АсосийSalomatlik

ЎТ ПУФАГИДА ПОЛИП БЎЛСА...

'ЎТ ПУФАГИДА ПОЛИП БЎЛСА... 'ning rasmi

Истеъмол қилаётганларимиз нафақат тотли, балки ҳар жиҳатдан соғлом бўлса, касалликларга йўлиқмаймиз. Акс ҳолда, ошқозондан тортиб жигар, ўт пуфагигача оғриб, турли ўзгаришлар пайдо бўлади. Мисол учун ўт пуфагида сафро ошқозонга ўтмай, йиғилиб қолади. Натижада деворида ҳар хил ҳосилалар, жумладан полип пайдо бўлади. Касалликни ўз вақтида даволаган маъқул. Бу ҳақда тиббиёт фанлари номзоди, малакали шифокор-жарроҳ Ҳаммаджон ҲОДИЕВ маълумот беради.

КЎПРОҚ АЁЛЛАРДА УЧРАЙДИ

Ўт пуфагидаги полип кўпроқ ўттиздан ошган аёлларда учрайди. Сабаби ирсиятда — жигар, ўт пуфаги касалликлари билан оғриганлар оиласида бундай ҳолат кузатилади. Қуюқ, хамирли, ёғли, қовурма таомлар ва фаст-фудни кўп истеъмол қиладиганлар ҳам хавфли гуруҳга киради. Иш ва уйда муаммоли ҳолат, стрессларга нисбатан асабийлашиш, жиззакилик билан жавоб берадиганлар хилидан бўлсангиз, эҳтиёт бўлинг, ўт пуфагингиз аллақачон зўриқиб ишлашга одатланди. Бу ҳар хил ўсиматалар ҳосил бўлиши учун қулай манба. Нонушта, тушлик вақтини ўтказиб юборадиганлар ҳам ушбу тоифага мансуб.

ҚАНДАЙ ҲОСИЛ БЎЛАДИ?

Юқоридаги омиллар таъсирида сафро ўт қопида йиғилиб, қуюқлашиб, деворида ҳар хил ўсимталар пайдо бўлади. Бу ҳолат асосан 30 дан ошган аёлларда кўп учрайди. Касаллик узоқ вақт яширин кечиши мумкин. Лекин ҳазми оғир, қовурма таом тановул қилганидан кейин одам жигар соҳасида оғриқ сезади, ранги сарғаяди, оғзида аччиқлик билинади, кўнгли беҳузур бўлади. Бу ўт йўллари ва ўт пуфаги яллиғланиши учун хос белгилар бўлгани учун шифокор дарров УТТ текширувидан ўтишни буюради. Яна бир усул – эндоскопик ультрасонография. Унинг ёрдамида ҳам полипнинг жойлашуви, ҳажми ва тури ҳақида аниқ маълумот олиш мумкин.

ОҒРИҚ ҲУРУЖ ҚИЛСА...

Бундай пайтда беморни иссиқ ўраб, ярим ўтирган ҳолатда ётқизиш керак. Зудлик билан шифокор чақириш зарур. Тез ёрдам келгунига қадар газсиз минерал сувни иситиб ичирилади. Безовталик кучли бўлса, оғриқсизлантирувчи восита бериш мумкин. Лекин асосий давони шифокор белгилайди. Ўзбошимчалик билан қўлланган ҳар қандай даво акс таъсир кўрсатиши мумкин.

КИМ ДАВОЛАЙДИ?

Муаммо билан терапевт, гастроэнтеролог ёки жарроҳга юзланасиз. Шифокор кўригидан сўнг, албатта, УТТ ва бошқа текширувлардан ўтишингиз ҳамда қон, сийдик таҳлилларини топширишингиз шарт. Полип бошқа турдаги ўсмага айланиши, ўт йўллари ва жигарни анча зўриқтириши билан хавфли. Даво чоралари полипнинг шакли, ўсиш ҳажмига боғлиқ. Агар у ўсмаса, ўт йўлини тўсиб қўймаса, оғриқ безовта қилмаса, шифокор парҳез ва ҳар икки ойда бир марталик тиббий кўрик билан чегараланади. Полип алоҳида назоратни талаб қилади. Ҳажми катталашса, операция қилиш керак. Афсуски, полип билан бирга ўт пуфаги ҳам олиб ташланади.

ПАРҲЕЗ ЖУДА МУҲИМ

Ўт пуфагида полип аниқланса, овқатланишда суюқ, буғда пишган, яхшилаб эзилган таомлар тавсия этилади. Бемор кунига 5-6 марта, оз-оздан овқатланиши керак. Кун давомида 2 литргача сув ичинг. Қора чой, аччиқ қаҳва, газли ва спиртли ичимликлар мумкин эмас. Таомга зираворлар солишда ҳам меъёрга эътибор беринг. Қўй гўшти, қўзиқорин, шовул, исмалоқ, редиска, турп, қаймоқ, ширинлик ва кремли пишириқлар, дудланган маҳсулотлар ҳам аҳволингизни ёмонлаштириши мумкин.

ПРОФИЛАКТИКА БИРИНЧИ ЎРИНДА!

Бу ҳолатни даволаш операция билан боғлиқлиги ачинарли, албатта. Ахир полип билан бирга ўт пуфаги ҳам олиб ташланади. Эндиликда асосий юклама ошқозон ости бези ва жигарга тушади. Бундай бўлмаслиги учун ёшликдан суюқ, ҳазми енгил таомлар ейишга одатланиш керак. Наҳорга алоэ шираси, овқатдан олдин албатта, бир чой қошиқ зайтун мойи ва 3-4 томчи лимон шарбати сепилган сабзавотли салат ейиш, ётишдан олдин қатиққа тўғралган сельдерей, петрушка, кашнич солиб ичиш ўт қопида сафро йиғилишидан асрайди.

Барно ХОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

    Бошқа янгиликлар