1

ЭНДИ СЎЗГА СИҒМАС БИЗЛАРНИНГ СУҲБАТ

МУТОЛАА 09.10.2017, 17:08
ЭНДИ СЎЗГА СИҒМАС БИЗЛАРНИНГ СУҲБАТ

— Усмон ака, аввал ҳам, ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам адабиёт — адаб, яъни одоб фани бўлиб қолаверади. Эҳтимол, шу боисдан шеъриятга эҳтиёж сезилар. Тўғри, бугун тарбия воситалари кўп. Лекин инсон камолатида адабиётнинг ўрни бўлак. Келинг, суҳбатимизни шеърият ва қалб тарбиясидан бошласак.

— Инсоният ҳамиша яхшилик ва ёмонликни, эзгулик ва ёвузликни, ҳалол ва ҳаромни фарқлаб яшашга ҳаракат қилган. Одам дунёга келиб, эс-ҳушини таний бошлаган пайтдан – оиладан бошланадиган тарбия натижасида одоб-ахлоқнинг онгу шуурга сингиб кетган – ёзилмаган қоидалари асосида яшай бошлайди. Аммо бу қоидаларнинг шайтоний кимсалар ва уларга эргашишга мойиллар ҳамиша бузишга ҳаракат қилганлар. Шу сабабдан бу қадриятларни одамларга бот-бот эслатиб туриш зарурияти туғилган. Оқибатда, бу қоидалар азалдан «насиҳатнома»лар ёхуд дидактик асарлар сифатида намоён бўлган. Жумладан, бу қабилдаги асарлар шеърий тарзда ҳам ёзилган (Зотан, шеърий оҳанг матн билан юрак орасидаги масофани қисқартиради, хотирада маҳкам қолади. Халқ мақолларини ва топишмоқларнинг шеърий ифодасини эсланг). Бу шеъриятнинг одамлар турмуш тарзига, ҳаёт йўсинларига «амалий ёрдамидир», яъни унинг «одоб фани» сифатида кўринишидир. Аммо шеърият тушунчасининг қамрови бу тушунчадан ниҳоятда кенг, теран ва юксакдир. У жўнлик ва бир қарашда кўзга ташланадиган «ақллилик»дан ниҳоятда баланд. У дунёга сиғмас дард, тошқинланган туйғу, ҳақиқатнинг ва ҳаётнинг маъносини англаш йўлида алангаланган юрак – бир сўз билан айтганда, инсон руҳиятининг безовта тасвиридир. Шеърият шу қадар нозик ва ўзгача туйғулар мантиғига асосланадики, унинг моҳиятини тушунтирмоқ ҳалигача удда этилмаган. Не-не нуктадон олимлар шеърни санъатнинг тушунтириб бўлмайдиган соҳаси эканлигини айтиб ўтишади. Шеъриятнинг, сиз айтанингиз, қалб тарбиясидаги ўрни эса беқиёсдир. У руҳи юксак ва қалби озода зотларни тарбиялайди. Бу зотлар инсон ва инсонлар яратган дунёнинг номукаммаллигини ва торлигини ҳамиша англаб туради. Илоҳий илҳомга йўғрилган шеърият руҳу фикрат, дарду туйғунинг ҳақиқий қиёфасини яратади; Парвардигор яратган оламнинг мукаммаллиги ва гўзаллигидан ҳайратга тушади. Бу юксаклик ва озодаликнинг жонсарак ҳаракатидан яралган бир тола ёғду эса фалакка – Парвардигор сари интилади. Сезиб турибсиз, энди гап «ёр» деб Парвардигор ишқида куйган Алишер Навоийдек бемисл шоирларнинг шеъриятига етиб келди…

— Яхши шеърлар ҳар доим ҳам туғилавермайди…

— Бизда яхши шеърлар ёзадиган шоирлар ҳамиша бўлган. Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовлардан бошлаб эса, шоирлар ижодида яхши шеърлар фоизи ниҳоятда ортди. Кечагина яшаб ўтган Шавкат Раҳмоннинг шеърларини эсланг. У ниҳоятда баланд шеърлардан иборат мерос қолдирди. Яхши шеър ёзиш, албатта, қийин. Иқтидорли китобхонга манзур бўларли шеър ёзиш учун эса истеъдоддан бошқа жуда кўп сифатлар — бу касбнинг сиру синоатларини чуқур ўқиб-ўрганиш, юқори интеллект, безовта феълу атвор, узлуксиз илҳом қамровида яшашни удда этиш, меҳнаткашлик… ва яна кўпдан-кўп фазилатлар керак. Бунинг устига, ижод қилиш учун шароит ҳам зарур. Бироқ ҳозирги ноширлар адибу шоирлар меҳнатини қадрлашни ўрганмаганлар. «Бадиий асар осмондан тушади», деб ўйласалар керак. Бундай касофат қарашлар туфайли кўп ижодкорларимиз меҳнатига яраша тақдирланмаяптилар.

