АсосийSUG'DIYONA

ЭР ХОТИНИНИ КАЛТАКЛАСА...

'ЭР ХОТИНИНИ КАЛТАКЛАСА...'ning rasmi

Биз бу мавзуни кўп бора саҳифаларимизда ёритганмиз. Ахир, нашримиз аёллар учун мўлжалланган. Золим эркакларнинг калтаги остида кун кечираётган мазлумаларни ҳимоя қилиш, уларга йўл кўрсатиш бурчимиз. Келинг, бу гал мавзуга психологик нуқтаи назар билан ёндашамиз. Руҳшунос Наргиз САТТАРОВА билан биргаликда муаммони таҳлил қиламиз.

Ҳамма эркаклар уради?!

Келинчак бир ёстиққа яхши ниятла бош қўйганидан калтак еса, уни «Эри урмаган хотин йўқ ер юзида», дея юпатадиганлар ёки тўрт аёлнинг боши бир бўлган жойда «Ҳамма эркак шу, жаҳлини чиқарсангиз, уради-да», дея гапирадиганлар ҳам топилади. Нега? Нима учун кучли жинс вакилининг ожизага қўл кўтаришини оддий, табиий ва меъёрий ҳолдек қабул қиламиз. Тағин бу хулосамизга бошқаларни ҳам ишонтиришга ҳаракат қиламиз. Мақсад нима бундан? Бу сингитма орқали қизларимизни, келинларимизни нимага ундаяпмиз?

Психологияда шундай тушунча бор. Инсонлар фактни кўради ёки эшитади ва ўзича талқин этишади. Кейин хулоса қилади. Хулоса хато бўлиши мумкин, аммо у киши ҳаётида ҳақиқатдек ишлай бошлайди. Дейлик, қиз бола отаси онасига қўл кўтарганига ёки қўшни эркакнинг аёлини ўласа қилиб дўппослаганига гувоҳ бўлди. У ўзича бу фактни талқин қилади: «Эркаклар аёлларга азоб бераркан. Аёллар ўзини ҳимоя қилолмас экан». Бошқача хулоса ясашга унда ахборот етарли бўлмаслиги, ёшлиги, онгсизлиги, билимсизлиги бу вазиятга олиб келган сабабларни ўрганишга етмаслиги мумкин. Бунинг устига, у атрофдагилардан ҳам шундай хулосаларни эшита бошлайди: «Ҳамма эркаклар хотинин уради». Табиийки, унда қўрқув пайдо бўлади. Ичидаги ваҳима сабаб оила қуришдан чўчийди, турмушга чиқса ҳам, қўрқуви қўрққанини чақириб олиши ҳеч гапмас. Чунки миясидаги гумони ўз исботини топмагунча қўймайди.

1-чора: Агар сизда «Эрдан калтак емаган хотин йўқ!» деган хулоса бўлса, мана шу хулосангизни ўзгартиринг. Бунинг учун ўз устингизда ишлашингиз, ичингиздаги муаммони ҳал қилиб олишингиз керак. Ҳеч қачон кимгадир қараб тўн бичманг ва ўзингиз тўғри деб билган ҳақиқатингизга бошқаларни ишонтиришга уринманг. Ахир сиз дунёдаги жамийки эркакларни ўрганиб чиқмагансиз-ку! Демак, уларнинг ҳаммасини золим санашга ҳақсизсиз!

Қўл кўтаришига ким айбдор?

Ҳар бир инсон ўзи яратган воқелигида умр кечиради. Ва дунёқарашига мос ҳолатлар, вазиятлар, инсонлар билан тўқнашади. Олимларнинг фикрича, киши 4 ҳаётий позициядан бирини танлаб, унга риоя қилиб яшайди. Психолог олим Юнг эса бу позициялар бола ҳаётидаги «силаш» ва «тепки»ларнинг миқдорига боғлиқлигини таъкидлайди. Яъни бола ижобий ҳисларни туйганда, унинг ҳаёт харитасига битта силаш ёзилади, салбий ҳол юз берганда эса тепки.

