Ҳар бир аёл қомати худди Анжелина Жоли, Виктория Бекхем ёки Прианка Чопраники сингари расо бўлишини истаса керак. Бироқ кундалик ташвишлардан ортиб машғулотларга қатнашнинг имкони доим ҳам бўлавермайди. Кайфиятингизни туширманг, биз ортиқча сарф-харажатларсиз қорин мушакларини таранглаштиришнинг бир қанча усулларни биламиз! Ва сиз билан ўртоқлашишга тайёрмиз.
- Кулинг, ҳам умрингиз узаяди, ҳам қорнингиз кичраяди. Гап шундаки, чинакам соғлом кулгу қорин мушакларини ҳаракатга келтиради. Ҳазиллашмаяпмиз, чиндан ҳам шундай! Демак, кунига биттадан комедик фильм ёки қизиқчиларнинг концертини томоша қоламиз.
- Чамбарак айлантиринг. Авваллари қизалоқлар ким кўп айлантиришга мусобақалашишарди, ёдингиздами? Аслида чамбарак аёлларнинг қорин муаммосини ҳал этиш учун ўйлаб топилган, кейин қизалоқларни қизиқтириб қўйган. Машғулот чоғида нафақат қорин, балки бел ва умуртқа мушаклари ҳам чиниқади. Бироқ чамбаракнинг энг енгил турини танланг. Акс ҳолда ички органларингизга оғирлик тушиб, зиён етиши мумкин. Машқни кунига 15-20 дақиқа бажарсангиз кифоя. Соатлаб ўзингизни қийнаманг. Аста-секинлик билан машулот давомийлигини ошириб боринг.
- Ширинликларни 12:00 гача енг. Қоринни кичрайтириш учун бу энг мақбул ечим. Бутун дунёдаги диетологлар агар инсон ширинлик истеъмолини чегаралай олмаса, ҳеч бўлмаганда уларни кун ярмига қадар тановул қилиш лозим деган хулосага келишган. Чунки ширинликни кечқурунга қадар ҳазм қилиш ва ҳосил бўлган калорияни сарфлашга улгурасиз. Энг асосийси, кунингиз хуш кайфият билан бошланади.
- Стулингизни фитболга алмаштиринг. Кўзингиз тушган бўлса керак, дўконларда каттакон коптоклар сотилади. Нархи ҳам у қадар қиммат эмас. Ўшалардан бирини харид қилинг-да ҳар куни телевизор қаршисида сериал томоша қилиб ўтказадиган вақтингиздан икки карра самаралироқ фойдаланинг. Бундай коптокканинг устида ўтирганингизда танангиз мувозанатни сақлаш учун қорин мушакларини ҳаракатга келтиради. Яъни ўзингиз сезмаган ҳолда жисмоний фаолият билан банд бўласиз.
- Оч қолманг. Нонушта, тушлик ва кечки таом орасидаги муддат ҳаддан ташқари чўзилиб кетганида ортиқча егулик истеъмол қилиш эҳтимоли ортади. Шунинг учун енгилгина очлик ҳиссини туйганингиз заҳоти бир пиёла қатиқ ёки мева-чевалар билан қорнингизни алдаб туринг.
- Қорин билан нафас олинг. Аслида қоринни кичрайтиришда тўғри нафас олиш спорт машқларидан кам аҳамиятга эга эмас. Кўпчилигимиз юзаки, яъни кўкрак қафаси билан нафас оламиз. Қориндан анфас олганда эса пресс мушаклари ҳаракатга келади. Натижада, биринчидан, мушаклар мустаҳкамланади, иккинчидан, ички органлар атрофида тўпланган ёғлар эрий бошлайди.
- Асабийлашманг. Қаттиқ ҳаяжонланганда, асабийлашиш ёки стресс пайтида инсон организмида кортизол гормони жадал ишлаб чиқарила бошлайди. Бу эса қон таркибидаги углеводни ёғга айлантириб, айнан бел ва қорин атрофига тўпловчи гормон ҳисобланади. Шунинг учун вақти-вақти билан вазиятни назорат қилиш одатингизни бир муддатга «ўчириб», ҳаммасини ўз ҳолича қабул қилишни ўрганинг.
МАФТУНА тайёрлади.
Манба:
«Sug'diyona» газетаси