АсосийSUG'DIYONA

ҲЕЧ ҚАЧОН ҲЕЧ КИМНИ ЁМОН КЎРМАНГ!

'ҲЕЧ ҚАЧОН ҲЕЧ КИМНИ ЁМОН КЎРМАНГ!'ning rasmi

«Келинойимни ёмон кўраман! Сабабини эса билмайман. Акамнинг уйланганига атиги икки ой бўлди. Аммо негадир келинойим билан битта дастурхон атрофида ўтиришни ҳам истамайман...»

Таҳририят телефонига келган «SMS»га аввало бошқа рукн остида ёндашмоқчи бўлдик. Бироқ ўйланиб қолдик: нега одамлар бирор сабаб билан ёки сабабсиз бир-бирини ёмон кўришади? Бу ҳисдан қандай халос бўлиш мумкин? Руҳшунос Барно ИЛҲОМОВА мавзуни таҳлил қилади.

Мусбат ва манфий

Ҳис-туйғуларимиз икки хил бўлади: ижобий ва салбий. Ижобий туйғулар бир-бирини «чақир»иши натижасида сўзларимиз, хулқ-атворимиз, ҳаётимиз чиройли кўриниш олади.

Салбий ҳислар ҳам бир-бирига занжирдек уланиб, кайфиятимиз, турмуш тарзимиз, соғлигимизга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Кимнидир ёмон кўришимизнинг ҳам негизида турли омиллар ётади. Дарров бармоқ букиб, ёмон кўрганингизнинг «айб»ларини санаманг-да, психологик сабабларга назар ташланг.

  • Болаликка қайтамиз. Машҳур руҳшунос Зигмунд Фрейд айтганидек, биз ҳаммамиз болалик билан яшаймиз. Келинойисидан нафратланаётган қиз мисолига назар соладиган бўлсак, кимдир болалигида уни қаттиқ ранжитган ёки озорлаган. Ва бола бўлгани учун ҳаққини талаб қилолмаганидан, ўзини ҳимоя этолмаганидан ўша одамни ёмон кўриб қолган. Йиллар ўтиб бу воқеани унутган, ўша зулмкорни эсидан чиқарган эса-да, онг остида хотиралар ўрнашиб олган. Бугун келинойисининг овози, кўринишининг қайсидир жиҳати онг остига ўша воқеани эслатаётган ва ўз-ўзидан салбий ҳислар айбсиз айбдорга қаратилган бўлиши мумкин.
  • Ё ҳасад қиласиз, ё ҳавас? Ҳаммаси ёқтирмаслик, қабул қилолмасликдан бошланади. Масалан, айни пайтда йўлингиз кесишмайдиган, сен-менга бормаган танишингизни ҳам хушламайсиз. Бунинг ҳам икки сабаби бор: ёки ўша одамга ҳавас қиласиз ёки ҳасад. Яна мурожаатга қайтсак, бу қизга оила аъзолари доим қайсидир салбий одати учун танбеҳ беришган бўлиши мумкин. Ўзи ҳам танқид қилинадиган одатининг ёмонлигини, буни тўғирлаш кераклигини билади, аммо ҳеч уддасидан чиқолмайди. Єарасаки, келинойисининг феълида бу нуқсон йўқ ва шунинг учун ҳам оиласида ўзгача ҳурматга сазовор бўлди. Ёки акси бўлиши мумкин, яъни келинойиси унга кўзгу тутаяпти, унда ҳам айни шу «минус» бор.
  • «Мени камроқ яхши кўришади...» Сабаб-бесабаб ёмон кўришнинг яна бир сабаби шу. Дейлик, янги келинга яхшироқ, чиройлироқ, юмшоқроқ муомала қилинаяпти. Єизга эса ўзимизники дея, ачитиб тарбия беришда давом этилаяпти. Оиладагиларнинг иккаласига бўлган муносабати солиштирган қайнсингил «Келинойим уйимизга кўникиши учун шундай қилишаяпти, мен эса ўзлариникиман-ку», деб эмас, «У келгач, ҳамма мени ёмон кўриб қолди», дея фикрлай бошлайди.
  • Ҳамма танқид, танбеҳларни шахсиятингизга тегишли деб қабул қилиш. Нафақат оила даврасида, кўча-кўйда, мактаб, институт, ишхонада ҳам. Дейлик, раҳбарингиз ёки бирор ҳамкасбингиз иш бўйича қайсидир хатонгизни кўрсатиб, сизни огоҳлантирди. Бу огоҳлантиришни сизни асли яхши кўрганидан, янада ўсишингиз учун айтаётган бўлса ҳам, негадир «Мени ёмон кўради» қабилида қабул қиласиз. Шу тариқа фикрлашда давом этсангиз, ҳеч сабабсиз уни «душман»ингизга айлантириб оласиз.

Муҳаббат нафратга айланадими?

