«ТОШКЕНТ» РФБ САВДО АЙЛАНМАСИ 2,6 МАРОТАБАГА ОШДИ

ИҚТИСОДИЁТ 21.11.2017, 16:01
«ТОШКЕНТ» РФБ САВДО АЙЛАНМАСИ 2,6 МАРОТАБАГА ОШДИ

«Тошкент» Республика фонд биржаси савдоларида 19 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 56 та битим қайд қилиниб, 35,0 млн. дона акция 2,6 млрд. сўмга сотилди. Ушбу кўрсаткич ўтган ҳафта савдо якунларига нисбатан 2,6 маротабага кўпдир. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар бермоқда.

Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 94,5 фоизи тижорат банклари ва 5,1 фоизи агросаноат тармоғидаги акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди. Энг йирик битим 15 ноябрь санасида «Савдогарбанк» АТБнинг 25,0 млн. дона акцияси билан 2,5 млрд. сўм миқдорида тузилди.

Шунингдек, тузилган битимлар сони бўйича етакчиликни «Қўқонспирт» АЖ эгаллаган ҳолда, ҳафта давомида ушбу жамиятнинг 9,9 млн. дона акциялари билан 10,1 млн. сўмлик 22 та битим амалга оширилди.

Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Савдогарбанк» АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг–94,1 фоизи) ва «Гулистон экстракт-ёғ» АЖ (4,7 фоизи) ташкил этди. Бу ҳафталик савдо айланмасининг 98,8 фоизини ташкил этади.

Ўтган ҳафта фонд биржасида республикамизнинг 6 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (94,4 фоиз) ва Сирдарё (4,7 фоиз) вилоятидаги акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.

Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ қуйидаги акциядорлик жамиятларининг акциялари билан тузилган савдо битимларида кузатилди:

1. «Гулистон экстракт-ёғ» АЖ. Нисбат–14,35:1. Ушбу акциядорлик жамияти бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 28700 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг номинал қиймати эса 1999 сўмни ташкил қилади.

2. «Олмалиқ КМК» АЖ. Нисбат–1,23:1. Ушбу эмитент бир дона акциясининг савдо кунидаги биржа нархи 4380 сўмдан иборат бўлди. Акциянинг номинал қиймати 3914 сўмни ташкил қилади.

Шунингдек, ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида жисмоний шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг–99,9 фоизи, битимлар сонининг эса–91,0 фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келди. Таҳлилларга кўра инвестор сифатида жисмоний шахслар энг кўп тижорат банкларининг (94,5 фоиз) акцияларига юқори қизиқиш билдиришган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1