«Ота-онам узоқ вақтгача аҳволимни изоҳлаб беришга журъат этишмаган, мен эса нима учун дунё қоп-қоралигини тушунолмасдим. Ахир дўстларим, яқинларим аллақандай нур ва ранглар ҳақида ўзаро гаплашишарди-да. Вақт ўтиши билан менда аллақандай еттинчими ё саккинзинчи бир туйғу пайдо бўлдики, у фақат ўзим учун тушунарли бир дунёни чизиб берди. Мен ҳозиргача шу оламда яшайман. Бу олам фақат тасаввуримдагина мавжуд. Шунга қарамай, мен унда ўзимни бемалол ҳис этаман».
Бу иқрор келиб чиқиши грузиялик бўлган россиялик қўшиқчи, Россия Жамоатчилик палатаси аъзоси, Россияда хизмат кўрсатган артист, Грузия Ифтихори ордени соҳибасиДиана ГУРЦКАЯга тегишли. Қуйида биз ана шу матонатли ва иродали аёл тақдирини баён этамиз.
Ҳаммаси рисоладагидек эди...
1978 йилнинг 2 июли, жазирама ёз тонгларидан бирида дунё илк бор унинг жарангдор овозини эшитди — Диана Грузиянинг Сухуми шаҳрида шахтёр ва педагог оиласида дунёга келди. (Гурцкая фамилияси бир қарашда славянча туюлса-да, аслида қадим мегрел тилидан олинган ва у рус тилида турланмайди. Масалан, унинг акасининг исми Роберт Гурцкая). Аввалига қизалоқ ўзи каби болалардан ҳеч фарқ қилмасди. Унинг кўзи кўрмаслигини биров пайқамади ҳам. Кунлардан бир кун кичкина Диана дивандан йиқилиб тушди ва юзи қонаб кетди. Уни дарҳол шифокорга олиб боришди. Қизчани синчиклаб текширган шифокор мудҳиш ташхисни айтди — қизалоқнинг кўзлари ожиз ва бу бедаво дард эди. Диана оилада тўртинчи фарзанд, ота-она кенжатойининг тақдирини ҳал қилаётган ушбу мудҳиш хабардан ўзларини қўярга жой топа олишмади. Аввалига номдор шифокорларга, кейин табибларга кўрсатишди. Сўнгра тақдирга тан беришди: қизалоқ бир умр ёруғ дунёни кўрмасликка маҳкум эди.
Диананинг онаси тажрибали педагог бўлиб, фарзандининг бошқа соғлом болалардан кам бўлмаслигини истарди. Шунинг учун унга ногирон эмас, соғлом кичкинтойга қарагандек муносабатда бўлди. Она бир умр қизини авайлаб қўлидан ушлаб юра олмаслигини яхши тушунарди. Шунинг учун Дианага ёшлигиданоқ бу оламга мослашиш, курашиш ва яшашни ўргатди. Қизалоқ оиланинг бошқа фарзандлари билан бирга кўчада ўйнар, мабодо қоқилиб йиқилгудек бўлса ҳам, ота-она буни худди соғлом боланинг йиқилишидек қабул қилишарди. Шундай қилиб, ёш Диана тенгдошлари қатори катта бўла бошлади.
Тақдирга исён
«Онамнинг айтишларича, мен гапиришдан ҳам аввал куйлашни ўрганган эканман. Чиндан ҳам ҳаётимдаги илк хотираларим аллақандай ёқимли куй ва қўшиқлардан иборат. Кейин билсам, бу онам айтган аллалар ва қўшни аёллар куйлайдиган халқ қўшиқлари экан».
Дарҳақиқат, қизалоқнинг мусиқани илғаш ва англаш қобилияти фавқулодда ривожланган эди. Диана 10 ёшларга етганида онаси қизидаги ёрқин мусиқий қобилиятга амин бўлди ва уни болалар мусиқа мактабига етаклаб борди. Бу пайтда Диана кўзи ожиз болалар учун махсус мактабда таълим оларди.
«Менинг биринчи мусиқий асбобим — ота-онам совға қилган кичкинагина роялча эди. Мен бирваракайига ҳам ўрта умумтаълим, ҳам мусиқа мактабларида ўқир, аммо чарчоқ нималигини билмасдим. Мақсадим клавишларига бармоқ текканда ажиб сас чиқарувчи шу асбобни чалишни ўрганиш эди...»
