Бутун дунёда 2017 йил 19 ноябрь - Аёллар тадбиркорлиги куни сифатида кенг нишонланади ва бу кун аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини қўллаб қувватловчи энг йирик жамоатчилик ҳаракатига айланади. Бу кун бутун дунёдаги 4 миллиард аёлларнинг тадбиркорлик орзуларини руҳлантирадиган ва рағбатлантирадиган кун бўлади. Бу куннинг нишонланиши тадбиркор аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини қўллашга мўлжалланган йирик ташаббусдир. Бу ташаббус БМТ шафелигида ўтиб дунёнинг 144 мамлакатида кенг нишонланади. Ташаббуснинг мақсади аёлларга иқтисодий жараёнларда иштирок этиш имконини бериш, етакчи, ихтирочи, янгиликка интилувчи ва тадбиркор аёллар ҳамжамиятини ташкил этиш, иқтисодий ўсиш ва янги ғояларни ҳаётга татбиқ этишдир. Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ, мамлакатимиздаги оламшумул ислоҳотлар натижасида аёллар тадбиркорлиги, аёлларнинг иқтисодий - ижтимоий фаоллигини қўллаб қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Барча юртдошларимиз қаторида ишбилармон аёлларимиз ўз билим ва тажрибаларини қўллаган ҳолда, нафақат ўз оилалари гуллаб яшнаши, балки иқтисодимиз ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Шу туфайли бугун аёлларимиз муҳим ижтимоий ва бизнес лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиб, хизмат кўрсатиш, озиқ овқат, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа жадал ривожланаётган соҳаларда фаол иштирок этмоқдалар.
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси 2016 йилдан шу ташаббусга қўшилиб, мана иккинчи йил, аёллар тадбиркорлиги имкониятлари, мамлакатимизда бу ҳаракатнинг жадал ривожи, уларнинг мустақил ва иқтисодий жиҳатдан эркин бўла олишлари, ўзларига янги имкониятлар очиб, муваффақиятли ва бахтли бўла олишларини намойиш этиш мақсадида тадбиркор аёллар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тадбир ўтказмоқда. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар қумитаси, Ўзбекистон Олий Мажлисининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва ўзини ўзи бошқариш органларини қўллаб қувватлаш қумитаси, Ўзбекистон Хотин – қизлар қумитаси Аёллар тадбиркорлиги куни нишонланишининг бош ҳамкорларидир.
2017 йил 18 ноябрь куни “WYNDHAM” меҳмонхонаси мажлислар залида “Ўзбекистон иқтисодий ривожида аёллар тадбиркорлигининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ва “ЗАРАФШОН” киноконцерт залида Ассоциация томонидан эълон қилинган кўрик танлов ғолибларига мукофот топшириш маросимлари бўлиб ўтди. Конференцияда хорижий ва маҳаллий экспертларнинг аёллар тадбиркорлиги ҳолати, унинг ривожи ва иқтисодиётимиздаги ўрни, аёлларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда долзарб вазифалар ҳақидаги маърузалари тингланди.
Мамлакатни модернизация қилишнинг янги босқичи ва иқтисодий сиёсатининг асосий мазмуни иқтисодиётни экспортбоп йўналишда ривожлантиришнинг ҳар томонлама қўллаб – қувватланишидир. Шундан келиб чиққан ҳолда конференция экспертлари ва иштирокчилари асосий эътиборни маҳсулот ва хизматлар экспортида тадбиркор аёллар фаоллигини ошириш, уларнинг экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан манфаатдор бўлишлари йўлларини излаш, аёллар тадбиркорлиги экспорт салоҳиятини оширишда Ассоциациянинг ўрни ва аҳамияти масалаларига эътибор қаратдилар. Ушбу конференциянинг аҳамиятли жиҳати шундаки, илк бор бу йўналишдаги мавжуд муаммоларга ҳамжихатликда жавоб топишга ҳаракат қилинди.
Ўзбекистонда Халқаро аёллар тадбиркорлиги кунини ўтказиш жамиятнинг ушбу соҳага қизиқиши ва қўллаб қувватлаш истагидан келиб чиқмоқда. Ёшларни тадбиркорлик ҳаракатига кенг жалб этиш, ўз ишларини бошлаб олишларида тажрибали тадбиркорлардан ўгит олишлари куннинг муҳим вазифаларидан бўлиб, тадбир якунлари бўйича мамлакатда аёллар тадиркорлигини янада ривожлантириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар давлат органларига тақдим этилади.