— Турли хизмат вазифалари, сафарлар, тадбирлар боис ижодкор хоҳлаган пайти ёзув столига яқин келолмайди. Унинг зиммасида эса ёзиш масъулияти турибди. Сизнингча, ижодкор олдидаги масъулият нима?

— Ёзиш масъулияти шоирнинг ўз истеъдоди олдидаги жавобгарлигидир. Ўз истеъдодига масъулиятсиз қараган ижодкорнинг иқтидори тўлиқ очилмайди. Ижодга масъулиятсизлик — ижодкорга истеъдод тортиқ этган Қодир эгамнинг олдида беқиёс гуноҳдир. Ахир, шеър керак бўлмаганда, Оллоҳ шоирларни дунёга келтирармиди? Эҳтимол, шеър ҳам худди нон каби заруриятдир? Эҳтимол, шеърият инсонга инсонлигини эслатиб туриш учун берилган мукофотдир? Эҳтимол, шеър бу — сўз, фикрат ва оҳанг мутаносиблиги – бозор дунёда кўнгил борлигини ҳам одамларга аён этадиган бир мўъжизадир? Шундай мўъжизани яратадиган шахс – шоир ижодий тартибни ҳар қандай шароитда ҳам ўринлатмоғи лозим. Зотан, шоирдан тадбирлар эмас, шеърлар қолади. Бу жабҳада давлату халқ ишини ҳам, ижодни ҳам бағоят ўринлатган ҳазрат Алишер Навоийдан ўрнак олсак ярашади. Яна қайтариб айтаман, ижодий тартиб жуда зарур.

— Сизнинг шеърларингизни ўқиганимизда жаҳон шеъриятидан қолишмаслигига гувоҳ бўламиз.

— Бу лутфингиз учун катта раҳмат. Аммо Навоийдек шоири бор адабиётда ижод қилишнинг ҳам ўзига ярашиқ, юқорида айтганимиздай, масъулияти бор.

— Ижод майдонида доим ички ижодий «мусобақа» бўлган…

— Бу мусобақада доим истеъдодли одамлар ютиб чиққанига гувоҳ бўлганман.

— Аммо ижодий биродарлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳақида ҳам кўп эшитганмиз.

— Худога шукур, бундай эзгу фазилатлар адабиётимиз намояндаларини қон-қонига сингиб кетган. Масалан, менинг ўзимни қўллаб-қувватлаган ижодкор акаларимни, биродарларимни, укаларимни санаб адо қилолмайман. Бу қўллаб-қувватлашлар ижод қилишимга қанот берган. Адабиётда бундай эзгу биродарлик, елкадошлик ҳамиша барқарор. Биргина ҳазрат Алишер Навоийнинг фаолиятини эсланг. Бу улуғ зот қанчадан-қанча шоиру олим, фузалою уламоларга ҳомийлик қилган, кўнглини кўтарган, фаолиятлари учун шароит яратган. Абдулла Қаҳҳор атрофида ҳам истеъдодли укалари уймалашган. Зотан, Абдулла Қаҳҳор — забардаст адиб ва ҳақиқий адабиёт учун курашган буюк шахс — ука ҳамкасбларини қўлидан келганича қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилган. Эндигина адабиётга кириб келаётган Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовларнинг шеърларидан ҳикояларига эпиграф олган (бу иш далда беришнинг ва муҳофаза этишнинг энг назокатли ва ниҳоятда ўринли кўриниши); бошловчи адиблар — Шукур Холмирзаеву Ўткир Ҳошимовларга хат ёзиб, кўнглини кўтарган. Тўлепберген Қаипбергеновнинг илк қиссасини ўқиб, ўзи таржима қилишга тушган. Яна бир мисол: Ўткир Ҳошимовнинг «Баҳор қайтмайди» асаридаги «Кетмакдаман» радифли ғазал Абдулла Орипов қаламига тегишли. Абдулла ака ижодкор дўстига ҳадя этган бу шеърни кейин бирор-бир жойда ўз номлари билан эълон қилдирмаганлар. Шукур Холмирзаевнинг «Қилкўприк» романидаги «Куйди жоним» деб машҳур қўшиқ бўлган шеър ҳам аслида шоир укаларидан бирининг қаламига мансуб… Бу тарзда бир-бирига ҳимо бериш, минг шукурки, адабиётимизда одатий ҳол. Бирор истеъдодли одам камситилганда, «урилганда», ёхуд ҳужумкор истеъдодсизлик беҳаёларча оқни қора деб турганда, мардона сўзни айтиш ҳам катта истеъдодларимиздан қолган меросдир. Энг муҳими, ҳалол яшаб, озод руҳ билан ёзиш урфи ҳар бир катта истеъдоднинг ўзидан кейин келадиганларига қолдирган энг туб асос васиятидир. Ҳақиқий адабиёт, аслида, ўқувчига кўнгил ҳурлигини бахш этадиган ёруғлик – инсонга инсонлигини эслатиб турадиган Оллоҳнинг неъматидир.

