АсосийSUG'DIYONA

ИНТЕРНЕТДАГИ БЕҲАЁЛИК: ЎСМИРНИ ҚАНДАЙ ҲИМОЯЛАШ МУМКИН?

'ИНТЕРНЕТДАГИ БЕҲАЁЛИК: ЎСМИРНИ ҚАНДАЙ ҲИМОЯЛАШ МУМКИН? 'ning rasmi

Болалигимизда ота-онамиз бизни назорат қилиши осонроқ эди. Масалан, қачон кўчага чиқамизу уйга қайтамиз, қачон телевизор кўрамизу китоб ўқиймиз, телефонда ким билан гаплашамизу ким қўнғироқ қилиб гапирмай жим туради – буларнинг барини кузатиш, тергаб туриш мумкин эди. Аммо реал ҳаёт билан параллель равишда виртуал оламда ҳам яшаётган ҳозирги болаларни, айниқса, ўсмирларни назорат қилиш анча қийинлашиб қолди. Чунки виртуал олам – ота-она кўзидан панада, ўсмирнинг ўзигагина эшигини очадиган дунёдир. Бугун болаларимизни турли ахборотлар билан «тарбиялаётган» ана шу оламнинг ёш авлод маънавиятига таъсири масаласини муҳокама қиламиз.

Бола интернетда нима қилади?

Ёшлигимда «Қўрқинчли Теҳрон» асарини ўқиётгандим. Бир куни онам ишхоналарида қизим шу асарни ўқияпти деб мақтанибдилар (ўзлари асар мазмунидан бехабар эдилар). Ўқимишли ҳамкасблари романнинг айрим саҳналарини онамга айтиб беришган шекилли, ўша куниёқ китобни мендан олиб қўйишди. Онамнинг ютуқлари – мен ўқиган асарнинг номини билганлари. Аммо биз бугун хонасига кириб олиб қўлидаги гаджети орқали виртуал оламни саёҳат қилаётган болаларимизнинг «ўқиётган асарлари» номини биламизми? Умуман, ўсмир интернетда нима қилади? Буни билиш мумкинми? Афсуски, кўпинча бунинг имкони бўлмайди. Балки у беҳаё видео ёки суратларни кўрмас (сиз шу сабабли ҳам хотиржамдирсиз балки), лекин оддийгина матн ёрдамида қанчадан қанча фаҳш тарғиб қилинаётганини интернет билан яхши ошно бўлмаган ота-она қаердан билсин? Хуллас, энди болалар қабул қилаётган маълумотни назорат қилиш жуда мураккаб вазифа бўлиб қолди.

Яланғочланаётган авлод

Болаларимиз ҳар бир хатти-ҳаракатларини, янги либосларидан тортиб еган овқатларини ҳам дарҳол суратга олиб ўша заҳотиёқ интернетга жойлашяпти. Бунга ақллари етганидан бир қувонсак, ҳар бир сурат орқали улар ўзларини яланғочлаб, ҳимоясизлаб бораётганларидан минг куюнишимиз керак. Чунки инсон ўзи ҳақида қанча кўп ахборотни оммага ошкор қилса, жамоат олдида шунчалик «ечинади» (яъни, маънавий жиҳатдан). Унинг қаерда яшаши, қачон ётиб, қачон туриши, қайси мактабда ўқишию дўстлари кимлиги энди ҳаммага маълум. Бир чиройли ўсмир қизни йўлдан уриш учун илгари ойлаб қўнғироқ қилиб унинг бошини айлантириш, йўлини пойлаш, совғалар бериш, вақти келса, акаларидан калтак ейиш керак эди. Энди эса ижтимоий тармоқдаги суратини бир неча бор лайклаб, чиройли гуллар суратларини жўнатиб, «личка»сига бир-икки ширин сўз айтиш кифоя. Тезроқ катта бўлишни, катталар оламида яшашни, улар туйган туйғуларни ҳис этишни истаётган мурғак вужуд учун шунинг ўзи етарли. Бўлмаса, ижтимоий тармоқлару мессенжерлар орқали ёш-ёш йигит-қизларнинг тарқалиб кетаётган беҳаё суратларию видеотасвирларини қандай изоҳлаш мумкин? Буларнинг бари иффатнинг, ҳаёнинг осмондан ерга тушгани, қўлетар бўлиб қолгани, қадрсизлангани натижаси эмасми?

Натижаси маълум тафтиш

Исталган мактаб, лицей ёки коллежга кириб ўсмир ўқувчиларнинг қўл телефонини очиб кўринг, кўпчилигидан беҳаё тасвирларни топишингиз тайин. Бола буни ўзи қидириб топиб юклаб олганми ёки унга аллақандай гуруҳлардан келган-у, у нималигини билмай кўчирганми – фарқи йўқ. Муҳими, оилада, ота-она даврасида табу бўлган, уят саналган нарсалар энди унда бор. У кўрибгина қолмай, тенгдошларига улашяпти, муҳокама ҳам қиляпти. Етмаганига улар севган юлдузлар, уларнинг кумирлари турли беҳаё суратларини ўзлари тармоққа жойлаяптилар, тагида айтилган суюқ хушомадларга бадтар суюқлик билан жавоб қайтаряптилар. Хуллас, бу информацион исканжа ҳалқалари тобора торайиб бормоқда.

