АсосийSUG'DIYONA

ПИШИР-КУЙДИРДА АСҚАТУВЧИ ТАВСИЯЛАР

'ПИШИР-КУЙДИРДА АСҚАТУВЧИ ТАВСИЯЛАР'ning rasmi

Пишган бисквитингиз янада майин бўлиши учун қуйидаги усулда қиём тайёрлаб, устидан суртинг. Ярим стакан сувга 2 ош қошиқ шакар, чой қошиқ учида лимон кукунини солинг. 15 дақиқа қайнатилгач, таъм берувчи эссенция қўшиб, фойдаланишингиз мумкин.

Музқаймоқли крем тайёрлашни ўрганмоқчи бўлганлар учун : 500 гр қаймоққа бир банка қуйилтирилган сутни аста қўшиб, кўпиртирасиз. Таъми яхшиланиши учун 1 соат музлатгичга қўйинг. Кремни тўғралган мевалар билан дастурхонга тортишингизёки у билан ширинликлар устини безашингиз мумкин.

Қайнатиладиган кремнинг янгичасига нима дейсиз?! 300 гр сутга, 4 ош қошиқ крахмал ва 2 ош қошиқ ун қўшиб, оловга қўйинг. Қайнатилганида қуйилиши керак. Сўнг 200 гр сарёғ ва бир банка қуйилтирилган сут аралашмасига қўшиб, кўпиртирасиз. Крем асалли пишириқлар учун тавсия этилади.

Шоколадли глазурь тайёрлашни биласизми? Бунинг учун 4 ош қошиқ какао, ярим стакан шакар, 150 гр сув керак бўлади. Масаллиқларни аралаштириб, оловга қўйинг. Қайнатиш жараёнида қуюқлашади. Агар глазурдан безак ўрнида фойдалансангиз, шу ҳолича ишлатаверинг. Агар пишириқ устини қоплаши учун керак бўлса, оловдан олгач, 50 гр.сарёғ аралаштириб олинг. Шунда қуюқлашади.

Оқ рангли глазурь ҳам чакки эмас! Идишга бир дона тухум оқини солинг. Санчқи ёрдамида кўпиртириб, 50 гр қанд упаси ва 1-2 томчи лимон шарбатини қўшиб борасиз. Ушбу глазурь кекс ва пироглар устини безатиш учун тавсия этилади.

Мевали қиёмни ҳам синаб кўринг! 200 гр қанд упасига 3-4 ош қошиқ исталган мева шарбатини қўшинг. (лимон, маймунжон ёки апельсин) Устидан 1-2 ош қошиқ қайнаган сувни солиб, аралаштиринг. ҳосил бўлган масса яхшилаб аралаштирилгач, булочка ёки печеньеларга безак сифатида ишлатилиши мумкин.

Қаҳвадан тайёрланадигани ҳам бор: 200 гр қанд упасига ярим пиёла аччиқ дамланган қаҳва ва 1 чой қошиқ сарёғни қўшинг. Масаллиқларни яхшилаб аралаштириб олинг. Тайёр бўлгач, шоколадли торт ёки пирожнийларни безашдафойдалансангиз бўлади.

Манба: “SUG‘DIYONA” газетаси

Бошқа янгиликлар