— Сизни шоир қилган китобларга тўхталиб ўтсангиз.

— Бу саволга ҳам кўп жавоб берганман. «Алпомиш»у «Ўтган кунлар»нинг тақдиримдаги роли ҳақида ҳам суҳбатларда айтганман. Энди ҳавасманд бир-икки китоб ўқигани билан ёзувчи бўлиб қолмаслиги ҳақида гапирсам дейман. Ўқиб-ўрганишнинг чеки йўқ. Мутолаа бир умрликдир. Ҳар бир истеъдодли асар ҳавасмандни профессионаллик сари бошлаб боради. Буюк адибларнинг истеъдоди сингган сатрлардаги маҳоратдан нималардир сенга ҳам ўтади. Кўнглинг ўсади. Юксак интеллект пайдо бўлади. Руҳнинг парвози ҳормас тус олади. Илҳомнинг мағзи тўқ бўлади. Шу сабаб, ёзишга ихлоси бор одам халқ ижодидан тортиб мумтоз адабиётимизни, замонавий ва жаҳон адабиётини чуқур ўзлаштириши лозим… Ҳа, айтгандай, ҳозир жуда кўп – юзлаб китобларни яхши кўраман.

— «Мен шоирлигимдан уяламан», деган экан таниқли ижодкорлардан бири. Балки сўзни арзон баҳога сотаётганлар, баландпарвоз гаплардан нарига ўтолмаётганларнинг касридир бу?

— Азалдан адабиётда ҳақиқий ижодкорлардан тортиб, ҳаваскорликдан нарига ўтолмайдиганлар баҳолу қудрат ижод қилишган. Мен ҳалол – ўзига яраша ижод қиладиганларнинг барчасини жуда ҳурмат қиламан. Чунки улар бу – тоза кўнгилли одамлар – адабиётимизнинг толмас тарғиботчиларидир. Бундай одамлар мамлакатимизнинг ҳар бир минтақасида, туманларида, овулу қишлоқларида топилади. Энг муҳими, улар туфайли жойларда адабиёт чироғи ўчмай, ёниб туради. Қайсидир чет қишлоқда бир болакай илк сатрларни ёза бошлаганини тасаввур қилинг. У бола шеърларини кимга олиб келади? Ўша – адабиётни ҳалол яхши кўрадиган зотга! У зот далдаю маслаҳатлари билан бу боланинг кўнглида милтирай бошлаган оловга куч беради. Эҳтимол, ўша бола пайти келиб, бир даҳо шоирга айланар. Тўғрими? Мен ҳам болалигимда адабиётни эъзозлайдиган ўша устозлардан кўп нарса олганман ва уларни ҳамиша ҳурмат билан эслайман.

— Устоз шоир сифатида ёшларнинг ижодини кузатиб борасиз. Бугунги ёзилган асарлардан кўнглингиз тўладими? Қандай маслаҳатларингиз бор?

— Адабиётда яхшигина шеър ёзаётганлар, назаримда, анчагина. Негадир уларнинг сафида қизларимиз кўпроқ. Маслаҳатим эса оддийгина: худо берган истеъдодни хор қилманг.

— Охирги пайтларда камнамо кўринаяпсиз? Нималар ёзаяпсиз?

— Ўтган йили ёмон ишламадим. Анчагина шеърлар ёздим; Амир Темурга бағишланган «Адолат фасли» деган тарихий драмани битирдим; Молъернинг «Тартюф» деган шеърий драмасини таржима қилдим; бир неча китобга тартиб бердим, насрда ҳам нималардир ёзган бўлдим. «Шарқ юлдузи» эса мен учун жуда муҳим бўлган бир ҳикоямни эълон қилди. Яна нима? Ҳа, «Сайланма»ларимни биринчи жилди босмадан чиқди. Шу кунларда «Еру Осмон орасида» драмасининг ва анчадан буён ёзилаётган «Сўнгсўзлар» китобининг охирига етай деб уриняпман.

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА суҳбатлашди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1