Бундан ўн йиллар аввал олти яшар ўғлим жиддий савол берди: «Нима учун менинг исмимини Жеки Чан қўймагансизлар?». Энди билсам, боламнинг хаёлини ўғирлаган машҳур актёрни асли ота-онаси Жеки Чан деб атамаган экан. У машаққатли меҳнати, бой фантазияси ва чин актёрлик иқтидори билан Жеки Чанга айланган!
200 долларлик бола
1954 йилнинг 7 апрель куни Гонконгда кесарча кесиш йўли билан вазни 5 килодан ошиқ паҳлавон дунёга келди. Шифокор эса шу арзимас амалиёт учун 200 доллар пул талаб қилди. Кунига 25 цент топадиган ёш оила учун бу шунчалик катта маблағ эдики, бўлажак киноактёр, режиссёр, сценарийнавис, мураккаб саҳналарнинг моҳир ижрочисининг отаси уни 26 доллар эвазига олиб қолишни таклиф этди. Аммо шифокор ҳам анойилардан эмасди, қарзни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан чақалоқни қайтаришларига рози бўлди. Болакайни эса Конг Санг Чан, яъни «Гонконгда туғилган» дея аташди.
Фарзанд дунёга келиб Чарльз ва Лили Чанларнинг оиласига барака кира бошлади, оила бошлиғи Австралия элчихонасига ошпаз бўлиб ишга киришга муваффақ бўлди. Натижада, жажжи Чанда мактабда ўқиш имконияти туғилди. Аммо семизлиги, ўзига ишонсизлиги боис иккинчи синфга ўтолмади. Айни шу пайтда Чарльзга Австралиядаги Америка элчихонасида 150 доллар маош эвазига ошпазликни таклиф этишди. Чарльз кўп ўйлаб ўтирмай «бебош» ўғлини Гонконгдаги Опера мактабига жойлади. Энди болакай ота-онасидан буткул йироқда яшашга мажбур эди...
Тарбия усули – калтак ва қўрқув
Опера мактаби унинг тақдирини белгилади. Калтак билан тарбиялаш оддий ҳол саналган санъат мактабида ўқишга унча-мунча бола чидамасди. Ўқув куни саҳар соат 5 да бошланар, ярим кечада тугарди. Ва бу ҳар куни давом этарди. На байрам бор, на дам олиш куни. Машғулотлар эса рақс, юз мушакларини машқ қилдириш, актёрлик маҳорати, қўл жанги санъати, халқона кураш усуллари, акробатика ва бошқа шу каби ҳунарларни эгаллашга қаратилганди. Энг зўр мақтов – ширин сўз, жазо эса – қамоқ. Вазифаларни бажаришга иштиёқ ва ҳафсалани рағбатлантиришнинг эса биттагина усули – калтаклаш қўлланиларди.
– Ўқув жараёни калтак ва қўрқув орқали бошқариларди, – деб эслайди ўша пайтларни Жеки, – калтак менга «Сакра», «Ур» деб буюрар, мен эса бўйсинардим. Эсимда, ўқитувчим «Столдан сакраб ўт» деганида «Эплолмайман» деб жавоб бериб қўйибман. Юмшоқ жойимга калтак келиб тушганидан кейин шундайин сакрадимки, иккита столдан хатлаб ўтибман.
Икки йилдан кейин уни отаси кўргани келди. У ўғлидан бу мактабда ўқиш ёқаяптими деб сўраганда, қайсарликда тенги йўқ қаҳрамонимиз бутун умр шу ерда қолишга тайёр эканини айтади. Негаки у кино сеҳрини туйиб бўлган эди...
Брюс Лининг энг зўр сояси
Жеки Чан ўзининг кинодаги биринчи ролини ва 12 долларли гонорарини 8 ёшида олди. Аввал ёш болаларнинг ролларини ижро этиб юрди, кейин каскадёрликка ўтди. Айтишича 10 ёшига бориб, у
Икки йил ўтиб эса Брюс Ли суратга тушаётган киногуруҳга қўшилади ва анчагача Брюс Ли ўйнаган фильмларда иккинчи даражали роллар ва эпизодларни ижро этиб юрди. Уни ҳатто «Брюс Лининг энг яхши сояси» деб ҳам атай бошлашди, аммо бундай ҳолат Жекини қониқтирмасди. Жекини Брюс Лига айлантириш ғояси ҳам пучга чиқиб, унга тақлид қилиб ўйнаган роллари омадсиз бўлди. Ло Вей – Брюс Лининг собиқ продюсери эса Жеки Чан у билан шартномани бузгани учун ўч олишга қарор қилди, ҳатто ҳаётига таҳдид қилишдан ҳам тонмади. Натижада Жеки аввал Тайванда, кейин Америкада суратга туша бошлади.
Жеки Чанга қачон айланди?
Чан ота-онасининг ёнига Австралияга жўнади. Унинг асосий мақсади – инглиз тилини ўрганиш эди. Кун кўриш учун эса аввал идиш ювиб юрди, кейин қурилишда ишлай бошлади. Айнан қурилишда қаҳрамонимизнинг исмини талаффуз қила олмаган бошқа миллат вакиллари уни Конг Санг эмас, Жеки деб атай бошлашди. Гонконгга қайтгач яна киноларда суратга тушишни давом эттирди. Фақат энди титрларда унинг исми Жеки Чан деб ёзиладиган бўлди.
1977 йили у шу пайтгача ҳамкорлик қилиб юрган режиссёрлардан кетиб, бошқа режиссёр – собиқ каскадёр Ен Во Пинг ҳамда сценарист Чен Цзен билан ҳамкорликка киришди. «Бургут соясидаги илон» аввалги фильмлардан фарқли равишда енгил, ҳазил-мутойибага бой, воқеалари ҳам қизиқ бўлгани, муҳими Жеки Брюс Лига тақлид қилиш мажбуриятидан ҳоли тарзда образга ўзгача ёндашгани боис хитга айланди. Жеки ўз услуби — кунг-фу билан томошабинларнинг меҳрини қозонди. Энди у ўзи ҳам сценарий ёзар, режиссёрлик қилар, ҳатто мусиқа ёзишга ҳам киришганди. Бироқ Америкада Жекининг услубини менсимай, уни «америкача»сига роль ижро этишга мажбурлаганлари боис, ўша пайтлари ўйнаган фильмлар машҳур бўлмади. Бу орада Жеки Чан билан ҳамкорликдаги киностудиялардан бири Ло Вейга 10 000 000 Гонконг доллар бериб, Жеки Чанни «сотиб олди».
У қора ва оқ рўйхатларнинг бошида!
1883 йилдан бошлаб у Опера мактабидаги икки дўсти – Саммо Хунг ва Иен Бияо билан еттита фильмда суратга тушади, бу фильмлар кўпроқ Осиё томошабинларига манзур бўлади. Жаҳон миқёсидаги машҳурликни эса унга «Полиция воқеалари» фильми олиб келади. Ундаги хавфли саҳналар, ажойиб трюклар томошабинларни бефарқ қолдирмади. Муҳими, Жеки Чан ўта хатарли машқларни ҳам каскадёрларга топширмай, ўзи бажарарди. Фильмнинг сценарийсини ўқиб кўрган суғурта компанияларнинг бирортаси Жеки Чаннинг ҳаётини суғурталашга рози бўлмади. Қарангки, ўшандан бери Жеки Чан номи суғурта компанияларининг қора рўйхатига киритилганмиш.
«Бронксдаги тўполон» фильми АҚШ кинтеатрларида қўйилиб, 2 кун ичида 10 миллион касса пули йиғиб, барча хит-парадларда биринчи ўринни қўлга киритгач, Жеки Америка киносаноатида мустаҳкам ўрнашиб олди. У «МТВ» телеканалининг мукофотига сазовор бўлди, ўз кинокомпаниясини каскадёрлар уюшмасини ташкил этди. Жекининг «Тиғиз пайт-2» фильми 10 ҳафта давомида пешқадамликни қўлдан бермай, 200 миллион долларлик фойда келтириб, барча рекордларни бекор қилди. 1998-2004 йиллар оралиғида у ўзининг энг машҳур фильмларида суратга тушди.
Жеки Чан энди – суперқаҳрамон! Фақат ижобий ролларни ўйнайдиган Жекининг қаҳрамонлари ёқимтой, бироз эрка, озроқ эринчоқ ва содда йигитлар. Улар қийинчиликларни енгиб, ҳамиша ғалаба қозонадилар. Аксинча ҳам бўлиши мумкинми? Ахир унинг энг зўр мухлислари болалар-да!
Ўзингдан чиққан балога...
1982 йили Жеки Тайванлик киноактриса Линь Фэнцзяога уйланади. Юзлаб фильмларда суратга тушган машхур актриса ҳеч иккиланмай, кинодаги карьерасини ташлаб ўзини оиласига бағишлайди. Тез орада улар фарзандли бўлишади. Актёрнинг ёлғиз ўғли Жейси Чан ҳам ота касбини эгаллади, бир неча фильмларда суратга тушди ҳам. Бироқ 2014 йили Пекинда наркотик моддаси истеъмол қилгани учун 6 ой қамоқ жазосини ўтаб чиқди. Отаси эса унинг учун бутун Хитой халқидан узр сўраб, ўғлини меросдан бебаҳра қолдиришга ваъда берди.
Ҳотамтой Чан
1988 йили актёр илк бора ўз ҳайрия жамғармасини ташкил этди. Ўшандан бери у бўш вақтини ночор инсонларга сарфлайди – Гонконгдаги етим болалар ва бутун дунёдаги муҳтож хитойликларга ёрдам қўлини чўзишга бел боғлаган.
Назокат АБДУҚУНДУЗОВА тайёрлади.
Манба: «Sug'diyona» газетаси