Интервьюларнинг бирида ундан «Комик актёрлар қандай дунёга келади?» дея сўрашди. У эса дарров жавоб қайтарди: «Уларни хаста, қайғуга ботган оналар дунёга келтиради». Бу кимнидир кулдириш учун топиб айтилган жавоб эмас, Жим Керрининг ҳақиқати. Қувноқ образлари билан бизни телеэкран қаршисига михлайдиган актёрнинг бу тарзда жавоб қайтаришига асос бор ахир.
Бахтиқаро боланинг кулгучлари...
«Мен мўъжизаларга ишонаман! Умуман ишонч туйғусини яшаш учун муҳим омил, деб ўйлайман. Нимагадир эришишни истайсизми, унинг амалга ошишига ич-ичингиздан ишонинг. Бу орзунгиз сари пиллапоядек гап. Бир ирланд ўқитувчим бўларди. Бир куни дарсда «Мен истакларимни дилимдан тилимга кўчириб, дуо қиламан-да, кейин унинг амалга ошишини ишонч билан кута бошлайман», деди. Шу куниёқ уйга келдим-да, «Қанийди «Мустанг»им бўлса», дея ният қилдим. Ўша пайтлари ўртоқларимнинг кўпида велосипед бор эди, мен эса бу орзумни отамга айтолмасдим. Қўрққанимдан эмас, биз руҳан жуда яқин бўлганмиз. Қўл учида кун кечирардик-да. Биласизми, орадан икки ҳафта ўтиб, мактабдан уйга келиб, ётоқхонамизда ўтирсам, акам ҳовлиқиб кирди-да, «Бу ерда нима қилаяпсан? Ошхонага бормайсанми, у ерда сени нима кутиб турганини билсанг эди...», деди. Кириб қарасам, узоқ кутганим — яшил рангли «Мустанг» ялтираб турибди. Яп-янги! Мен уни лотореяда ютиб олибман. Энг қизиғи, ҳеч қачон купонларни йиғиб, бирор жойга жўнатган бола эмасдим».
Ҳа, Жим Керрининг болалиги тўкин-сочинликда ўтмаган. Шундай экан, қувноқ болалик сўзи ҳам унга бироз ётдек туюлади. Бўлажак актёр 1962 йилнинг 17 январида, Канадада, камбағал оилада дунё юзини кўрди. Онаси ҳам хонанда бўлишига қарамай, тўрт фарзанди билан уйда ўтириб қолганди. Отаси иккинчи фарзанди туғилгач, кўнгил майли учун саксафон чалиб юриш ярамаслигини тушуниб, рўзғор деган важдан ҳисобчи бўлиб ишлай бошлади. Йигитча ўн тўртга тўлар-тўлмас отаси ишидан айрилади ва улар бошқа шаҳарчага кўчиб ўтишади. Ва ҳаммаси жон-жаҳдлари билан меҳнат қилишга киришишади. Бўлажак актёримиз ҳам фирмада кечқурунлари қоровуллик қилар, кундузлари эса пол юварди. Актёрнинг фикрича, мана шу қора кунлари унга куч бағишлаган.
«Журналистлар доим мендек бахтиқаро болакай қандай қилиб комедия жанрида шуҳрат қозонганига қизиқишади. Қийинчилик, юракдаги оғриқ мени бу жанр сари етаклади. Биз уйимиздан айрилдик, кейин микроавтобусда яшай бошладик. Тасаввур қилаяпсиз, зўрға жойлашганмиз кичкина автобусга. Онам қаттиқ хасталаниб қолди. У торгина кушеткада ётар, нуқул йиғларди. Бу эса бизни янада умидсизликка туширарди. Баъзида ўсмирмасмизми, онамнинг дийдиёларидан аччиқланардик. Бир куни унга қараб, юзимни турли тусга киритдим ва онам жилмайди... Ночор, хастаҳол аҳволида юзига табассум югурди. Ва мен ўз йўлимни топдим. Трагедиям комедияга йўл очди!»
Жим Керри жуда ҳам фаол бола бўлган. Ҳатто унга гиперфаоллик ва эътибор танқислиги синдроми ташхисини ҳам қўйишган. Ерга урса, кўкка сапчийдиган болакай мактабда уни ким кўрса, беихтиёр кулишини эслайди. Гоҳида дарсларни тинглаш ўрнига қоғоз парчаларига ўзича турли имзолар чекар, ўқитувчилар ҳам унинг жим ўтирганига шукр қилишарди. Бугун актёр унга эркинлик берган ўқитувчиларидан ҳам жуда миннатдор.
Ҳаммаси тақлиддан бошланган
Жимнинг, айниқса, мактабда жуда илҳоми келарди. Бир қарасангиз, ўқитувчисига, бир қарасангиз, машҳур шахслардан бирига тақлид қилар, болалар эса қиқирлаб унинг томошаларини кузатишарди. Уйдаги ғам-ғуссани унутиш учун ҳам шундай йўл тутган бўлса, ажабмас. 11 ёшида ўзининг пародияларини камерига муҳрлайди (жами 80 та лавҳа) ва машҳур кулгу шоусига жўнатади. Аммо на жавоб хати, на шоу учун таклифнома олади.