Ҳа! Єачонки, муҳаббат эвазига нимадир кутсангиз. Агар сиз муносабатлар аввалида севганингиз ёки яхши кўрган дўстингиз учун нимадандир воз кечсангиз, шу ондаёқ онг остингизда «У бир кун шунга яраша жавоб қайтаради», деган тушунча пайдо бўлди. У сиздан қурбонлик талаб қилмаган, ваъда бермаган бўлса-да, шу ўй билан яшайсиз. Воқелик аксинча давом этиб кетганида эса кутганингиз рўй бермаса, норозилик бошланади, хафа бўласиз, ёмон кўрасиз ва қарабсизки, кўнглингизда нафрат уйғонади. Хўш, нима учун бундай бўлади? Чунки сиз ўзингизни яхши кўрмайсиз. Ўзини севмаган инсоннинг меҳр-муҳаббати аввало ўзи учун, кейин атрофдагилар учун хавфли бўлади.

«Кўришга кўзим йўқ, тамом-вассалом!»

Ана шундай деб, тошдек қотиб ўтираверсангиз, ўзингизга ёмон қиласиз, холос. Чунки юқорида айтганимиздек, салбий туйғулар кони зарар. Хўш, нима қилиш керак?

  • Бугундан ўз устимизда ишлашни бошлаймиз. Яъни ўзингизга сўз беринг: мен бугундан ҳеч кимни ёмон кўрмайман деб. Бунинг учун ҳеч кимга баҳо берманг. Яъни «Бу — ёмон одам» дея.
  • Фарзандларимизга атрофдаги воқеа-ҳодисаларга ижобий туйғулар билан қарашни ўргатайлик. Бу йўлда, аввало, уларга ўзимиз ўрнак бўлишимиз керак. Масалан, қайнона-келин бир-бирини хушламаган оилада ўсган болалар ёмон кўриш — ҳимоя воситаси ёки одатий ҳол, дея катта бўлишади. Шунинг учун ҳам кимгадир бўлган салбий муносабатингизни фарзандларингизга ошкор этманг.
  • Борича қабул қилинг. Шунда тақдир йўлларингизда учраган кишига нисбатан кўнглингизда нафрат туйғуси илдиз отмайди. Масалан, «Бироз заҳарлиги бўлса-да, мардлиги таҳсинга сазовор», денг-да, ҳурматингизни йўқотманг. Ахир ҳар бир инсоннинг ўзига хос феъл-атвори билан бирга ижобий хусусиятлари ҳам бўлади. Шуларни кўра билинг.
  • Ўзингизни яхши кўринг. Чунки атрофидаги қайсидир одамни ёмон кўрган кишида ўзидан қониқмаслик ҳисси кучли бўлади. Ташқи кўринишидан норози одам кўзига сал ҳуснсиз кўринганга хунук дея тамға ёпиштиради. Ёки ҳеч омади юришмаётган бўлса, омадлининг хушмуомалалигини мулозаматгўйликка йўйиб, уни кўришга кўзи бўлмай қолади. Кўпчиликдан «Ўзингизни яхши кўришни биласизми?» дея сўрасак, «Ҳа», дейди. Исбот талаб қилганимизда эса асосан: «Ўзимдан пулни аямайман...», «Истаган таомимни еб, истаган либосимни кияман» каби жисмоний эҳтиёжлар билан боғлиқ жавобларни оламиз. Аслида, ўзини севган инсон хаёлларини ўтиб кетган хафагарчиликлар, норозиликлар, кўнгилсизликлар билан банд этмайдиган одамдир. Натижада кимнидир ёмон кўрмайди. Нафрат билан ўзини-ўзи қийнамайди.
  • «Мени ёмон кўради», дея бировнинг ҳис-туйғулари устидан ҳукм ўқиманг. Ахир сиз ўша одамнинг онг остига шўнғимагансиз-ку! Миясини рентген қилмагансиз-ку, сизга ҳаммаси беш қўлдек аён бўлса. Єўпол муносабат билдирса ҳам, кўнглингизни оғритса ҳам, бундай хулоса қилишингиз нотўғри. У сизни огоҳлантираётган, сизга кўзгу тутаётган ёки яхшилик соғинаётган бўлиши ҳеч гапмас-ку!
  • Биринчи белгиданоқ кўзни очинг. Аввалига ёқтирмайсиз, кейин жиғингизга тегадиган одатидан жаҳлингиз чиқади, бора-бора бу агрессияга айланиб, тилингиз ва ҳаракатларингизга кўчади. Сўнг нафрат тимдалай бошлайди юракни. Биринчи белгини сезишингиз билан аввал ўзингизга назар солинг, нима учунлигини юқорида таъкидладик, кейин обеъктни эмас, унга бўлган муносабатингизни тўғирлашга ҳаракат қилинг.

Хулоса

Ҳаммани бирдек яхши кўриб қолиш қўлимиздан келмайди. Аммо ёмон кўрмасликка кучимиз етади. Бунинг учун ҳеч кимга ҳеч қандай баҳо бермасак ва ўзимизни севсак бўлди. Ўзини яхши кўрган инсондан эса ёмонлик чиқмайди. Айтишади-ку «Бу дунёда ҳамма яхши, бу дунёда бўл яхши», дея. Сизни фақат ва фақат яхши кўришларини тилаб қоламиз, яхшилар!

Шоира ВАФОЕВА.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар