АсосийJamiyat

​АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙ ЮРГАН 2 МИНГГА ЯҚИН ШАХСГА ТЕГИШЛИ ЧОРАЛАР КЎРИЛДИ

'​АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙ ЮРГАН 2 МИНГГА ЯҚИН ШАХСГА ТЕГИШЛИ ЧОРАЛАР КЎРИЛДИ'ning rasmi

АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙ ЮРГАН 2 МИНГГА ЯҚИН ШАХСГА ТЕГИШЛИ ЧОРАЛАР КЎРИЛДИ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида оилаларни янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, жамиятда аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мустаҳкам оила – жамият таянчи. Шу боис оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, оилавий ажралишлар, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, оилавий низоларни бартараф этиш борасида Андижон вилоятида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган.

– 769 мингдан зиёд оиланинг 25 фоиздан кўпроғи ёш оилалардир, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитасии раиси Манзура Юнусова. – Президентимиз ташаббуси билан оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш мақсадида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳлар жорий йилнинг ўтган даврида ҳар бир хонадонда бўлиб, оилаларнинг аҳволи, фуқароларни қийнаётган муаммоларни чуқур ўрганди. Ҳаётда намунали, соғлом оилалар билан бирга, афсуски, нотинч оилалар ҳам учраб туради. Кўпроқ ана шундай оилалар билан ишлаш, уларда маънавий соғлом муҳитни қарор топтириш муҳим вазифамиздир.

Ўрганишлар давомида 3 мингдан ортиқ низоли оила борлиги аниқланди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2 мингдан зиёд оила ажралиб кетишининг олди олинди. Алимент тўламай юрган 2 мингга яқин шахсга тегишли чоралар кўрилди.

Вилоятда йилига ўртача 25 мингдан ортиқ янги оила барпо бўлади. Бироқ, жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 700 га яқин оиланинг қонуний ажралиб кетиш ҳолати қайд этилгани ачинарлидир. Ана шу ажримлар таҳлил этилганда, бунга кўпроқ фарзандсизлик, қайнона-келин можароси, қудалар ўртасидаги келишмовчиликлар, эркакнинг қонуний никоҳи бекор бўлмасдан бошқа оила қуриб олиши сингари қатор омиллар сабаб бўлаётгани аниқланган. Бу эса ёш оилаларни мустаҳкамлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш борасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишни тақозо этади.

– Вилоятдаги 866 маҳаллада хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари етакчилари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамкорлигида оилаларни мустаҳкамлаш, айниқса, ёш оилалар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда, – дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик уюшмаси раиси Замира Тиллаева. – Натижада оилавий муносабатлар билан боғлиқ салбий ҳолатлар бартараф этилмоқда.

Муаммонинг ўта долзарблиги ҳисобга олиниб, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг қўшма сессияси ўтказилди. Унда оилаларни, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, тўй-ҳашам ва бошқа маросимларни тартибга солиш тўғрисидаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Мажлисда кўплаб маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари, имом-хатиб ва отинойилар фаолияти танқидий таҳлил этилди. Шунингдек, тўй ва бошқа маросимларни қисқартириш, тартибга солиш, оилаларни мустаҳкамлаш, ажралиш ёқасига бориб қолган оилаларни сақлаб қолиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан қабул қилинган “Вилоятда оилаларни, унинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар тўғрисида”ги қарорда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, хусусан, маҳаллалар ва ҳар бир оилада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, тўй-ҳашам, оилавий маросимларни ихчамлаштириш, чет элдан кириб келаётган турли ғоявий таҳдидлар, “оммавий маданият” кўринишлари, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг, оилавий можаролар билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчиликнинг роли ва ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ҳуқуқшунослар, психологлар, кўпни кўрган нуронийлар иштирокида ўтказилаётган турли тадбирлар, давра суҳбатларида оилалар муаммолари билан боғлиқ ҳолатлар атрофлича муҳокама этилмоқда, салбий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш, қайнона-келин муносабатлари қандай бўлиши, шунингдек, ёш оилалар вакиллари ҳамда оила қуриш арафасида турган йигит-қизларга оиланинг муқаддаслиги, оила аъзоларининг бурчи ва масъулияти ҳақида кенг тушунчалар берилмоқда.

– Бу каби тадбирлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда, – дейди Андижон шаҳар “Аёллар маслаҳат маркази” раҳбари Насиба Раҳимова. – Йилнинг биринчи ярмида марказимизга турли муаммолар билан 500 дан зиёд хотин-қиз мурожаат қилган бўлса, уларнинг аксарияти оилавий масалалар билан боғлиқ. Қувонарлиси, олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари самарасида кейинги уч ойда бундай мурожаатлар сони кескин камайди.

    Бошқа янгиликлар