  • «Мен яхши — ҳамма яхши!»
  • «Мен яхши — ҳамма ёмон!»
  • «Мен ёмон — ҳамма яхши!»
  • «Мен ёмон — ҳамма ёмон»
  • «Мен ёмон — ҳамма ёмон». Ташландиқ, меҳрдан мосуво ўсган, хўрланган болалар улғайгач ҳам, меҳр-шафқат нималигини билишмайди. Ачинарлиси, ароқхўр, гиёҳванд, жиноятчи, қаҳриқаттиқ одам бўлиб етишишлари хавфи юқори. Бундай фикрловчи эркаклар «Хотинни уриш керак» деган тушунча билан уйланишади, аёлини то шифохонага тушиб қолгунча калтаклашдан тоймайди, хотинига қўшиб болаларини ҳам аямай дўппослайди. Аёллар эса калтак остида кечаётган кунларини пешана деб қабул қилади.
  • Чора: агар чекингизга аёлни уриш — жиноят эмас, имконият, дея санайдиган эркак тушган бўлса, яхшилаб ўйлаб кўринг. Уларни ўзгартириш қийин масала. Ўзгаришига кўзингиз етмаяптими, муносабатларни тугатишга кучингиз етар балким? Ота-она, болалар, одамларнинг гап-сўзини ўйлаяпсизми? Айнан болаларни асраш, уларнинг келажаги учун ғурбатхонангизни тарк этарсиз? Муштумзўрнинг дастидан ногирон бўлиб қолсангиз, барибир, фарзандларингиз соғлом муҳитда ўсишмайди-ку! Энг ёмони, бир авлодда ҳал қилинмаган муаммолар кейинги авлодга кўчади. Отасининг тинимсиз онасини калтаклашини кўриб ўсган бола қалбида падарига нисбатан нафрат пайдо бўлади. «Онам ожиз бўлмаганида, кучли аёл бўлганида, отамдан калтак емасди», деб ўйлайди. Аламнинг зўридан бир куни туққан онасига қўрс муомала қилиши ҳам мумкин.

Энди урадиган эрлар мавзусини мана шу тўрт ҳаётий позиция асосида кўриб чиқамиз.

  • «Мен яхши — ҳамма яхши!» Бундай фикрлайдиган кишилар ҳаётда муаммоларга деярли дуч келишмайди. Улар чақалоқлигидан меҳр-муҳаббатга қониб, етарлича эътиборда ўсишган. Кимнингдир фойдасига уларни солиштиришмаган. Муаммоли вазиятлар тушунтирилган, муҳокама қилинган. Кимнидир жазолаш, айблаш ҳам бу гуруҳ вакилларига ёт. Шу сабаб ҳам омадли, бахтли, муваффақиятли бўлишади.
  • «Мен яхши — ҳамма ёмон». Ўзини осмон қўлида санайдиганларни болалигидан эркалатиб, талтайтириб ўстиришган. Улар фақат «силаш» сигналларини олган, «тепки»лар жабрини атрофдагилар тортган: «Шу бола ўзи тарбиясиз, сен яхшисан, ўғлим!», «Амманг ўзи ёмон, йиғлама, қизим». Тарбиянинг бу шакли оқибатида бола худбин, фақат ўз манфаатларини ўйлайдиган, мақсадига эришиш йўлида бемалол бошқаларнинг истакларини оёқости қиладиган, ҳеч қачон хатосини тан олмайдиган, доим атрофдагиларни жазолайдиган бўлиб ўсади. Меҳр, дўстликни ҳис қилишмайди. Сабаби ота-онаси «У бола билан ўйнама, тенгимизмас», «Бу қизни яхши кўрма, ота-онаси яхши одамлармас» каби чегаралар билан атрофдагилар билан муносабатини чеклашган. Қарабсизки, хотинига тарсаки солган эркак ўзини оқлайди: «Ўзининг тили ёмон, бефаросат, гапга кирмайди, шунинг учун урдим». Ёки эридан жабр кўрган аёл бир гапда туриб олади: «Эрим золим! Мен ёмон иш қилмадим!»
  • Чора: турмуш ўртоғингиз сизга қўл кўтардими, мулоҳаза қилинг. Сиз ҳам бунга сабабчисиз, айбдор эмас, айнан сабабчи, деяпмиз. 50 фоиз бу жанжалда ҳиссангиз бор. Токи шуни тан олиб, ўзингизни ўзгартирмас экансиз, муаммонгиз ижобий томонга ҳал бўлмайди. Ўрни келганда ёнбосишни, нима учун қўл кўтарганининг сабабини топиб, бартараф қилишни билинг.
  • «Мен ёмон — ҳамма яхши» позицияни танлаганлар «силаш»лардан кўра «тепки»лар остида катта бўлишган. Уларни доим бошқалар фойдасига солиштиришган, нотўғри иши учун жазолашган, айблашган ва ёмон болалигини қулоқларига тинимсиз қуйишган: «Барча тенгдошларинг аълочи, сен иккичисан!» «Опангнинг қўлида ҳамма иш келади, сен нўноқсан!» Бола ўзини доим ёмон санайди, ҳамма нарса учун айблайди, бошқаларнинг хатоси учун ҳам жавобгар ҳисоблайди. Эркаклар ота-онаси, айниқса, онасининг болалигида уришганлари, калтаклари аламини хотинидан олади, ўзига боғланган инсонни синдиришга уринади: «Мен ёмонман-ку!» Аёллар эса айбдорлик тушунчаси билан урмайдиган эрни ҳам қўл кўтаришга мажбур қилишади: «Ўзим хато қилдим-да, сал мулойимроқ гапирганимда, кўзим кўкармасди
  • Чора: аввало, айбдорлик ҳиссидан халос бўлинг. Хатонгизни тушундингизми, ўзингизни азоблайверманг-да, уни тўғирланг. Нима бўлган тақдирда ҳам жисмоний хўрланишга ўзингизни лойиқ санаманг. Эркаклар ўзини ҳурмат қилган, қадрлаган аёлларни севишади, унутманг.

