Статистик маълумотларга кўра, супермаркетлардаги харидларнинг 20 фоизи ўйламай қилинаркан. Савдо марказлари раҳбарияти саватингизга иложи борича кўпроқ маҳсулот солишингиз учун анча-мунча айёрликларга боришади-да. Улардан огоҳ бўлинг ва тузоққа тушиб қолманг!
- Кираверишдаги ширинликлар
- Катта аравалар
- Энг “зерикарли” нарсалар дўкон марказида
- Бурчаклардаги “супер нарҳли” товарлар
- Стратегик тартиб
- Маҳсулотни татиб кўриш
- Музлатилган балиқ музлатилмаганидан фойдалироқ
- Чегирмалар бекорга бўлмайди
Супермаркетларга кираверишда иссиққина пишириқлар, пирожнийлар, булочкалар сотадиган жой ташкил қилинади одатда. Мақсад, улардан чиқаётган ёқимли ҳид сабаб оғзингиздан сув қочиб, иккитагина бўлса ҳам, сотиб олсангиз.
Маслаҳат: Агар дўконга ширин пишириқлар учун келмаган бўлсангиз, нафсингизни тийиб, уларни сотиб олманг. Унутманг, сиздаги ҳислар маркетологларнинг ўз ишини аъло даражада бажаргани оқибатидир.
Кўпгина супермаркетларнинг арава(ча)лари салкам «Тико» автомобили билан баҳслашгудек. Унга бир-иккита чоғроқ маҳсулот солсангиз, ичида йўқ бўлиб кетади. Оқибатда ўзингизни ноқулай ҳис қиласиз.
Маслаҳат: катта ҳажмли аравачаларга ёпишманг. Бор-йўғи битта сут учун кирган бўлсангиз, қўлда кўтариладиган саватча олақолинг. Оладиган нарсангиз кўп бўлмаса, катта супермаркетга эмас, кичикроқ дўконга боринг. Гипермаркетларда эса унутманг: аравачани тўлдиришга мажбур эмассиз!
Асосий маҳсулотлар (дон махсулотлари, нон, сут) дўконнинг марказида жойлашган бўлади ва уларга етиб боргунча косметика, дудланган маҳсулотлар ва пишлоқлар каби ўзига чорлаб турувчи бўлимларни босиб ўтишингиз керак.
Маслаҳат: харидни супермаркетнинг ўртасидан бошланг. Саватингиз керакли маҳсулотлар билан тўлгач, ортиқча харидга эҳтиёжингиз қолмайди ва дарҳол касса томонга йўналасиз.
Ўнтагина тухум сотиб оларкансиз, кўзингиз масалан, 50 фоиз чегирмали маҳсулотлар солинган пештахтага тушади. Ва, албатта, бу чегирмадан фойдаланиб қолишга ошиқасиз. Ваҳоланки ушбу маҳсулотни дўконга киргунингизга қадар сотиб олиш ҳаёлингизга келмаган бўлса–да.
Маслаҳат: зарур маҳсулотлар рўйхатини тузинг-у, дўконга боргач, ушбу рўйхатдан ташқари фақат битта ёки иккита нарсани харид қилишга ўзингизга рухсат беринг. Шунда бир ўқ билан икки қуённи урасиз: ҳам айрим кутилмаган харидларни қилишга имконият қолдирасиз, ҳам ортиқча пул сарфлаб юбормайсиз.
Одатда, кўп реклама қилинган таниқли фирмалар маҳсулотлари кўзга яққол кўринадиган жойларга терилган бўлади. Уларнинг нархлари ҳам юқори. Аммо бироз энгашсангиз ё юқорироққа қарасангиз, таниқли фирмадан бўлмаса-да, сифати қолишмайдиган турдош товарларга кўзингиз тушади.
Маслаҳат: ҳар доим фақат марказга эмас, қуйироқ ва юқорироққа ҳам қараб, нарх ва сифатни солиштиринг.
Баъзан супермаркетларда бирор маҳсулотни бепул татиб кўришни таклиф қилишаётганига говоҳ бўласиз. Ким ҳам бир бўлак бепул пишлоққа ёки қайноққина текин қаҳвага йўқ дерди. Ишлаб чиқарувчиларнинг эса шундай олтин қоидаси бор: харидорни аввал татиб кўришга, кейин харид қилишга кўндир.
Маслаҳат: дўконга оч қорин билан борманг. Яна унутмангки, татиб кўрган нарсангизни сотиб олишга мажбур эмассиз.
Муз устига чиройли териб қўйилган балиқлар аслида музлатилган ҳолда дўконга келтирилган, ўша ерда муздан туширилган бўлиши мумкин. Шунга кўра, уларнинг нархи музлатилмаган балиқникидан арзонроқ бўлади. Одамлар музлатилмагани фойдалироқ деб ўйлашади. Аслида ундай эмас, муздан туширилган маҳсулотлар ўз фойдали хусусиятларининг ярмидан кўпроғини сақлайди. Музлатилмагани эса икки кунда сасиб қолиши мумкин.
Маслаҳат: агар музлатилмаган балиқнинг кеча ёки бугун дўконга келтирилганига шубҳалансангиз, музлатилганини олаверинг. Ҳам пул тежайсиз, ҳам соғлиққа хавф бўлмайди.
«Акция!» деган ёзув остида товарларнинг арзонлаштириб сотилаётганига ёки иккита олсангиз, учунчиси бепул берилаётганига кўзингиз тушиши мумкин. Кўпинча яроқлилик муддати тугаётган маҳсулотлар шундай сотилади.
Маслаҳат: арзонлаштирилган товарларнинг яроқлилик муддати ва сифатига эътибор беринг. Ёдда тутинг: арзон беиллат бўлмас!
ШАҲИНА тайёрлади.
Манба: “SUG‘DIYONA” газетаси






