АсосийSUG'DIYONA

МУЛЬТИВАРКА — ДАСТЁРИНГИЗ!

'МУЛЬТИВАРКА — ДАСТЁРИНГИЗ!'ning rasmi

Маиший техника дўконлари пештахталарида янги ошхона жиҳози — мультиварка пайдо бўлганига кўп бўлганича йўқ. Келинг, мўъжизакор ёрдамчи сифатида таърифланаётган бу асбобни харид қилиш учун вақт ва маблағ сарфлашга арзиши ёки йўқлигини билишга уриниб кўрамиз!

У нима?

Бир қарашда мультиварка электр қувватидан фойдаланиб таом пиширадиган, вақт ва ҳароратни бошқара оладиган кичик қозончага ўхшайди. Бу техник асбоб бўтқа, шўрва қайнатиш, гўшт, балиқ ва сабзавотларни буғда пишириш, картошка қовуриш, шарлотка каби пирогларни тайёрлаш ҳамда банкаларни стериллаш мумкин. Фақат ҳар қайси таом оддий қозонда тайёрланганидан 20-30 дақиқа кўпроқ вақт давомида пишади.

Ҳажми

Мультиварканинг баландлиги, эни ва узунлиги тахминан 30 см. бўлиб, ошхонада катта жойни эгалламайди. Пластикдан ишланган қобиғининг остида иситувчи элементи жойлашгани учун асбоб ишлатилаётган вақтда қўл куйиши каби нохуш ҳолат юз бермайди. Бундан ташқари, электрон бошқарувни таъминлайдиган микропроцессор ҳамда ечиладиган қозончаси мавжуд. Бу қозонча тагига олмайдиган металлдан ишлангани туфайли овқатингиз куйиб кетмаслиги таъминланган. Кўпинча уй бекаларига 2-2,5 ва 4-4,5 литр ҳажмли мультиварка таклиф этилади. Яқинларини таомлар хилма-хиллиги билан қувонтиришни ҳуш кўрувчи аёлларга катта ҳажмлигисини олишни маслаҳат берамиз. Негаки унда кичикроқ иккинчи қозон ҳам бўлади, бир вақтнинг ўзида икки таом пишириш имконияти мавжуд. Яна мультиваркани харид қилаётганда таомларни буғда пишириш учун мўлжалланган элаксимон идиши бўлишига аҳамият беринг. Шунингдек, қозончаларнинг махсус устки қатлами сифатли ва бутунлигини текширишни унутманг, агар бу қоплам шикастланган бўлса, таом тагига оладиган, идишнинг металли эса ўзидан заҳарли моддалар ишлаб чиқарадиган бўлади. Натижада яроқсиз бу асбобдан воз кечишдан бошқа иложингиз қолмайди.

Унутманг!

Бозорда турли-туман, сифали ва сифатсиз, қиммат ва арзон молларни топиш мумкин. Сизга мультиварка дея қопқоғи ойнадан ясалган асбобни беришга уринишса, уни асло харид қила кўрманг. Бу техниканинг ҳақиқийсида герметик пластик қопқоқ бўлиши шарт!

Имкониятлари

Мультиварканинг стандарт модели олти асосий вазифани бажаради, улардан учтаси — гречиха пишириш, ош дамлаш ва сутли бўтқа тайёрлашни 100 фоиз автоматик тарзда амалга оширади. Асбобнинг қозончасига ёрмани солиб, сув қуйилади ва «start» тугмаси босилади, холос. Мультиварканинг ўзи ёрмани пишириш усулини танлайди, ҳарорат ва вақтини белгилайди. Таом тайёр бўлганида эса товуш сигнали билан огоҳлантиради. У ёрмаларнинг барча турини пишириб бера олади, фақатгина режимини танласангиз кифоя. Мультиварканинг қолган учта вазифаси — димлаш, буғда пишириш ҳамда пишириқ тайёрлаш ярим автоматтарзда бўлиб, ҳарорат ва вақт кўрсаткичларини киритиш талаб этилади.

Айтгандек, маиший техника қандай ҳароратда ишлашини ойдинлаштириб олинг. +105 С дан+140 С ҳароратгача ишлайдиган мультиварка таомни худди плитада пишадиган вақтда тайёр қилади, +76 Сдан +105 С ҳароратда пиширадигани эса ҳар доимгидан кўпроқ вақтда пиширади.

Замонавий мультиварка қовуришни ҳам билади ва иссиқлик босимини ҳам ўзгартира олади. Юқори босимдаги функцияда таом пиширилса, паст босим эса енгил иситиб олиш учун тўғри келади. Бу ҳаммаси эмас! Яна мультиварканинг таймери бўлиб, кечқурун маҳсулотларни солиб, вақт белгиланса, нонуштага иссиққина бўтқа тайёр бўлиб туради.

Хавфсизлик қоидалари

Мультиварка мураккаб маиший техника сирасига киргани сабаб хавфсизлик тизими мукаммал бўлган турини танлашни маслаҳат берамиз. Қозончасида маҳсулот солинмай туриб ишламайдигани, герметик, таом пишириш даврида блокка тушадиган ва осон ювиладигани энг маъқулидир. Фойдаланишда осон ва қулай бўлиши лозим. Ҳар бир тугмасида ёзуви бўлгани яхши. Айрим мультиваркалардан кўзи ожизлар ҳам бемалол фойдалана олиши учун тугмаларга Брайль ёзувида белгилар қўйилган.

Уй бекасининг бу беминнат дастёри пойтахтимиз дўконларида 280 минг сўмдан бошлаб нархланади. Вазифаси ва қўшимча имкониятларига қараб, нархи ҳам ошиб бораверади.

ДИЛНОЗА тайёрлади.

Манба: “SUG‘DIYONA” газетаси

Бошқа янгиликлар