Мусиқа мактабида қизалоқ мураббийларини фортепиано чалишни ўргана олишига ишонтирди. Бу тақдирга исён эди. Шу кундан эътиборан қизалоқ тинмай машқ қилди. Яратган унга ғайриоддий хотира, савқи табиий ва истеъдод инъом этганди. Диана иродасини намоён этди ва тез орада фортепиано чалишни ўрганиб олди. Энди у жарангдор овози ва моҳир ижроси билан мактаб саҳнасини эгаллаганди.Кўп ўтмай истеъдод ўз эътирофини топа бошлади.
Муваффақият, бу — меҳнатдир
Аста-секин Диана турли даражадаги мусиқий танловларда иштирок эта бошлади. Ана шундай танловлардан бирида уни Грузиянинг машҳур қўшиқчиси Ирма Сахадзе пайқаб қолди. Айнан шу аёл Диана билан Тбилиси филармониясида дуэт куйлаб, уни катта саҳнага етаклаб чиқди (барча маънода).
Гурцкаялар оиласи Москвага кўчиб ўтгач, қаҳрамонимиз Гнессин номидаги билим юрти ҳамда ГИТИСга ўқишга кирди ва яна бир вақтнинг ўзида икки жойда ўқий бошлади. 1999 йил ўқув юрти ва институтни тамомлаган Диана яккахон хонандаликни бошлади. 1995 йилдаёқ Диана «Ялта-Москва-Транзит» фестивалида «Тбилисо» номли қўшиғи билан омма эътиборига тушганди.Ўшанда у фестивалнинг махсус совринини қўлга киритиш билан бирга қўшиқчи бастакор ва ҳакамлар ҳайъати аъзоси Игорь Николаевнинг назарига тушди. Кейинчалик Николаев Диананинг машҳур қилган «Ты здесь» (Сен шу ердасан) хитини унга бағишлаб ёзди. 2000 йилда эса «АРС» компанияси Диананинг илк мусиқий альбомини чиқарди. Альбом жуда тез сотилиб кетди. Шу кунгача Диананинг «Ты здесь» ва «Ты знаешь, мама» номли иккита альбоми чиққан.
2008 йилда Диана Грузия байроғи остида «Евровидение-2008» танловида иштирок этди.
2009 йилда эса унга «Сочи элчиси-2014» дипломи топширилди. У Сочида 2014 йил бўлиб ўтган параолимпиада ўйинларининг юзи бўлди.
Икки эркак ардоғида
«Эсимни танибманки, доим ёнимда акам Роберт бўлган. Унга ҳамма сирларимни айтардим. У эса мени жудаям ардоқлар, менга, ҳатто, чанг қўндирмасди. Кун келиб, ҳаётимда бошқа бундай меҳрибон инсон пайдо бўлишини хаёлимга ҳам келтирмаганман. Аммо ҳаммаси кутилмаганда рўй берди...»
Бир куни россиялик етук сиёсатчи аёлИрина Хакамада Дианани ёш ва истиқболи порлоқ ҳуқуқшунос Пётр Кучеренко билан таништиради. Нозик, ёрдамга муҳтож кўринган, ҳар қандай эркакда ҳимоя қилиш истагини уйғотадиган, аммо ичдан метин иродага эга қиз бир зумда Пётрни ром қилди. 2005 йилнинг сентябрида уларнинг тўйи бўлиб ўтди. 2007 йилда эса ўғили Константин дунёга келди.
Диана жуда меҳрибон ва жонкуяр она.У ўғлининг тарбиясини ҳеч кимга ишонмайди. Саҳнани бир муддат тарк этиб, фарзандининг тарбияси билан шахсан ўзи шуғулланди. Шифокорлар унга болани эмизишни тақиқлаб қўйишди. Чунки Диананинг кўкрагида бола эмиб бўлгандан кейин қолиб кетадиган сут тезда ивиб қотиб қоларди. Мастит хавфи юқори бўлгани учун бу сутни соғиб ташлаш керак эди. Буни Диананинг ўзи қила олмас, ҳар куни уйларига шифокор қатнарди. Аммо Диана оғриқларга матонат билан чидаб фарзандини она сути билан боқди.
Эзгу амаллар йўлида
Диана эри — Халқлар дўстлиги институтининг профессори, адвокат, ҳуқуқий фанлар доктори Пётр Кучера билан ҳамкорликда кўзи ожиз болаларни қўллаб-қувватловчи «По зову сердца» (Юрак амри билан) номли хайрия жамғармасини таъсис этди. Ҳозирда бу жамғарма минглаб кўзи ожиз истеъдодларга ёрдам бермоқда. Шунингдек, «Оқ арқон: толерантлик, тенгҳуқуқлилик, интеграция» номли фестивални ҳам 2005 йилдан буён ўтказиб келади.
Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади.
Манба: “SUG‘DIYONA” газетаси






