АсосийSUG'DIYONA

ҲАЁТГА КУЛИБ БОҚИНГ!

'ҲАЁТГА КУЛИБ БОҚИНГ!'ning rasmi

Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор. Ҳамма ўзи учун ҳақ! Исталган вазиятни ўз фойдамизга ҳал қилишга одатланиб қолганмиз. Оддийгина мисол, уйда катталар, ишда раҳбар ё атрофдаги дўстларимиз бизни кескин танқид қилса, ишдаги бирон камчилигимизни дангал айтса, дарров тарвузимиз қўлтиғимиздан тушади. Танганинг икки тарафи борлигини унутмаган ҳолда ёмон гапдан ҳам яхши тарафларини изласак, фойдадан холи эмас. Лекин ҳар қандай танқид ва эътирозни кескин эмас, қоғозга ўралган қанддек, ётиғи билан тушунтирилса, олам гулистон. Икки ўртада хафагарчилик ҳам бўлмайди. Танқид яхши, бироқ ишга бўлган хафсалани пир қилиши ёмон. Шундай вазиятларда тушкунликдан нажот изламанг! Бу ўзингизга акс натижа кўрсатади. На ишингиз ва на ҳаловатингизда унум бўлади. Муаммоларга юқорироқдан назар солишни ўрганинг! Оптимист бўлсангиз, исталган вазиятни бошқара оласиз, ҳаёт ҳам сизга ранго-ранг жилоларини сочишдан тўхтамайди. Бунда сизга оптимистларнинг кун тартиби қўл келса ажабмас...

— Уйқудан кўз очиб, бошланажак кунингизда бажаришингиз керак бўлган ишларни белгилаб олинг. Фақат ишни энг асосийсидан бошланг!

— Иш ҳеч қачон тугамайди, хоҳ у уй юмуши бўлсин, хоҳ хизмат вазифаси. Шундай экан, ҳордиқ учун кунда йигирма дақиқа вақт ажратинг. Мана шу вақт мобайнида асабларингиз тин олади ва ишингиз янада унумли бўлади. Ишонаверинг, синалган тажриба!

— Юзага келган муаммоларга енгилроқ ёндашинг:

1. Сизни бирон воқеа ҳайратлантирдими? Уни хотирангизга муҳрлаб қўйинг. Кези келганда уни хотирадан сўзга кўчиришга улгурасиз. Ноўрин вақтда айтилган гапдан сукут афзал, буни ёдда тутинг!

2. Атрофингиздагилар, айниқса, ҳамкасбларингизни ҳайратлантиринг. Сиздаги сокинлик кескин вазиятларнинг олдини олади.

3. Юзага келган муаммоларни визуаль тарзда кузатинг, сўнг оқ қоғозга қоралаб қўйинг. Ажабмас, бу туртки орқали ажойиб санъат асари дунёга келса. Тома-тома кўл бўлур.

— Жаҳлингиз бурнингизнинг учида турадими? Ҳиссиётларни жиловласа бўлади. Уларга эрк бермай, аламингизни қўшиқ тинглаш, тоза ҳавода сайр қилишдан олинг. Бир ўқ билан иккита қуённи урасиз.

— Ўзингизга ёққан бирон юмуш билан, айтайлик, бир соат банд бўлинг. Кўрасиз, натижаси сизни узоқ куттирмайди.

— Ҳар кунги бир хилликдан воз кечишнинг вақти келмадимикан? Кечки сайр, кино ё театрга бориб ҳордиқ чиқариш кабиларни ҳам кун тартибингизга киритинг.

— Кишига кайфият бағишловчи омиллардан яна бири — харид! Тан олинг, бу аёлларнинг энг севимли овунчоғи. Ҳар ой бўлмаса-да, йилда икки марта имижингизни ўзгартириб туринг.

— Бахтли бўлишни истайсизми? Маслаҳатларимизга амал қилган ҳолда буни эрта тонгдан бошланг!

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар