1

«ЁРИМИЗ КЎНГЛИГА ЙЎЛ ТОПАМИЗ...»

СУҒДИЁНА 18.10.2017, 18:12
Теглар: Соғ бўлинг
«ЁРИМИЗ КЎНГЛИГА ЙЎЛ ТОПАМИЗ...»

Характеримиз бир-бирига тўғри келмади!» Бу машхур ибора замирида нафақат турмушдаги муаммолар, балки эр-хотиннинг нозик муносабатлари ҳам ётишини билармидингиз? Биз аёллар тан олишни истамаган аччиқ ҳақиқатни статистика маълумотлари тасдиқлайди: ўртадаги совуқлик «шахсий ҳудуд» об-ҳавосига 90 фоиз ҳолатларда даҳл қилади! Саҳифамиз орқали эркакдаги хоҳишнинг йўқолиши, аёлдаги истакларнинг сўниши ҳақида жуда кўп сирлашамиз. Бу сафар эса касалликлару ўзаро келишмовчиликларни нари суриб, жуфтимиз кўнглига йўл топиш сирларини ўрганамиз. Худди илк учрашувдаги ҳис-туйғулар, этни жимирлатган хаяжону юракка титроқ солган онларни ёдга оламиз! Хўш, нима дедингиз?!

«АЁЛ СИФАТИДА ҚИЗИҚТИРМАЙ ҚЎЙДИМ...»

Сарлавҳани ўқишингиз билан би-и-ир хўрсиниб қўйдингиза, келишиб олайлик шу охиргиси бўлсин! Муаммо нимада? «Алламаҳалгача телевизор томоша қилади» дейсизми? Сиз ҳам унга шерик бўлинг. Бир сафар зерикарли футболни кўрсангиз кўрибсиз, сиздан нима кетди?

«Ур-йиқитларга хушим йўқ, қўрқинчли кинолардан қўрқаман!» Шуми баҳонангиз? Жуфтингизнинг ёнидан жой олинг-да, қўлларидан тутинг. Ёки пинжига суқилиб олсангиз, ваҳимангиздан асар ҳам қолмайди. Шу баҳона сўниб бораётган туйғулар аланга олса ажабмас.

«У кўраётган нарсаларни тушунмайман!» Сўранг, қизиқинг, ғурурингиз ейилиб қолмас. У ҳам билсин, ўзига қизиқ мавзуларга бефарқ эмаслигингизни.

Шпаргалка:

  • Эркаклар қизиқарли суҳбатдош бўла оладиган аёлларни қадрлашади. Автомобиль қисмларию фалон футболчининг нима учун сариқ карточка олганини тушунмасангиз, «Бўлганим шу» деманг. Бўш қолганда дугоналар билан ғийбатни камайтиринг-да, ўз устингизда ишланг.
  • Умр йўлдошингизнинг танловини ҳурмат қилинг! «Кап-катта эркак кўриб ўтирган нарсангизни қаранг» каби «ашулангиз» жонли ижрога чиқмасин. «Лицензиясиз» қоласиз-а.
  • Эрингиз оромкурсида ухлаб қолди. Шу ҳолича қолдирманг. Аста уйғотинг-да, ётоғига олиб киринг. Эртасига жаҳл қилса, «Сизсиз кўзимга уйқу келармиди?» дея ноз-карашма қилинг, эр-и-иб кетсин.
  • Муаммо қайнонангизга боғлиқ экан, арқонни узун ташланг-да, «Ойижон, хизматингиздаман» дастурини ишга туширинг. Онасининг кўнглини забт этолсангиз бас, ўғлини шундай йўлга соладики, тунги навбатчилигидан ҳам воз кечади.
  • Ётоқхонадаги нарса-буюмлар жойини алмаштиринг. Ўрин-кўрпани янгиланг. Ёрқин, кўзга лов этиб ташланадиган ётоқ жилдларидан фойдаланинг. Ухлаш вақти яқинлашдими, ёпинчиқни аста кўтариб қўйинг.
  • Ҳар тарафга (ҳеч бўлмаса иккита) шамчаларни ёқинг. «Онақиролича»нинг уйқуга кетишини кутаётган эрингиз, ҳеч бўлмаса ётоғига мўралаб қўяр. Кўзларини қувнатинг деймиз-да.

«ОНАМ ЭШИТИБ ҚОЛАДИ...»

Кўп қаватли уйлар ёки катта оилаларда яшайдиган эр-хотин ўртасидаги муносабат уйдаги «қўшни»лардан ҳижолат бўлиш сабаб ҳам совуши мумкин. «То қайнонам ухламагунча, эрим ётоққа кирмайди. Онаси билса, хафа бўлармиш» дейсизми? Балки қайнонангиз ўғлини сиздан қизғанар, ё дарров эрингизнинг хуштори бор деб ўйладингизми? Ҳовлиққан аёл туфлига ёлчимас иборасини эшитганмисиз? Ақл билан фикрланг.

КЎЗГУГА ҚАРАНГ!

Гўзаллик салонига боролмаётганингизни баҳона қилманг. Момоларимиз қошига ўсма, кўзига сурма суртиб ҳам гўзалликни дўндиришган. Салгина эътиборли бўлсангиз, чиройингиз очилади. Тунги кийимларга аҳамиятли бўлинг, деб ҳар сафар уқтирганимиз уқтирган. Хўш, амал қилаяпсизми? Атирингизни-чи янгиладингизми? Ёғ босган сочларга жон кириб, ажинлар мўралаб қолган юзингизни парваришлаяпсизми? Қўл-оёқ териси дағаллашмаганми? Фаҳмлаган бўлсангиз, хулоса қилишни ўзингизга қолдирамиз.