Тан олиш масъулияти

Эри урадиган аёлнинг олдида уч йўл туради. Бу йўлларга қадам қўйишдан олдин турмуш ўртоғининг унга қўл кўтаришини тан ола билиши керак.

1-йўл: Чидаб, кўниб яшаш. «Отам ҳам онамни урган, қирқдан кейин қуйилар», «Фақат ичган пайти уради», «Болаларимнинг отаси, ажрашсам, қаерга бораман!» каби баҳоналар туфайли тақдирга тан бериш — масъулиятдан қочиш ва эски ҳаммом — эски тос дегани.

2-йўл: ажрашиш. Масъулиятни икки карра ҳис қилинг. Эртага фарзандларингизга оилангизни нега асрамаганингизни тушунтириб беришингиз, кези келганда ота бўлиб туриб беришингиз керак.

3-йўл: ўзгариш. Муаммода ўз ҳиссаси борлигини тан олиб, аёл ўзини ўзгартириши лозим.

Чора: муаммони синов дея қабул қилинг. Эрингизнинг қўллари билан ҳаёт сизни ўзгартирмоқчидир балким? Лапшайган аёл бўлсангиз, дадиллашингиз, бир гапга ўнта қилиб жавоб қайтарадиган бўлсангиз, тилингизни тийишингиз билан муаммонгиз ечим топиши ҳам мумкин.

Қайнонанинг «ўйини»

Айрим келинлар «Эрим билан муносабатимиз яхши, қайнонам урдиртиради-да», дея нолишади. Хўп, қайнонангиз золим экан, сизни хушламаскан, ўғлини қизғанаркан, сабабини биларкансиз, у билан муносабатларни яхшиланг.

Чора: қайнонангизни ёмон кўриб, аламзада бўлиб юрганингиз билан онасининг кўнгли учун сизни жисмонан ва руҳан азоблаётган эркакка инсоф битиб қолмайди. Турмуш ўртоғингизга қайнона-келин муаммоларини унинг аралашувисиз ҳам ҳал қила олишингизни чиройли қилиб тушунтириб ва исботлаб беринг.

Биринчи марта қўл кўтарганда...

Жуфтликлар турмушининг илк йилларида бир-бирини ўрганишади, ўзаро қадриятларни шакллантиришади. Эр киши аввало хотинига юқорироқдан келиб муомала қилиб кўради. Масалан, ўз-ўзидан қочишини чимириб, «Тур!» дея тўнғиллайди. Хотини кўрқибгина «Хўп», дея югуриб кетишидан завқланади. Кейин сўкиб кўради. Қараса, аразлаяпти-ю, индамаяпти. Онасини тилига олиб ҳақорат ҳам қилади. Аёл икки-уч кун араз-гина қилиб юради-ю, яна «жанжал чиқмасин» дея дардини ичига ютади. Охири бир кун қўл ҳам кўтаради.

Чора: турмуш ўртоғингиз маҳрамингиз, энг яқинингиз. У билан гаплашишни билинг. Қўполлик қилаяптими, қовоқ-тумшуқ қилиб юрмасдан ёки йиғлаб сиқтамасдан, бундай муомала сизга ёқмаслигини тушунтиринг. Асло «Отам менга қаттиқ гапирмаган, отамки мени чертмаган!» дея қайнота-куёвни солиштирманг. Бу эрингизни баттар авжлантиради. У хотинига отасимас, эри эканлигини исботлаш учун ҳам қўл кўтариши мумкин. Эркаклар ҳам аёлини озорлагач, афсусланади, аммо тилига кўчира олмайди. Сабаби эр-хотинларнинг кўпчилиги ўзаро гаплашишни билишмайди. Умр йўлдошингизга «Мен уришга лойиқ аёлмасман! Шу гапни тўғри тушунтирсангиз ҳам тушунаман! Биз меҳр-муҳаббатда яшашимиз керак! Болаларимиз келажаги учун ҳам бу муҳим!» дея хотиржам гапиринг. Шундагина бу ҳол иккинчи марта такрорланишининг олдини оласиз.

МУХЛИСА.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Бошқа янгиликлар