Тошкент шаҳридаги Инҳа университети профессори, Фанлар Академияси Физика-техника институти ходими, физика-математика фанлари номзоди Хусниддин Олимов физика-техника соҳасидаги халқаро “Science Leader” мукофотини қўлга киритди. Бу ҳақда олий таълим муассасасининг веб-сайтида маълум қилинган.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ҳамда АҚШнинг “Clarivate Analytics” компанияси томонидан Тошкент шаҳрида “Web of Science Awards 2017” халқаро академик мукофотини тантанали топшириш маросими ўтказилган.
“Web of Science Awards 2017” халқаро мукофоти лауреатлари “Clarivate Analytics” халқаро компанияси томонидан мамлакатимиздаги олий таълим ва илмий муассасаларда фаолият юритаётган олимлар орасидан танлаб олинди. Уларнинг илмий ишлари “Web of Science” халқаро илмий-таҳлилий электрон маълумотлар базасидаги илмий нашрларда сўнгги 10 йил ичида чоп этилган мақолаларнинг сони ва уларга келтирилган ҳаволалар асосида баҳоланди.
“Web of Science Awards 2017”нинг асосий халқаро мукофоти турли фан соҳаларида фаолият юритаётган олти нафар ўзбекистонлик етакчи олимларга берилди.
“Science Leader” мукофотини қўлга киритган олимлар ичида Инҳа профессори Хусниддин Олимов ҳам бор.
У “Web of Science” халқаро илмий-таҳлилий электрон маълумотлар базасидаги илмий нашрларда 41 та илмий мақола чоп этган. Мақолаларга 200 дан ортиқ ҳаволалар бўлган.
Ғолиблар Фан ва технологиялар агентлиги ҳамда АҚШнинг “Clarivate Analytics” компаниясининг дипломи, сертификати, қимматбаҳо совғаси, Вазирлар Маҳкамасининг фахрий ёрлиғи, пул мукофоти билан тақдирланган.
Шунингдек, “Энг яхши аёл тадқиқотчи”, “Энг яхши ёш олим”, “Энг яхши илмий журнал”, “Энг яхши олий таълим муассасаси”, “Энг яхши илмий-тадқиқот муассасаси” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.