«У БИР ЁНДА, МЕН БИР ЁН...»

Жуфтингиз билан бир-бирингизга терс ўгирилиб ётасиз. Нозик муносабатларни эса парвойига ҳам келтирмайди. Хўш, нима қилмоқчисиз? «План-А»: тунда сочи ёки елкасини силаб оромини ўғирланг. Уйқуси бузилганидан бироз аччиқланади-ю, кейин юмшайди. «План-Б»: эрталаб бўса билан уйғотинг. Бир сафар тушунмас, иккинчи сафар ҳайрон бўлар, учинчисида маъқуллайди.

«КАСАЛМАН» ДЕМАНГ!

Қувноқ, самимий, завқу-шавққга тўла ва ўзига ишончи баланд аёл ҳар қандай эркакнинг орзуси! Кучли жинс вакиллари нолийверадиган, пессимист ва касалчин хонимларга тоқат қилишмайди. Биз, соғлигингиздаги жиддий хасталикларни айтмаяпмиз. Ҳар бир аёлда учраши мумкин бўлган «молочница», бавосил, турли тошмалар хуллас дори қутичамизни тез-тез йўқлаб турадиган «меҳмон»ларни кўздан пана тутган маъқул демоқчимиз. Суртмаю шамчалар, гигиеник воситаларни жавонда сақланг. Ҳайрон бўларсиз-у, аммо мана шу ҳолатлар ҳам эркакнинг хоҳишини сўндириши мумкин.

«У МЕНИ ЭШИТМАЙДИ!»

Эшитади! Қулоғига шивирлаб сўзлаб кўринг. Қулоқ соҳасининг атрофида инсоннинг эроген нуқталари жойлашган. Јазабдан қайнаб турган ёхуд «Мени тинч қўй, уйқим келаяпти» «пластинка»сини ёқиб қўйган жуфтингизнинг қулоқларини мулойим сўзлар билан сийланг, кўрасиз кўзига уйқу келармикан. Ишдан кутиб олганда ҳам секингина «Сизни соғиндик» деб пичирлаб қўйинг. Иккингиздан бўлак ҳеч ким эшитмасин. Қани шундан кейин ҳам эшитмайди деб кўрингчи...

«ПСИХОЛОГИЯСИНИ ТУШУНИНГ»

Эътиборсизлик айбловини қўйишдан осони йўқ. Бироқ ўйлаб кўринг, у нима учун ўзгариб қолди? Эҳтимол, соғлигида, ишида ёки дўстлари билан муаммоси бордир? Балки ота-онаси билан бирор масала келиб чиққан-у, сизга билдирмас. Эркак муаммосини уйга олиб келмайди. Шундай экан, кўнглига қўл солиб кўринг. Уйда осойишта муҳит яратинг, ортиқча саволлар билан безовта қилманг. Меҳр беринг, аммо ўзига келиб олгунича меҳр сўраманг. Аста-секин ҳаммаси ўнгланади.

(алоҳида)

Характерига кўра эркаклар полигам бўлишади. Яъни уларни бир хиллик тез зериктириши мумкин. Бу сифат нафақат муносабатларга балки ётоққа ҳам тааллуқли. Эҳтирослар аланга олиши учун нозик муносабатларда бир-бирингизни тушунинг, бир-бирингизни ўрганинг ва истакларингизга қулоқ тутинг.

Андролог-сексапотолог Дилмурод ЭРГАШЕВ тавсиялари асосида МАРЖОНА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

БЎШАШГАН, ҚОНАЁТГАН ВА ЯЛЛИЈЛАНГАН МИЛКНИ ДАВОЛАЙМИЗ!

21.12.2017, 18:31

Кўпчилик тиш юваётган пайтда милкларининг қонашига унча аҳамият бермайди. Ваҳоланки, айнан шу ҳолатдан кейин оғзидан ҳид келишидан тортиб тиш бўшаб қолиши ва тушишигача бўлган асоратлар...
АПЕЛЬСИН. ШАРБАТИ ҲАМ, ЭТИ ҲАМ, ПЎСТЛОҒИ ҲАМ ШИФОБАХШ ХУСУСИЯТГА ЭГА

21.12.2017, 18:18

Плюслари: Шарбати ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди, тери жароҳатланганда қон кетишини тўхтатишда ёрдам беради, яраларни зарарли микроблардан тозалайди.Агар ҳар куни оч қоринга бир жуфт апельсин есангиз...
МАНДАРИН — ЯНГИ ЙИЛ МЕВАСИ!

21.12.2017, 18:18

Плюслари: Тана ҳарорати кўтарилганда мандарин шарбати чанқоқни босишда ёрдам беради; Микроб ва вирусларга қарши таъсир кучига эга. Демак, ўткир респиратор касалликлар ва гриппнинг олдини олишда...
БАЙРАМ ДАСТУРХОНИ ВА САЛОМАТЛИК

21.12.2017, 18:15

Ҳар бир касалликка хос мумкин бўлмаган ҳолатлар бор. Байрам дастурхонини безатишда ёки ноз-неъматлардан баҳраманд бўлишда уларни инобатга олишга тўғри келади. У ёки бу касалликда қайси...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1