Аслида соябонлар қор-ёмғирга чидамли хом-ашёдан тайёрланади. Шундай бўлса-да, фойдаланилганидан сўнг устки қисми кирланиб, чанг ўрнида чизиқ ёҳуд доғ пайдо бўлиши мумкин. Бундай вазиятларда:
- Соябонни ярим очиқ ҳолатда совунли сувга ботиринг. Сўнгра тиш чўткаси ёрдамида юзасини енгил ишқаланг. Чайишдан аввал тоза сув солинган тоғарага солиб, айлантиринг. Шундан кейин яна бир марта чайинг-да, қуриши учун очиқ кўринишда қолдиринг.
- Агар соябон юзасида каттароқ доғ бўлса, уни спирт эритмасида тозалаб олиш мумкин. Озроқ пахтани спиртга ботириб, доғ устига қўясиз. Сўнг енгил ишқалайсиз.
- Соябондаги майда доғларни навшатир спирти эритмаси аралашмасида кетказиш мумкин. Бунинг учун 1 ош қошиқ навшатир эритмасини шунча миқдорда сув билан аралаштиринг. Сўнг дока матосини аралашмада намлаб, доғ устидан юргазинг.
- Соябонни сирка ва қайнатилган сувнинг тенг миқдордаги аралашмасида ҳам тозалаш мумкин. Бу усул соябоннинг йиғма қисмлари орасида юзага келган қорамтир чизиқларни кетказишда қўлланилади.
- 1 стакан қайнатиб илитилган сувга 1 ош қошиқ ош тузини аралаштириб, 5 дақиқа тиндиринг. Сўнг мана шу аралашмага соябонингизни солиб, 15-20 дақиқага қолдиринг. Бу усул ранги хиралашиб қолган соябонларни «янгилаш»да ишлатилади.
- Соябонни ҳар доим очиқ ҳолатда қуритинг. Агар хўллигича жойлаб қўйсангиз, матоси тез кирланиб, таранглигини йўқотади.
- Тозалаш вақти ацетон, бензин ёки бошқа шу каби кимёвий эритмалардан фойдаланманг.