Ўн беш ёшида отаси билан бирга комедик монолог ёзади. Кейин шаҳарчасидаги «Як-як» клубида бу монологни ижро қилади. Аммо, негадир, чиқиши илиқ кутиб олинмайди. Бу омадсизликдан Жим чуқур қайғуга чўкади. Шу билан икки йилдан сўнг «Литрайс Спивак» клубида чиқиш қилади. Бутун кеча унинг ихтиёрида эди ва атрофига тинловчилар йиғила бошлайди. 1981 йил унинг ҳақиқий карьераси бошланади. Аста-секинлик билан танилади ва Лос-Анжелесга кўчиб келади. 1984 йили «Pеорlе» журнали уни йилнинг энг яхши тақлидчиси, дея эълон қилади. Жим эса ҳаммаси ўнгланиб кетганига ишонч комил қилиб, ота-онасини Лос-Анжелесга кўчириб келади. Бироқ энди тамоман улар билан андармон бўлиб, ижоддан чекинади. Шу сабаб ҳам продюсери унга таклифлар билдирмай қўяди ва яна комигимиз севимли ишидан 2 йилга узоқлашди.
«Оскар»га арзимабдими?
Актёрни тушкунлик домидан қутқариш осон кечмади. Дўстларининг қўллаб-қувватлови билан яна санъат майдонига қайтди. Режиссёр Том Шадьяк уни «Эйс Вентура: уй ҳайвонлари қидируви» фильмига таклиф қилади. Озгина маблағ билан суратга олинган фильм кутилмаганда катта даромад келтиради. Жимга эса омад! У шу кунгача ўнлаб киноларда роль ижро этган бўлса-да, айнан ушбу картинадан сўнг Голливуд Жимни комик актёр сифатида тан олади. Ва биз завқланиб томоша қиладиган картиналар — «Ниқоб», «Ёлғончи, ёлғончи», «Абадий Бэтмен», «Ҳар доим «ҳа» денг», «Жаноб Поппер», «Труман шоу», “Қудратли брюс”лар экран юзини кўрди. Мукофотларини-ку санаб адоғига етказиб бўлмайди. Ҳатто, олти марта «Олтин глобус»ни қўлга киритади. Аммо ҳамон «Оскар»дан дарак йўқ. «Балким мен ҳалиям нутқ ирод қилишни уддалай олмасман, а? Хўш, бўлмаса, бу оламшумул мукофотга сазовар бўлиш учун қанақа роль ижро қилишим керак? Билмадим?» дейди у. Яна унинг бу табиийлигини нокамтарликка йўйганларга қарата «Ҳа, мен шунақа шуҳратпарастман», дея гапириб қўяди.
Йиғи ва кулгу
Жимнинг муаллифлик шоу кўрсатуви ҳам бўлган бир пайтлари. У шоунинг илк сонига онасини ҳам олиб келганди. Ўшанда ҳаётининг сўнгги кунларини яшаётган, дардан эзилиб кетган онасига қараб у йиғлаяпти-ю, бошқалар кулаяпти. Жаноб Керри ўшанда бир ҳақиқатни англаб етганди: сизнинг кўз ёшларингиз бошқаларни кулдираверади. Шу йил онасидан ажралган актёр, уч йил ўтар-ўтмас отасини ҳам тупроққа қўйди. Отаси вафот этганида «Ниқоб» суратга олинаётганди. У дардини ичига ютди. Охир-оқибат депрессиянинг домига тушди. Бунинг устига, биринчи рафиқаси билан ҳам оилада келишмовчиликлар авж олганди. Турмушидан ажралганда эса собиқ хотинига «Ниқоб» фильмидан олган 7 млн. долларини қўшқўллаб тутқазди. Тушкун Жимга ўшанда ошна-оғайнилари турли таблеткалар ичишни, спорт билан шуғулланишни тавсия қилади. Йиллар ўтиб, актёр ўз китобига шу жумлани ёзиб қўйди: «Муаммони ҳал қилиш керак, турли воситалар билан алдаш эмас».
Актёр спорт билан шуғулланади. «Айниқса, баскетбол жону дилим. Ўйнаш эмас, томоша қилиш», дея кулади у.
Қийинчиликлар ҳақида эса жиддий гапиради: «Бу дунёда ташвишсиз одам бўлмаса керак. Аслида, қийинчиликка дуч келганимизда биз ҳаёт ҳақида ўйлаймиз, ўтган кунларни, хатоларни, атрофдагиларга, ўзимизга муносабатимизни таҳлил қиламиз. Бошқа пайти эса ўйин-кулгудан ортмаймиз. Мен синовларгина бизни одам қилади, деб ҳисоблайман».
Беш муҳаббат қиссаси
Оммавий ахборот воситалари, интернет олами унинг айни сермуҳаббатлигига урғу беради. Ҳа, уйланди, ажрашди, яна уйланди, ажрашди, севишди, айрилди, хуллас, номи беш хил тоифадаги беш аёл билан боғланди. Мўъжизаларга ишонувчи актёримиз, қарангки, эртаклардаги муҳаббат бир афсона дегувчилардан. Бу ўзининг оқлашми ё бир эркакнинг аччиқ ҳақиқати, ким билади, дейсиз?
Бир нарса аниқ, Жим қизи билан фахрланади. Жэйн Керри рок йўналишида ижод қилади, ўзи гуруҳ ҳам тузган. Жим Керри невараси туғилгач, берган интервьюларининг бирида «Ҳа, мен қаридим! Ахир мен бобоман! Бахтли бобо! Неварам худди ўзимга ўхшайди, иқтидорли ҳам! Ҳозир ҳаётимни усиз тасаввур қилолмайман», дейди.
Шоира ВАФОЕВА тайёрлади.Манба: «Sug'diyona» газетаси