АсосийSUG'DIYONA

“CЕВГАНИМНИНГ ШИРИНГИНА ЎҒЛИ БОР…”

'“CЕВГАНИМНИНГ ШИРИНГИНА ЎҒЛИ БОР…”'ning rasmi

Шоҳсанам, 22 ёш, Андижон вилояти:

— Туманимизнинг марказида жойлашган тикув цехида ишлардим. Цехдаги ускуналарни тузатиб юрувчи механик йигит мени ёқтириб қолганини айтишганидан кейингина унга мен ҳам эътибор бера бошладим. Анвар ака жуда меҳрибон, ғамхўрлиги билан ўзига ром этди. Кундан кунга унга ипсиз боғланиб бораётганимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Шу тахлид орадан бир йил ўтди. Энди биз бир-биримизни бир кун кўрмасак туролмайдиган даражага етгандик. Анвар ака менга совчи жўнатишга ваъда берганди. Афсуски, у ваъдасининг устидан чиқолмади. Отаси мажбурлаб яқин дўстининг қизига ўйлантирди. Анвар ака менга “отамнинг раъйига қарши чиқолмайман, икки-уч ой бирга яшай, кейин у қизни қўйиб юбораман, сабр қил, кут” деб ялиниб-ёлворди. Бу гапларига ҳам ишондим. Икки ойдан кейин «Энди нима қиласиз?» десам, хотиним ҳомиладор бўлиб қолди, бу аҳволида ҳозир ташлаб кетолмайман, деди. Шу гапидан сўнг жаҳл билан Тошкентга кетишга қарор қилдим. Ўшанда ёз фасли эди, ўқишни истайман деб ота-онамни амаллаб кўндирдим. Не бахтки, ўша йили талаба бўлдим. Ҳаётимни янгидан бошлашга аҳд қилдим. Лекин бу қўлимдан келмади. Анвар ака Тошкентга мени излаб келиб, кечирим сўраганида кўнглим бўшаб кетди. Бир йилдан бери телефон орқали гаплашиб юрибмиз. Унинг ширингина ўғли бор, оиласидан ажрашишни истамаяпти, менга иккинчи хотин бўлиб турмушга чиқ, деяпти. Бу ҳақда ота-онамга айтишга қўрқяпман. Нима қилишга ҳайронман...

Маслаҳат:

— Сизни севаман деб, бонг уриб юрган йигит орсиз, ғурурсиз, ваъдасининг устидан чиқмайдиган инсон экан. Ҳаётни ўйинчоқ деб биладиган масъулиятсиз эркак у! Оилани муқаддас деб билмаган, фарзандининг келажагини ўйламаган бу инсон эртага сизга ёки сизнинг ҳам фарзандларингизга шундай муносабатда бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат бермайди. Сизни бир марта эмас, уч марта алдаган бу йигитга ҳали ҳам ишонишингиз мени лол қолдирди. Қизим, сизга маслаҳатим, бундай севгидан воз кечинг. Бошқалар бахтининг заволи эвазига бахт топиб бўлмайди. Шуни доим ёдингизда сақланг. Ҳаётимни ўзгартираман деб аҳд қилдингизми, шу йўлингиздан қайтманг. Талаба бўлганингиз сизнинг катта ютуғингиз, билим олиб келажакда жамиятга керакли инсон бўлишнинг ўзи шараф. Сиз ҳали энг бахтли қизлардан бўласиз.

Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси.

Бошқа янгиликлар