— Ўғлим 12 ёш. Бир неча йиллардан буён дзюдо билан шуғулланади. Яқинда навбатдаги мусобақа олдидан тиббий кўрикдан ўтаётиб, офтальмолог хориоретинит ташхисини қўйди. Бу қандай касаллик? Энди спорт машқларини давом эттира олмайдими?
Гулбаҳор Жалилова, Тошкент вилояти
Нодира РАСУЛОВА, шифокор-окулист:
— Спортчилар учун юрак ва кўзлар саломатлиги муҳим саналади.Хориоретинит кўз тубидаги ўзгариш бўлиб, организмдаги сурункали яллиғланиш жараёни юзага келганида микроблар қон орқали кўзгача етиб келиб, ушбу аъзони зарарлайди. Томоқ, бурун ва нафас йўллари касалликларининг тез-тез қайталаниши инфекциянинг кўзга асорат беришига сабаб бўлади. Хориоретинитда кўриш ўткирлиги пасаяди. Шифокор кўригидан сўнг тўғри ташхис қўйилиб, антибиотик ва гормонал препаратлар буюрилади. Хасталикни ўз вақтида даволаш ғоят муҳимдир. Агар бунинг акси бўлса, кўз тўр пардасида чандиқ ёки тўр парданинг кўчиши каби асоратлар юзага келиши мумкин. Афсуски, хориоретинит билан оғриган спортчига жисмоний машқларни бажариш, хусусан дзюдо билан шуғулланиш тақиқланади.






