АсосийSiyosat

ЎЗБЕКИСТОН ВА ИСПАНИЯ ЎРТАСИДА АВИАҚАТНОВ ТЎҒРИСИДА БИТИМ ИМЗОЛАНДИ

'ЎЗБЕКИСТОН ВА ИСПАНИЯ ЎРТАСИДА АВИАҚАТНОВ ТЎҒРИСИДА БИТИМ ИМЗОЛАНДИ'ning rasmi

2017 йилнинг 14 ноябрь куни Мадрид шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Испания Қироллиги ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Алфонсо Дастис билан учрашди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришда истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор берган ҳолда давлатлараро алоқаларнинг кўплаб масалалари батафсил муҳокама қилинди ҳамда «Ўзбекистон — Европа Иттифоқи», «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» доирасидаги ўзаро ҳамкорлик кўриб чиқилди ва муҳим халқаро муаммолар тўғрисида фикр алмашилди.

Остона шаҳрида 2017 йилнинг 9 июнь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Испания қироли Филипп VI билан учрашуви азалдан ишончли ва конструктив хусусиятга эга Ўзбекистон ҳамда Испания мулоқотининг муҳим босқичи бўлганлиги мамнуният билан таъкидланди.

Шунингдек, учрашувда туризм соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Музокаралар якунига етгач, вазирлар Ўзбекистон Республикаси билан Испания Қироллиги ўртасида авиақатнов тўғрисидаги битим ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Испания Қироллиги ҳукумати ўртасида халқаро автомобиль ташувлари тўғрисидаги битим имзоладилар.

Мазкур ҳужжатлар транспорт-коммуникация соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратади, шунингдек, икки мамлакат миллий юк ташувчиларининг қатнов географиясини кенгайтиш имконини беради.

    Бошқа янгиликлар