Нима қилмоқ керак?

  • Имкон қадар огоҳ бўлиш лозим. Болангизга бирор гаджет олиб беряпсизми, унинг нималигини, аввало, ўзингиз тушуниб олинг. Интернетга кириш, мессенжерларни ўз телефонингизга юклаб олишни эпланг. Шунда болангиз кечаси соат нечагача ижтимоий тармоқда ўтирганини, умуман вақтининг қанча қисмини интернетга сарфлаётганини билишингиз мумкин.
  • Фарзандингиз интернетдаги ёш болаларга мўлжалланмаган интернет саҳифаларидан чегаралаш имкониятидан фойдаланишлари мумкин. “Ота-она назорати” қисқа рақами мобиль аолоқа операторлари томонидан таклиф этилади. Бунинг учун фарзандингиз ишлатаётган рақамдан учтагина рақамни теришнинг ўзи кифоя. Бу ҳолда фарзандингиз ўз истагига кўра бу хизматдан воз кечолмайди. Хизматни бекор қилиш учун хизмат ёқтирилган рақамнинг эгаси паспорти билан компания офисига ёзма равишда мурожаат қилиши лозим. Демак, бу ҳолда фарзандингиз ўз истагига кўра бу хизматдан воз кечолмайди.
  • Бола компьютер орқали интернетга кирган пайтлар эшикни тақиллатмай хонасига киринг. Агар фарзандингиз дарҳол ноутбук экранини ёпса ёки шахсий компьютер мониторидаги тасвирни йиғиштириб қўйса, билингки, нимадир бор. Дарров компьютерни жойида тафтиш қилишингиз мумкин. Бунинг учун минимал даражада бўлса ҳам компьютер саводхонлигига эга бўлишингиз керак. Ҳа, 21-аср боласига ота-оналик қилиш осон эмас.
  • Юқоридагиларнинг бари чекловчи, тақиқловчи чоралардир. Албатта, буларсиз назоратнинг ҳеч иложи йўқ. Аммо энг катта назоратни боланинг ўзи ўз устидан ўрната олиши керак. «Тарбия – ё ҳаёт, ё мамот» деганди Абдулла Авлоний. 20-аср бошида айтилган бу гапнинг нақадар ҳақлигини 21-аср бошида янада теранроқ англаб турибмиз. Биз информациянинг йўлини тўса олмаймиз. Ўзига баҳоси баланд, тўғри тарбия кўрган, ғурурли ўсмир жинсий муносабатлар ҳақидаги ахборотни қандай қабул қилишни яхши билади. Бола нимадан ўрнак олиш кераг-у, нимани миядан улоқтириш лозимлигини билмаса, уни минг назорат қилганингиз бир пул. Демак, ахборотга муносабат билдириш, уни тўғридан-тўғри эмас, ўз нуқтаи назари, тарбияси ва дунёқарашидан ўтказиб қабул қилиш малакаси болаларда бўлиши керак.

Сўнгсўз ўрнида

Айрим «янгича қарашли», «демократ» ота-оналар «Хўш, ўсмир жинсий муносабатларга қизиқса, бунинг нимаси ёмон? Ахир ҳаммамизда ҳам илк жинсий майл ўсмирлигимизда пайдо бўлган-ку!» – дейиши мумкин. Тўғри, табиатга қарши бир нарса деб бўлмайди. Бироқ, биз ўсмирлигимиздаги жинсий алоқа тушунчаси билан ҳозиргиси тубдан фарқ қилади. Биз учун тиззадан бироз баландроқ кўтарилган этак ёки «Кичкина Вера» фильми чегарадан чиқиш бўлса (ҳатто, шу чегарадан чиқиш учун ота-онамизнинг кўзини шамғалат қиламан деб қанчалик топқирлик ишлатардик), ҳозирги ўсмирлар учун «Инстаграм»да Ким Кардашьяннинг яланғоч суратларини кўриш ёки маҳаллий «юлдуз» чаларимизни томоша қилиш ҳам меъёрга айланиб қолди (бунинг учун сичқонча тугмасини бир босиш ёки сенсорли экранга бармоқ учини тегизиш кифоя). Интернет орқали тарғиб қилинаётган жинсий муносабатлар кўпинча инсон табиати ва шаънига зиддир. Ўсмир бу ишнинг ортида улкан туйғу ва масъулият туриши кераклигини ўйламайди. У қабул қилаётган информация кам вақт ичида жонни койитмай кўп миқдорда лаззат олишни тарғиб этяпти. Жинсий муносабат унинг учун худди чанқаб турганда кўчадаги водопроводдан оқиб турган текин сувни ичишдек гап бўлиб қоляпти. Кейин-чи? Бундан ўн-ўн беш йиллардан кейин ҳозирги ўсмирларимизнинг болалари, уларнинг тарбияси, умуман миллатнинг маънавий қиёфасини тасаввур қиляпсизми? Мен тасаввур қиляпман ва бироз қўрқяпман. Шунинг учун, майли, мени қолоқ она, золим аёл десинлар, аммо «Ўткан кунлар»ни ўқиб чиқмагунча фарзандимга бирон гаджет олиб беришга шошмай тураман.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Бошқа янгиликлар