1

САЛЬМА ХАЙЕК: «ДУНЁДАГИ ЭНГ ОМАДЛИ АЁЛ БЎЛСАМ КЕРАК!»

СУҒДИЁНА 15.12.2017, 15:37
Теглар: Машхурлар ҳаёти
САЛЬМА ХАЙЕК: «ДУНЁДАГИ ЭНГ ОМАДЛИ АЁЛ БЎЛСАМ КЕРАК!»

Сентябрь ойида Сальма Хайек 46 ёшини қарши олди. Бир қарашда у ²олливуд меъёрларига тўғри келадиган ташқи қиёфага ҳам эга эмас: бўйи унчалик баландмас, парҳезлардан кўра ширин таомларни хуш кўради, аммо булар унинг таниқли бўлишига ҳалал бермайди. Балки бахт қуши Хайекка муваффақиятнинг сирини шипшигандир?..

Сокин пўртана

Мексика кўрфази қирғоқларида жойлашган Коацакоалькоса шаҳарчасида 1966 йилнинг 2 сентябрида бир қиз дунёга келди. Нефть корхонаси магнати ва опера қўшиқчиси оиласида дунёга келган бу қизчага Сальма деб исм қўйишди (арабчадан таржимаси «сокинлик»). Аммо Сальманинг сокинлиги худди табиий офатни эслатарди. 12 ёшга кирганда отаси уни Луизианадаги (АҚШ) католиклар мактаб-интернатига таълим олишга беради. Аммо зум ўтмай Сальмани бу мактабдан ҳайдашади. Кейинчалик у Мехико институтининг халқаро муносабатлар факультетида ўқиган.

Илон билан олишув

У келажагини фақат кинода кўрарди, шунинг учун бор маҳоратини ишга солиб, ота-онасини бунга кўндирди ҳам.

Режиссёр Роберт Родригес билан танишуви Сальмага илк машҳурликни келтирди. Уларнинг биргаликда ишлаган «Тундан тонггача» («От заката до рассвета») фильми Сальманинг сочига оқ ҳам туширди. Гап шундаки, актриса болаликдан судралувчи жониворлардан ўлгудек қўрқарди. Кинокартинада эса унинг шериги айнан илон эди. Фильмга тайёргарлик кўраркан, актрисанинг биринчи қилган иши зоодўконга бориб, судралувчи жонзотларни соатлаб кузатиш бўлди. Аммо бу ҳеч қандай натижа бермагач, у гипнозчи-эктрасенсга мурожаат қилади. Гипнозчи ўз ишининг устаси эди, Сальма бир неча сеансдан сўнг қўрқувини енгишга муваффақ бўлади.

Муҳаббат

Актриса кейинги фильмида британиялик актёр Эдвард Аттертон билан суратга тушди. «Нотр-Дамлик букри» («Горбун из Нотр-Дама») кинокартинасида суратга тушиш жараёнида улар ўртасида муҳаббат куртак очди. 10 дан ортиқ тилни биладиган Эдвард Сальмадан фарқли ўлароқ, инглиз тилида мукаммал гаплашарди. Афсуски, улар ўртасидаги муҳаббатнинг умри 2 йилга етди. Бироқ айнан мана шу давр Сальманинг таомномасидан гўштни чиқариб ташлади. Чунки Эдвард ўз қарашларидан келиб чиқиб, вегетарианликни танлаган эди. «Ахир қандай қилиб бегуноҳ ҳайвон гўштини ейиш мумкин?!» дерди у. Сальма эса муҳаббати учун ҳамма нарсага тайёр эди. Аммо икки йил ўтиб, Сальма учун севгилисининг фазилатлари камчиликка айланди: «Ақллими? Йўқ, ўлгудай мижғов. Оғир-босиқ? Одам ҳам шу қадар зерикарли бўладими?» «Сенинг томирларингда ёғсиз қатиқ оқади», бу Сальманинг Эдвардга айтган сўнгги гапи эди.

Севги можаролари

Кейинчалик 4 йил давомида Сальма Хайек актёр Эдвард Нортон билан юлдузли жуфтликлар рўйхатидан жой олди. Актриса уни баскетбол матчида учратганди. Кўк кўзли бу йигит шунчалик баланд овозда бақирардики, худди у қанчалик қаттиқроқ бақирса, севимли жамоаси шунча кўп тўп урадигандек… У бақироқлиги билан матч томошасига келган Сальманинг ҳам эътиборини тортди. Бу бақироқ кимлигини билмоқчи бўлган актриса актёр Эдвард Нортонни таниб қолади. Ҳар иккаласининг спортга бўлган қизиқиши севги асарларининг илк сатрларини ёзишга сабабчи бўлади. Айнан шу муносабатлар Сальма ва Ҳолливуднинг яна бир юлдузи Кортни Лав ўртасига совуқчилик туширади. Ҳатто улар дўппослашишгача борди. Бир тадбирда Кортни Сальма ҳақида нохуш гаплар айтади. Буни эшитган Сальма эса ўйлаб ҳам ўтирмай Кортнининг сочларига ёпишади.

