Ошпазларнинг маҳорат сири нимада эканлигини биласизми? Махсус рецепт ёки антиқа аралашмаларда деб ўйласангиз, адашасиз. Аслида мазали таом тайёрлашнинг махсус рецепти йўқ. Шунчаки қонун-қоидасига тўғри амал қилиш ва ошхонада тажриба ўтказишдан чўчимаслик керак. Ана шунда маҳоратингиз ошиб, таому егуликларингиз таъми оғизда қоладиган бўлади. Демак, ошхона бекаси бўлишнинг баъзи сир-асрорлари сиз учун қизиқ бўлса, маслаҳатларимизга диққат қилинг.
Бисквит коржи
Бисквит осон тайёрлангани билан бироз «қайсар»роқ. Ҳатто миксерда тухум оқини узоқроқ кўпиртириб юборсангиз ҳам шишиб чиқмай қолади. Агар ун солганингиздан сўнг хамир суюқроқ чиққандек туюлса, асло ун қўшиб қуюқлаштирманг. Хамирга ярим чой қошиқ истеъмол содаси аралаштиринг-да, газ печига қўйинг. Сода ёрдамида суюқ бисквит хамири кераклича кўтарилади.
Истеъмол содаси
Пишириққа истеъмол содаси ишлатаётган бўлсангиз, сирка ёки лимон шарбати билан аралаштириб, сўнг фойдаланинг. Йўқса, пишириқдан соданинг тахир мазаси ва ёқимсиз ҳиди билиниб қолади.
Шоколадли глазурь
Торт устига қуйиладиган глазурдан фойдаланаётганингизда оқиб кетмаслиги учун озгина крахмал солиб аралаштиринг. Глазурни торт коржига текис суртиш учун пичоқни аввал иссиқ сувга ботириб, кейин ишлатинг.
Крем тайёрлашда....
Қуюқ қаймоқдан крем тайёрлаб бўлмайди. Шу сабаб қаймоқ қуюқ бўлса, озгина сут аралаштириб, кейин фойдалансангиз, крем бир текис суртилади.
Юмшоқ суфле тайёрлашда....
Агар творог ёки джем қўшилган пирог устини шакар билан кўпиртирилган тухум оқи билан безамоқчи бўлсангиз, аралашмага 1-2 ош қошиқ лимон шарбати ёки кукунидан қўшинг. Шунда бизе юмшоқ суфле кўринишида бўлиб, бизе сингари қотиб қолмайди.
- Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.






