1

«КЎЗИМНИ ОПЕРАЦИЯ ҚИЛДИРМОҚЧИМАН...»

САЛОМАТЛИК 09.12.2017, 13:24
«КЎЗИМНИ ОПЕРАЦИЯ ҚИЛДИРМОҚЧИМАН...»

Илгари кўриш қобилиятининг заифлашувини кўзойнаклару оз миқдордаги муолажалар билан даволаш мумкин бўлган, холос. Бугунга келиб эса кўз билан боғлиқ ҳар қандай муаммо илғор технологиялар ёрдамида ҳал этилмоқда. Кўз операциялар бошқа жарроҳлик амалиётларидан тубдан фарқ қилса-да, кўпчилик юзага келиши мумкин бўлган асоратлардан ҳавотирга тушади. Бу турдаги даво усуллари қай ҳолларда мумкин-у, қай вазиятларда қўлланилмаслиги ҳам қизиқ, аслида. Таҳририятга бўлаётган кўп сонли мурожаатларни инобатга олган ҳолда бугун пойтахт клиникаларида бажарилаётган кўз жарроҳлик амалиётлари билан таништиришни мақсад қилдик.

Мутахассис – «Шифо-Нур» кўз лазер микрохирургия маркази шифокори, офтальмолог Ҳикматулла СОДИҚОВ.

Амалиётдан аввал

Кўз жарроҳлик амалиётлари ҳақида гап бошлашдан аввал бу турдаги муолажа қай ҳолларда ўтказилишини аниқлаштириб олсак. Кўриш қобилияти пасайганлар, астигматизм, миопия, гиперметрия, қандли диабет асоратида келиб чиққан ретинопатия, глаукома, катаракта кабиларда кўз микрохирургиясини ўтказишга кўрсатма берилади.

Жарроҳлик амалиёти ҳар бир беморга индивидуал тарзда танланиб, 18 ёшдан сўнг, касаллик даражаси ва ҳолатига кўра ўтказилади. Кўз шоҳ пардасининг қалинлиги ҳам амалиёт учун муҳим саналади. Операциядан олдин беморнинг кўзойнак ва линза ёрдамидаги кўриш қобилияти неча фоизни ташкил этган бўлса, муолажадан сўнг ана шу натижа сақланиб қолинади.

Пешоб ва қоннинг умумий таҳлили, қоннинг биокимёвий ҳолати, кўз туби ва ички босимининг кўрсаткичи, зарур ҳолларда кардиограмма ва тор доирадаги мутассисларнинг тиббий хулосаси талаб этилиши мумкин. Агар бемор қандли диабет билан оғриган бўлса, эндокринолог хулосаси сўралади.

Жараённинг кечиши

Амалиёт бошланишидан 4 соат аввал таомланиш, юз-кўзларни косметика воситаларидан тозалаш айни муддао. Жарроҳлик бошланган пайтда беморнинг ҳотиржамлиги, асабийлашмаслиги ҳам муҳим саналади. Операциядан олдин дастлаб кўзга бир неча хил томчилар томизилади. Булар:

  • музлатувчи (анастетик);
  • инфекцияга қарши (антибиотик);
  • яллиғланишга қарши препаратлар.

Қовоқларни кенгайтирувчи ускуна кўз юмилиб-очилишининг олдини олиш учун қўлланилади. Фиксацион чироққа қараш пайтида шифокор кўзни микроскоп орқали назорат қилиб туради. Амалиёт жараёнида бемор тетик, ҳушёр бўлиши шарт. Чунки унинг барқарор ҳолати амалиёт муваффақиятли ўтишини таъминлайди.

Лазер ёрдамидаги муолажа

Ҳозирда замонавий лазер ускунларининг «LASIK», «FRK», «SUPER LASIK», «FEMO LASIK» каби турлари кенг қўлланилмоқда. Улар ёрдамида ўтказиладиган жарроҳлик амалиёти икки босчиқдан иборат:

Биринчи босқичда кўзга вакуумли ҳалқа қўйилади. Бунда озроқ босим сезилиб, беморнинг кўз олди қоронғилашади. Сўнг микрокератом ёрдамида юзаки клапан шакллантирилади, жарроҳ уни кўтариб, ён томонга суриб қўяди.

Иккинчи босқичда шоҳ пардага янги шакл бериш учун лазер қўлланади. Лазер шовқини бироз эшитилиб, нохуш ҳид пайдо бўлиши мумкин. Лазерни умумий ишлатиш вақти 10 сония. Шундан сўнг клапан жойига қўйилиб, тезда ёпилади. Жарроҳлик амалиётида ҳеч қандай чок тушмайди.

Кўз гавҳарини алмаштириш

Кўздаги манфий даража 18, 20, 25 ёки ундан ҳам зиёд бўлганда бемор кўзойнак ёхуд линза тақишни истамаса (ва бундай ҳолларда шоҳ парданинг манфий даражасига барҳам беришнинг имкони бўлмаса) кўз гавҳарини алмаштириш мумкин. Гавҳарни алмаштириш учун кўзнинг орқа тарафи қониқарли ҳолатда бўлиши керак. Бемор зарур тиббий текширувлардан ўтгач, сунъий гавҳар асли билан алмаштирилиб, кўздаги манфий даража олиб ташланади. Амалиётдан сўнг беморга оғир юк кўтариш, жароҳат олиш мутлақо мумкин эмас!

Ғилайликни ҳам даволаса бўлади!

Кўз гавҳарини алмаштириш, мунтазам кўзи ёшланадиганларнинг бурун орқали кўзёш каналини даволаш, қовоқларнинг осилиб қолиши, вертикал ғилайлик (кўзнинг ёнбош ва ичкарига қараб қолишидан ташқари тепа ва пастга қараб қолиши), турли сабабларга кўра, тан жароҳати олиш (тош, шиша кириши) оқибатида кўз олмасининг кичрайиб (шакли ўзгариб) қолиши каби ҳолатларда косметик ва эстетик пластик жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. Шунингдек, айрим сабабларга кўра, бир кўзи олиб ташланган беморларга иккинчи кўздан фарқ қилмайдиган протез аъзо қўйиш амалиётлари ҳам қўлланилаяпти.

Миопия коррекцияланадими?

Мазкур касалликка чалинган бемор 14-15 ёшгача ҳар олти ойда кўзнинг қувватини оширувчи даво муолажаларини олади. Баъзан муолажалар 25-30 ёшгача ҳам ўтказилиши мумкин. Кўзнинг тўр пардаси озиқланишини янада яхшилаш учун шифокор назорати остида витаминли муолажалар ҳам қилинади. Жарроҳлик аралашуви эса «FRK», «SUPER LASIК» усулларида лазер амалиёти тарзида ўтказилиши мумкин.

Жарроҳликдан сўнг...

Дастлабки 24 соатда, шунингдек 1 ой, 3 ой, 6 ой ва 1 йилда шифокор назоратидан ўтиш керак. Амалиётдан сўнг 1 ҳафта давомида кўзга инфекция тушмаслиги учун турли лосьон, крем ва пардоз воситаларини суртиш ман этилади. Кўзга сув тегмаслиги, бошни ювмаслик керак (яхшиси, жарроҳлик амалиётига киришдан аввал бошни ювиб олинг). Бир ой давомида сув ҳавзаларида сузиш, сауна, иссиқ ванна қабул қилиш мумкин эмас. Кейинги ойларда эса жисмоний куч талаб этадиган спорт турлари билан шуғулланиш ҳам нотўғри. Дарвоқе, жарроҳлик амалиётидан аввал шифокор кўригига келганда кўзойнак ёки линзадан фойдаланганлигингиз ҳақида рўйи-рост айтишингиз керак. Зеро, амалиёт олдидан бемор 1 ой (камида 2 ҳафта) мобайнида линзадан фойдаланмаган бўлиши лозим.

Глаукома тузаладими?

Тиббиётда кўзнинг ички қон босими ошиши глаукома номи билан юритилиб, у умумий қон босимига боғлиқ бўлмаган алоҳида касаллик ҳисобланади. Бунда кўрув нерви ва кўриш қобилиятида ўзгариш бўлиб, мазкур ҳолатлар қанча эрта аниқланса, муолажа шунча самарали бўлади. Глаукомани лазер амалиёти ёки жарроҳлик усулида даволаш мумкин. Касаллик туфайли кўриш қобилияти, айтайлик, 20 фоизга тушса, даволаш сабаб мана шу фоиз сақлаб қолинади.

Қай ҳолларда мумкин эмас?

  • Ҳомиладорлик даврида (зўриқиш келиб чиқиши хавфи мавжуд);
  • эмизикли аёлларда (эмизикли бола 6 ойдан ўтган бўлса бажариш мумкин);
  • беморда кўз ички босимининг ошиши кузатилаганида;
  • иридоциклит (кўзолди қон-томир қаватининг яллиғланиши);
  • авж олаётган миопия (узоқни хира кўришнинг юқори даражаси);
  • кўздаги яллиғланишлар;
  • ўткир турдаги хасталиклар ва эндокрин тизими касалликларида жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин эмас.

Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси


Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1