— Агар бола тишларини ғичирлатса, гижжаси борлигини билдиради, дейишади. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Гижжа бор-йўқлигини билиш учун қаерга мурожаат қилишим керак?
Маҳлиё Омонова, Тошкент шаҳри
Бахтиёр ШУКУРОВ, доцент:
— Фарзандингиздаги ўзгаришлар чиндан ҳам гижжалар таъсирида юзага келган бўлиши мумкин. Гельминтлар бола организмида асосан учта тизимни зарарлантиради: асаб, нафасйўллари ва овқат ҳазм қилиш аъзолари. Тишларни ғичирлатиш асаб тизимига паразитлар таъсири сифатида қаралиши шу билан бирга асаб тизими билан боғлиқ бошқа касалликлар туфайли юзага келиши мумкин. Ўғлингизда гижжа бор-йўқлигини аниқлаш учун доимий яшаш манзилингиз бўйича оилавий поликлиникага, қолаверса, махсус лаборатория-клиникаларига мурожаат қилишингиз мумкин.
Агар гижжа ичакда бўлса, ич қотиши ёки ич кетиши кузатилиб, баъзан кўнгил айниши ва қайт қилиш юз беради. Терига турли тошмалар тошиши кузатилади. Жигарда бўлса, кўз оқи ва бадан сарғаяди, терида шиш пайдо бўлиши мумкин. У ўпкада бўлса, тез-тез йўтал тутади, томоқ қичишади.






