отасининг бўйи 168 см, онасининг бўйи 160-162 см. бўлса ўғил бола 164-170 см. гача, қиз болада эса 158-162 см. бўлиши мумкин. Ота-она ўзининг паст бўйлигини ҳисобга олиб, қуйидагиларга аҳамият бериш керак:

* Бола оқсил, кремний, руҳ ҳамда Д ва В витаминига бой маҳсулотларни истеъмол қилсин. Ушбу таомнома: балиқ, қўй жигари, бедана тухуми, сельдер кўкати, дуккаклилар, ошқовоқ уруғи, қора майиз, кунжут, сули, олма, банан, сабзи ва ўсимлик мойларидан иборатдир.

* Вақтида ухлашига ҳам аҳамият беринг: ўсиш гормони кундузги уйқу ҳисобига кўпаяди.

* Фарзандингизнинг ўсишини кузатинг. Туғилишидан 5 ёшгача, мактаб даврида эса 9–11 ёшгача бола бўйи жадаллик билан ўсади. Айниқса, ёз ичида 7-9 ёшли бола ўтган йилга нисбатан камида 7-8 см.га ўсган бўлиши керак. 5-6 синфларда бўй ўсиши яна секинлашади, балоғат даврида эса яна кучаяди. Шу даврлар ичида боланинг руҳий аҳволига эътиборли бўлиб, вақтида дам олиши, спорт билан шгуғуллантирсангиз, сизнинг бўйингиздан 8-10 см.гача баландроқ ўсишига имкон яратасиз.

* Бола кунига уч маҳал, 5-10 дақиқагача турникда осилиб, тиззаларни букиб-ростлаши, полга қорин билан ётиб, «кемача» сингари қўл-оёқларни чўзиб, гавдани ўнг-чапга ҳаракатлантириши фойдали. Баландликка сакраш билан боғлиқ спорт турлари – баскетбол ва волейбол боланинг бўйини 7-10 см.гача узайишига хизмат қилади. Фақат шуғулланиш ҳафтасига уч марта ва 45 дақиқадан кам бўлмаслиги керак.

* Борди-ю, бола тенгқурларидан ўсишда ортда қолаётгани сезилса ва юқоридаги тавсиялар наф бермаса, шифокор-эндокринолог кўригидан ўтиб, дори-дармонлар ёрдамида бўйни ўстиришга киришилади. Лекин бу жараённи эртароқ бошлаган маъқул. Балоғат ёшидан кейин бўй ўстириш муолажаси наф бермаслиги мумкин.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1