АсосийSUG'DIYONA

КАТТАЛАР, ЎТКАЗИБ ЮБОРМАНГ: БОҒЧАДА БАЙРАМ!

'КАТТАЛАР, ЎТКАЗИБ ЮБОРМАНГ: БОҒЧАДА БАЙРАМ!'ning rasmi

Агар фарзандингиз боғчага борса ёки бошланғич синфда ўқиса,сизни ҳойнаҳой янги йил байрамига таклиф қилишгандир. Маслаҳатимиз, унга, албатта, боринг! Ахир жондан азиз эркатойингизни ақлли, чиройли, иқтидорли ва зийрак эканлигига яна бир карра амин бўлиш имкониятини қўлдан чиқармайсиз-ку, тўғрими? Ҳа, айтганча байрамда жигарбандингиз билан бирдек қувонишингиз учун сиз ҳам ҳаракат қилишингиз кераклигини унутиб қўйманг!

ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИНГ!

Байрам куни ҳам тайин бўлгандир. Агар фарзандингиз тарбиячиси ёки муаллими байрам либосларига кўмаклашишни илтимос қилса, бош тортманг (агар бунинг учун катта маблағ сарфланмаса, албатта). Балки байрам кийимларини танишлар, қариндошлардан олиб турарсиз ёки ўзингиз тикишингиз ҳам мумкин. Кўп ҳолларда ота-оналар боғча ва мактабни хизмат кўрсатувчи ташкилот деб ҳисоблашади. Бу янглиш фикр.Боғча ва мактаб – фарзандингизга таълим-тарбия берувчи ёрдамчингиз. Бу жараёнда икки томон (мураббий ва ота-она) ҳам биргаликда ҳаракат қилиши лозим. Шундагина болада ўсиш кузатилади.

Байрамни чиройли ва дабдабали ўтказишни истаган айрим мураббийлар «йиғди-йиғди»лар уюштиришади. Сиздан сўралган пулниберишдан олдин «нега? нима учун? қай даражада зарур?» каби саволларга жавоб олишдан уялманг. Таъмагирлик юз беришига йўл қўйманг!

ТАНТАНАДА ИШТИРОК ЭТИНГ!

Биламиз, бандсиз! Уй ишлари, кенжатойингиз ёки ишингиздан ортиб, байрамга келишингиз амри маҳол. Лекин имкон қадар бунинг иложини топинг! Ахир фарзандингиз сиз учун ҳаракат қиляпти, унинг шеър ва қўшиғини айнан сиз эшитишингизни хоҳлаяпти. Жажжи “бўривой”ингиз ёки “қор парча”нгиз саҳнага чиққанда бош томошабин сиз бўлишингиз керак! Яқин инсони томоша қилса, бола бор актёрлик маҳоратини ишга солади. Агар мабодо сиз ва бошқа оила аъзолари ҳам байрамда қатнаша олмасангиз, бу ҳақида кичкинтойни аввалдан огоҳлантиринг, кутиб, интизор бўлмасин. Ота-оналардан бири байрамни видеокамерада суратга тушираётган бўлса, ундан нусха сўраб олинг. Шунда оила даврасида байрамни томоша қилиб, болангизни олқишлаш имкони бўлади.

ФАРЗАНДИНГИЗ МЕҲНАТИНИ ҚАДРЛАНГ!

Бола учун бу байрам жиддий ва маъсулиятли ҳодиса, худди имтиҳон каби. Унга узоқ вақт давомида тайёрланди. Энг асосийси, ҳаяжонининг чеки йўқ. Буни ўзингиз ҳам сезгандирсиз. Кичкинтой эртаю кеч байрами ҳақида гапиради, бир ўзи қолса, шеър ёки қўшиғини хиргойи қилади, чарчаган бўлса ҳам уйқуси келавермайди. Уни қўллаб-қувватланг, у билан фаҳрланишингизни айтинг. Агар томоша вақтида шеърини унутиб қўйса ёки тутилса, эътибор қаратманг. «Сендан кўра Ботир чиройли рақс тушди, Азиз тутилмай шеърини айтиб берди» каби гапларни умуман ишлата кўрманг. Энг ақлли ва энг истеъдодли бола сизники! Буни дилбандингизга айтинг, у буни эшитишга лойиқ! Лекин дўстларини асло камситманг.

ЁДИНГИЗДАН ЧИҚМАСИН, ТОМОШАДА МЕҲМОНСИЗ!

  • Бошқа ота-оналарни ҳам ҳурмат қилинг. ҳамма ҳам ўз боласини суратга туширгиси, унга яқинроқ ўтиргиси келади. Мулоҳазали одамларсиз, келишиб иш тутинг! Катталар ўртасидаги келишмовчилик болаларни саросимага солиб қўяди.
  • Томоша вақтида ҳар бир болани олқишланг. Болангиз шеър ўқиётганида адашиб кетса, тузатманг. Бу ишни мураббий бажаради. Фарзандингизни гуруҳдошлари турткиласа, масалани ҳал қилишга киришманг. Тарбиячи бор, унга имласангиз етарли.
  • Байрам давомида тарбиячи болалар ва ота-оналар иштирокида бирор танлов ёки томоша қўйишни сўраса, қатнашишдан бош тортманг. Фарзандингиз сизнинг фаоллигингиздан илҳомланади, қувонади. Сиз ҳам завқ олишингиз, шубҳасиз!

Дилноза тайёрлади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар