АсосийSUG'DIYONA

АЖИНЛАРНИ ЙЎҚОТУВЧИ МЕЗОТЕРАПИЯ ҲАҚИДА

'АЖИНЛАРНИ ЙЎҚОТУВЧИ МЕЗОТЕРАПИЯ ҲАҚИДА'ning rasmi

Аёл борки, ажинларга қарши курашади, доим ёш ва навқирон кўринишга ҳаракат қилади. Замонавий табобат ва пластик жарроҳлик эса аёлларимизнинг бу истакларини руёбга чиқариш учун турли‑туман услублар таклиф қилиб келмоқда. Сўнгги пайтларда массаж, ботокс ва шунга ўхшаш ёшартирувчи муолажалар билан бирга, аёллар ўртасида мезотерапия услуби ҳам анчайин оммалашган.

Баъзи аёлларда наслий ёки бошқа ҳолатлар сабаб эрта қариш, юзга тез ажин тушиши кузатилади. Бундай ҳолларда косметологик воситаю кремлар ҳам ёрдам бермайди. Мезотерапия услубидан фойдаланиш билан анчайин самарали натижага эришиш мумкин. Мезотерапияда тери остига махсус биологик фаол моддалар жўнатилади. Биологик фаол моддалар таркибига қуйидагилар киради:

турли витаминлар — улар терига қувват бағишлайди;

гиалурон кислотаси — теридаги модда алмашинувини яхшилайди, уни намлантириб, ёшартиради;

коллаген ва эластин эса юз териси чўзилувчанлигини орттириб, юз овалини мустаҳкамлайди. Инъекция ҳар бир мижознинг муаммоси ва тери ҳолатини ўрганган ҳолда айнан унинг ўзига хос қилиб тайёрланади. Мезотерапия тери осилиб қолиши, юздаги ёш ўтгани сари пайдо бўлган ажинлар ва целлюлитга қарши энг самарали услублардан бири ҳисобланади.

Қандай амалга оширилади?

Беморнинг юзи ва уни безовта қилаётган муаммо ўрганиб чиқилиб, керакли таркибий қисмлар аралашмасидан инъекция ҳозирлангач, уни ингичка ва қисқа нина орқали терига жўнатилади.

Нина изи қолмайдими?

Мезотерапия тери учун хавфсиз. Инъекция жуда ингичка ва калта нина ёрдамида терининг муаммоли қисмларига кам миқдорда, игнани чуқур киритмаган ҳолда қилинади. Нина терига кирганда у қон томирларини шикастламайди, асаб толаларига ҳам зарар етказмайди. Аммо ҳар бир кишининг оғриқдан таъсирланиши турли хил бўлгани сабаб баъзи ҳолларда маҳаллий оғриқ қолдирувчи дорилардан ҳам фойдаланилиши мумкин. Нинадан қолган из, шиш ва қизаришлар бир соат давомида ўтиб кетади. Шу билан бирга, терига нина кириши ҳам унинг тортилиб, ёшаришига яхши таъсир кўрсатади.

Илк натижа қачон кўринади?

Инъекция терида биологик жараёнларни ишга туширади. Унинг таркибидаги гель ажинлар ўрнини тўлдиради, қон айланишини кучайтиради. Мезотерапия натижасини 2‑3 муолажадан кейин кўриш мумкин. Юзнинг овали эса биринчи муолажадан кейиноқ ўзгариб, анчайин тортилиб, гўзаллашиб қолади.

Натижа қанчага етади?

Мезотерапия таъсири аёлнинг ёши ва тери ҳолати, ҳаёт тарзидан келиб чиққан ҳолда ярим йилдан 2 йилгача етиши мумкин. Натижа давомий бўлишини истасангиз, ҳар 6 ойда муолажани такрорлаб туриш тавсия қилинади.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Бошқа янгиликлар