Шунга қарамай, Сальма Эдварднинг турмуш қуриш таклифини рад этади. Актриса севгилисидан тўй таклифини олганида «ҳали турмушга чиқиш, фарзанд кўришга тайёр эмасман» дея муносабатларига нуқта қўяди.

Сальма 2006 йили Венецияда француз миллиардери Франсуа-Анри Пино билан танишади. 2007 йилнинг сентябрида эса уларнинг қизалоғи дунёга келади. Сальма қизига Валентина деб исм қўяди.

Омад келтирган фильм

Тўқнашув… темир овози, ҳар томонга сочилган учқунлар… Автобус ва трамвай темир уюмига айланди-қолди. Қутқарувчилар бу бир уюм темир ичида жабрланувчиларни чиқара бошлашади. Улар орасида ёшгина қиз ҳам бор эди. Темир парчаси унинг қорнига кириб, бўкса суякларини майдалаб юборганди. «Фрида» фильмидаги бу воқеалар реал ҳаётдан олинганди. Ўша воқеадан сўнг ўн йиллар ўтиб, бу қизнинг номи инсоният учун сабот ва истеъдод кучи мадҳияси тарзида тилга олинади. «14 ёшимдан бери Фрида Калонинг ҳаётига ошиқ эдим. Албатта у ҳақида фильм суратга олиб, бутун дунё уни билиб, тушунишини орзу қилардим», дейди «Фрида» фильмида бош роль, яъни автоҳалокатга учраган анна шу қиз образини яратган Сальма.

Бу фильмда суратга тушиш учун Сальма лаблари устидаги туклар қалинлашиши учун уларни устарада қириб юради. Юрганда эса табиий равишда оқсоқланиш учун туфлисининг бир пошнасини калталатади. Унинг ҳаракатлари зое кетмади, фильм 6 номинация бўйича, жумладан, бош роль учун ҳам «Оскар» мукофотига сазовор бўлади.

«Машҳурликка эришдимми, демак…»

Сальма Хайек 40 дан ошиқ фильмларда суратга тушган ва уларнинг аксарияти аллақачон кинохитлар рўйхатидан жой олган. У миллиардерга турмушга чиқиб, фарзандли бўлди. Актрисанинг ҳаёт йўлини кузатган киши «Сальма омад сиридан воқиф бўлса керак, фақат буни ҳеч кимга билдиргиси йўқ», деган хаёлга ҳам бориши мумкин. Хайекнинг ўзи эса елкасига бахт қуши қўнганини тан олади: «Ҳоливвуд 40 ёшдан ошганларни ёқтирмайди, боз устига инглизчада шева билан гапираман, сўзларни тўғри танлай билмайман, бўйим ҳам узун эмас, дўмбоққинаман. Шуларга қарамай, машҳурликка эришдимми, демак, дунёдаги энг омадли аёл бўлсам керак, деб ўйлайман!»

Мадина ЛУҚМОНОВА тайёрлади

Шарҳлар

РИЗ УИЗЕРСПУН: «БИРОВЛАРНИНГ ФИКРИ БИЛАН МУВАФФАҚИЯТГА ЭРИШИЛМАЙДИ»

25.11.2017, 08:49

Лора Жинн Риз УИЗЕРСПУН 1976 йилнинг 22 мартида Янги Орлеанда, шифокорлар оиласида дунёга келган. 8 ёшида реклама “юлдузча”си, 16 ёшда кино «юлдуз»и, 22 ёшида оналик...
МИКЕЛЕ ПЛАЧИДО: «КОМИССАР КАТТАНИНИ МЕН ЎЛДИРДИМ!»

20.11.2017, 15:41

Туғилган йили: 1946 йил 19 май Туғилган жойи: Асколи-Сатриано (Италия) Оиласи: турмуш ўртоғи — Федерика Винченти, актриса; фарзандлари — Габриэле (10 ёш), Бренно (25 ёш),...
ЭНГ МАФТУНКОР ВА ЛАТОФАТЛИ АЁЛ — ИРИНА МУРАВЬЁВА

16.11.2017, 13:37

Танидингиз-а, қаҳрамонимиз «Мен дунёдаги энг мафтункор ва латофатли аёлман», дея такрорлагувчи Надя Клюева. Актриса ҳаётда ташқи гўзалликни эмас, самимиятни биринчи ўринга қўювчи аёл. Унинг умр...
КАЖОЛ ВА АЖАЙ ДЕВГАН: «ОИЛАНИНГ БАХТИ ТАРТИБДАН БОШЛАНАДИ!»

15.11.2017, 17:05

Кажол ва Ажай! Бу икки қиёфа бир-бирини тўлдириб турадигандек. Агар яхшилаб разм солсангиз, чеҳраларидаги ўхшашлик ҳам яққол кўзга ташланади. Энг қизиғи, бу оила ҳақида фақат...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1