1

БОЛАЛАР ХАРХАШАСИ ЭРКАЛИКМИ ЁКИ КАСАЛЛИК?

СУҒДИЁНА 09.12.2017, 13:21
Теглар: Психология
БОЛАЛАР ХАРХАШАСИ ЭРКАЛИКМИ ЁКИ КАСАЛЛИК?

Тасаввур қилинг, жамоат транспортида кетаяпсиз. Бир бола тинмай йиғлаяпти, онасидан музқаймоқ олиб беришини талаб қилаяпти. Онанинг «Уйда ейсан, бу ерда қошиқча йўқ, қўлинг ҳам тоза эмас» деган гаплари қулоғига кирмайди. Бутун транспорт болакайни овутишга тушиб кетади, кимдир «вой, ана самолёт» деб чалғитмоқчи, яна биров қанд-қурс тутқазган. Кимдир автобусдан тушиб болани овутишни тавсия қилади. Лекин болакай хархашанинг авжини олаяпти, охири додлаб ерга ётиб олишгача борди. Она нима қилишни билмайди. Таниш манзарами?

Хархаша қилмайдиган эркатой борми?

Йўқ. Кичкинтойлар ичларида кечаётган туйғуларни тўлиқ англаб, ўзлаштира олмайдилар, шу сабабли салбий ҳислар уларда тўпланиб бориб, охири йиғи, хархаша тарзида чиқиб кетади. Бу табиатан болаларга берилган имкониятдир. Аммо хархашанинг ҳам турлари кўп. Кимдир ҳафтада, ойда бир, яна биров эса кунда бир неча марта жазавага тушиб йиғлайди. Педагог ва неврологлар болалар жазаваларининг тарбияга ва асаб тизимига боғлиқ икки турини фарқлайдилар. Биринчиси, педагогиканинг объекти, яъни тарбия воситасида бартараф этиладиган ҳодиса бўлса, иккинчиси асаб касаллиги бўлиб, уни шифокор билан бамаслаҳат даволаш керак.

Нима қилиш керак?

Агар бола учун бирон нарсага ҳозир, шу жойда эришиш ҳамма нарсадан муҳим бўлса, у ҳеч қандай тушунтиришлару изоҳларни қабул қилмайди. Истагини талаб қилиб йиғлаши, жазавага тушиши мумкин. Унга айтганини олиб берсангиз, дарров овунади. Бу бола тарбиясидаги қусур натижасидир. Кичкинтой рад жавоби нималигини билмай ўсаяпти, бир марта жазавага тушиб ниятига етгани учун буни энди қурол қилиб олган. Шундай пайтлари ота-она қатъиятини намоён этиб, дилбандини рад жавобларни қабул қилишга ўргатиши керак. Шунчаки «йўқ, бўлмайди» дейиш ёки ниманидир ақл билан тушунтиришга уриниш бефойда. У ҳозир буни қабул қилмайди. Яхшиси, чалғитувчи усуллардан фойдаланиш керак. Масалан, унинг елкасидан ушлаб, қучоқлаб, ширин сўзлар айтиш, яхши нарсаларни ваъда қилиш ёки истаётган нарсаси ўрнига бошқа нарса бериш. Агар айтганини қилаверсангиз, жазава унинг учун одатга айланиб қолади. Бу, демак, ақл билан қилинаётган хархаша ва унинг давоси тарбиядир.

«Нега йиғлайверасан???»

Яна шундай хархаша борки, бола уни кунда бир неча бор қилади, нимага йиғлаётганини тушунмайсиз ё тушунсангиз-да, бу сабаб ўзини ерга уриб йиғлашга арзимаслигидан ҳайрон қоласиз. Ҳеч қандай овутиш, ҳатто истаганини муҳайё қилиш ҳам иш бермайди. Бола бундай жазавадан кейин тезда чарчаб қолади. Бу кичкинтойнинг асаб тизимидаги бузилишлардан далолатдир.

Ҳозир кўпчилик чақалоқлар асаб тизимида муаммолар билан туғилмоқда. Тиббиётнинг ривожланганлиги, эрта ташхислаш ва замонавий даво чоралари туфайли касалликларнинг аксари болаликдаёқ даволанаяпти. Фақат ота-она сезгир бўлиши ва вақтида шифокорга мурожаат этиши керак. Борди-ю, бундай қилинмаса, келажакда кичкинтойнинг асаб тизимидаги функционал бузилишлар (эмоционал беқарорлик, серхавотирлик, бошқалар билан мулоқотда муаммолар)ни юзага келтириши мумкин. Катта бўлгани сайин руҳий ривожланишда орқада қолиш, тил кеч чиқиши, нутқ равон бўлмаслиги, дудуқланиш кузатилади. Одатда, бола 1.9 ёшга етганда тўлиқ жумлалар билан гапиришни бошлаши керак, аммо ҳозирги болалар орасида 3 ёшгача ҳам гапирмаётганлари кўп учрамоқда.

Кичкинтойдаги хархажа ва жазавалар, ортиқча жиззакилик асаб тизимига боғлиқ ё боғлиқ эмаслигини аниқлаш учун шифокор-невропатолог қатор текширувларни белгилайди. У қон, сийдик таҳлили, бош мия МРТси, бош мия томирлар доплерографияси ва бошқа махсус тестларни ўтказади ҳамда ташхис қўяди. Агар асаб тизимидаги бузилишлар гумони тасдиқланса, дориларсиз даволаб бўлмайди. Кўпчилик ота-оналар бола деган йиғлаб-йиғлаб катта бўлади, деб ўйлайдилар-да. Аммо ҳозир гиёҳлардан тайёрланган ажойиб дори воситалари борки, улар кучли препаратлар билан баробар натижани кўрсатади.

Бир ҳақиқатни унутманг: ёш бола учун энг яхши шифокор — ота-онадир.

Кичкинтойга ёрдам бериш учун

  • Уни кўпроқ қучоқланг, қўлларидан ушланг — бола сизнинг ёнида турганингизни, доим бирга эканингизни ҳис этсин.
  • Болани чиниқтиринг. Чиниқтириш ва сув муолажалари асабий тарангликни йўқотади.
  • Кичкинтой уйқуга тўйиши керак, уйқу асаб тизимининг тикланишига ёрдам беради.
  • Фарзандингиз билан кўпроқ ўйнанг.
  • Жисмоний машқлар (велосипед, теннис, рақс, сузиш) боланинг стресс ҳолатларга чидамлилигини оширади.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА .

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

БОЛАНИ ОЗОДАЛИККА ЎРГАТАМИЗ

21.12.2017, 18:34

Қани энди болангиз сизни ҳеч жавратмай ўзи юз-қўлини, тишларини ювса, ётган ўрнини йиғиштирса... Бу аксар ота-оналар учун бир орзудек. Аслида, болани озодаликка ўргатиш қийин иш...
АРАЗЧИ БОЛАНИ ҚАНДАЙ ТАРБИЯЛАШ КЕРАК?

21.12.2017, 18:21

— 10 ёшли қизим жуда аразчи. Сал гапга йиғлайди, хафа бўлади, овқат емай қўяди. Уни кўп эркалатишга ҳам қўрқаман. Қандай муносабатда бўлишга ҳайронман… Саида, Зангиота...
БОЛАГА НИМА СОВҒА ҚИЛИШ МУМКИН?

21.12.2017, 18:16

Жиянлар, дугоналарнинг, қўшнилар ва танишларнинг фарзандларига совға танлаётиб, чалкашиб кетмаслик учун болаларнинг ёшини инобатга олинг. Масалан: 1-2 ёшли болакайлар қўғирчоқлар, юмшоқ ўйинчоқлар, кубиклар, суратли китоблар,...
ЯНГИ ЙИЛНИ НИШОНЛАШ СЦЕНАРИЙСИ

21.12.2017, 18:16

Янги йил — нафақат болалар, ҳатто катталар ҳам ниятлари ижобат бўлишига ишонадиган эртакмонанд байрам. Лекин у айниқса болажонларга катта қувонч улашади. Ахир бу кунда улар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1